Европа кенгаши қарорига кўра, Урсула фон дер Ляйен, Антониу Кошта ва Кая Каллас Европа Иттифоқидаги асосий лавозимларни эгаллайди. Энди уларнинг номзодлари Европарламент томонидан тасдиқланиши керак.
Уларнинг номзодларини маъқуллаш учун кенгайтирилган малакали кўпчилик деб аталувчи вакилларнинг қўллаб-қувватлаши зарур эди. Бунга бир вақтнинг ўзида иккита шартни бажариш орқали эришилади: 27 аъзо давлатдан Европа Иттифоқи аҳолисининг камида 65 фоизини ташкил қилувчи 20 таси (72 фоиз) таклиф учун овоз бериши керак.
Бундан олдин Брюсселда Италия бош вазири Жоржа Мелони номзодларни кўрсатиш жараёнига жалб этилмаганидан норози экани маълум бўлган эди. Назарий жиҳатдан, у фон дер Ляйен, Кошта ва Калласга қарши овоз бериши мумкин эди, уларнинг номзодлари битта пакетда овозга қўйилган. Corriere della Sera маълумотига кўра, у ҳар бир номзод бўйича овоз олишни ва фақат фон дер Ляйенга овоз беришни мақсад қилган.
Кейинги босқич: Европарламентда овоз бериш
Энди бўлажак лидерлар яна бир тўсиқни енгиб ўтиши керак: янги Европа парламенти уларнинг номзодларини ва янги Европа комиссарларини тасдиқлаши керак. 720 ўринли янги парламентда 190 ўринга эга бўлган Европа Иттифоқининг энг йирик сиёсий блоки бўлган Европа халқ партияси аксарият депутатлари фон дер Ляйенни қўллаб-қувватлаши кутилмоқда, аммо у бошқа партиялар ва Европарламент депутатлари ярмидан кўпи қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлади.
Янги чақириқ Европа парламентининг биринчи сессияси 16-19 июл кунлари Страсбургда бўлиб ўтади.
Kun.uz
- Қўшилди: 28.06.2024
- Кўришлар: 1339
- Чоп этиш