Хавф остидаги Стоунҳенж – Англияда қадимий ёдгорлик ёнида ерости йўли қурилиши мумкин

Англиянинг жанубида жойлашган 5 минг йиллик тарихга эга Стоунҳенж тарихий ёдгорлиги яқинида ерости магистрали қуриш лойиҳаси бир неча ўн йиллардан бери муҳокамаларга сабаб бўлиб келади. Лойиҳа муаллифлари агар туннел қурилса, тирбандликлар камайиб, қулайлик пайдо бўлишини иддао қилса, қаршилик билдираётганлар бу тарихий ёдгорликка хавф солишидан хавотирда эканликларини айтади.

Стоунҳенж тарихий ёдгорлиги — инсоният тарихидаги энг қадимий ва машҳурларидан бири. 5 минг йиллик тарихга эга ноёб тошлар айланасининг биринчи қатлами неолит даврида қурилган. Бронза асрининг илк даврларида эса Стоунҳенж ёдгорлигига туташ ҳудудларда мозорлар ҳам қурилган.

 

1986 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилгандан буён Англиянинг жанубида жойлашган бу ёдгорликка йилига 1 млн киши ташриф буюради.

Англияда узоқ йиллардан бери Стоунҳенж ҳудудидан ерости йўли қуриш масаласи муҳокама қилиб келинади. Бу лойиҳани Буюк Британия тарихидаги қурилиш соҳасидаги энг зиддиятлиси деб ҳам аташади.

Феврал ойида Олий суд судяси Англиянинг жануби-ғарбидаги Уилшир шаҳридаги бутунжаҳон маданий мероси бўлган Стоунҳенж объекти остидан ерости йўли ўтказиш режасига қарши қонуний даъвони рад қилди. Бу мамлакат тарихидаги энг зиддиятли қурилишнинг бошланишига сабаб бўлиши мумкин.

"Бу Буюк Британия учун қора кун бўлди", дейди Стоунҳенж алянси раиси Жон Адамс.

"Тасаввур қилиб кўринг-а, Мирс пирамидалари устидан айланма йўл қурилса, ёки Версал боғларининг бир бурчагида эстакада қуришмоқчи эканликларини эшитсак, қанчалик ғалати бўлар эди", дейди у.

Ерости йўли машмасаси узоқ вақтдан бери давом этаётган достон, илк марта туннел қуриш таклифи 1990 йилларда таклиф қилинган. Шундан буён қурилиш учун тахминий харажатлар 2,5 млрд фунт стерлинггача ўсди. Буюк Британия автомил йўллари миллий агентлигининг қайд этишича, агар ерости йўли қурилса, Стоунҳенж ёнидан ўтган А303 магистрал йўлининг тирбандлиги камайтирилади. А303дан ўтувчилар шундоққина Стоунҳенжнинг ёнидан ёдгорликни бемалол томоша қилиб ўтишлари мумкин.

Қурилиш амалга ошса, асосий магистрал ер остига кўчирилади, бу ҳозирги автомобил йўли ва тошлардан бироз нарироққа тўғри келади ва унинг ўрнига пиёдалар, вело ва от минувчилар учун йўлаклар қилинади. Миллий қўмитага кўра, бу тарзда ташриф буюрувчиларнинг саёҳатлари сифати яхшиланади.

Бироқ ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий ёдгорлиги яқинида туннел қурилишини қоралаган. Ташкилотнинг маълум қилишича, Стоунҳенж ҳали тўла қазиб ўрганилмаган қимматли ландшафт ҳисобланади. Шунинг учун ЮНЕСКО уни хавф остидаги бутунжаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритиши мумкин.

- Туннел қурилишига қаршилик намойиши.

Шунингдек, экофаоллар ерости йўл қурилиши Стоунҳенж ҳайвонот ва набототига ҳам зарар етказиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech