Европа Иттифоқи давлатларида яшовчи ҳар тўрт боладан бири қашшоқлик ва ижтимоий четланишга дуч келмоқда. Бу маълумот Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси – UNICEF томонидан тайёрланган “Европа Иттифоқидаги болалар ҳолати” ҳисоботида келтирилган. Ҳужжатда айни кўрсаткич 2019 йилга нисбатан қарийб бир миллионга ўсгани қайд этилган.
Таъкидланишича, 2015-2019 йилларда қашшоқлик хавфи 3,1 фоиз камайган бўлса-да, COVID-19 пандемияси, инфляция ва бошқа иқтисодий муаммолар туфайли бу рақам яна ошган.
Ташкилот маълумотига кўра, Европа болалари олдида турган асосий муаммо руҳий саломатлик ва атроф-муҳит ифлосланиши, шунингдек, рақамли технология ривожланиши билан боғлиқ.
ЕИ дунёнинг энг фаровон минтақаларидан бири сифатида тан олинса-да, қашшоқлик ва ижтимоий четланишнинг юқори даражаси, руҳий саломатлик муаммоси, атроф-муҳит таъсири ва турли онлайн хатарлар миллионлаб болаларни имкониятдан маҳрум қилмоқда, ёш авлод салоҳиятини хавф остига қўймоқда.
Г.Сатторова, ЎзА
- Қўшилди: 23.02.2024
- Кўришлар: 1762
- Чоп этиш