Афғонистонда Навоий ва Бобур таваллуд куни нишонланди
Афғонистонда ўзбек, форс, инглиз ва пушту тилида чоп этиладиган “Salam Watandar” газетаси саҳифаларида Бадахшон вилоятида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд аёми муносабати билан бўлиб ўтган тадбир тафсилоти ёритилди.
Нашр тадбирда туркий халқлар фахри – “шамсу-л-миллат”, жаҳон адабиёти хазинасини ўзининг ҳассос шеърлари, буюк “Хамса”си билан бойитган Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳамда туркий адабиётнинг яна бир забардаст вакили, чин маънодаги сўз заргари, “Бобурнома”дек маҳобатли асар муаллифи, Навоийни устозим, дея улуғлаган Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун муносабати билан буюк шахслар шеъриятидан намуналар ўқилгани, улар ижоди, ҳаёт йўли хотирлангани таъкидланган.
Мақолада мумтоз адабиёт тарихида бу икки улуғ сиймо ижодини ўрганиш чинакам инсон ҳаёти қандай бўлиши кераклиги ҳақида етарли тасаввурга эга бўлиш мумкинлиги ҳақида сўз боради. Аслида, бу икки зот ижоди ўзга-ўзга олам, бинобарин, уларни бирлаштириб тургувчи нозик нуқта ҳам бор: туркий тилда шеър, сўз айта олиш, туркий тил нафосатини кўз-кўз қилиш санъати...
– Алишер Навоий ва Бобур ижоди таҳлили, тадқиқоти, улар илгари сурган ғоялар нафақат ўзбеклар, балки жаҳон халқлари учун ҳам улкан илмий-маданий бойликдир, – деди Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маданий ишлар бўйича масъули Муҳаммадсобир Туркистоний “ЎзА” мухбирига. – Афғонистон ўзбеклари қадриятларимиз билан боғлиқ айёмларни аввал ҳам ўтказган, ҳозир ҳам, келажакда ҳам ўтказади. Зеро, Навоий бобомиз Ҳиротда туғилган. Демак, ул зот Афғонистоннинг ҳам, Ўзбекистоннинг ҳам фарзанди. Буюк ватандошимиз хотирасини ёд этиш, меросини асраш бурчимиз.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА
- Қўшилди: 12.02.2024
- Кўришлар: 1891
- Чоп этиш