Кеча бошланган Европа парламенти сайлови тўрт кун давом этади, натижа Европа Иттифоқининг яқин беш йиллик сиёсатини белгилаб беради.
Сайлов ЕИ таркибидаги 27 мамлакатда ўтади, тахминан 373 миллион киши овоз бериши керак. Ушбу сиёсий тадбирнинг дастлабки натижаси якшанба куни оқшом овоза қилинади.
Европарламентдаги мавжуд 720 ўрин учун кўҳна қитъанинг қарийб 200 га яқин партияси курашмоқда. Янги таркибнинг илк сессияси июль ойи ўрталарига режалаштирилган.
Овоз беришни 6 июнда нидерландияликлар бошлаб берди. Бугун Ирландия ва Чехияда сайлов бўлиб ўтади. Шанба куни Латвия, Мальта, Словакия ҳамда иттифоқнинг учинчи йирик аъзоси Италия фуқаролари ўз танловини билдиришади. Бошқа аъзо мамлакатлар учун сайлов куни – 9 июнь.
Якшанба оқшоми Брюсселда миллий сайловларнинг дастлабки натижалари пайдо бўла бошлайди, ярим тунга келиб, Европарламентнинг янги таркиби эълон қилиниши мумкин.
Мазкур сайлов Еврокомиссия раҳбарлигига асосий даъвогар – Урсула фон дер Ляйен учун ҳам синовли тадбир ҳисобланади, чунки унинг қайта сайланишини 720 депутатдан камида 361 нафари маъқуллаши керак. Шундан кейин уни Евроиттифоққа аъзо мамлакатлар етакчилари ҳам тасдиқлаши зарур. Урсула фон дер Ляйен 2019 йил Еврокомиссия раҳбарлигига сайланган биринчи аёл сиёсатчидир.
Тузилманинг ижро органи – ЕК раиси ҳар беш йилда ўтадиган сайловдан кейин тайинланади. Таркибга раисдан ташқари 26 нафар еврокомиссар, ҳар бир аъзо мамлакатдан бир вакил киритилади.
ЕК янги қонунлар ва директиваларни таклиф қилади, ваколати доирасида ЕИ умумий сиёсатини бошқаради, бюджетни шакллантиради, Европа қонунчилигига амал қилинишини таъминлайди.
Сайловдан сўнг Европа Кенгаши янги раҳбари ҳам сайланади. ЕК президенти саммитда Евриттифоқ мамлакатлари раҳбарлари томонидан кўпчилик овоз билан 2,5 йилга сайланади, бу муддат бир марта 2,5 йилга узайтирилиши мумкин. Саммитда ЕК раҳбарини сайлаш ЕИ Кенгашига раислик қилувчи мамлакат томонидан мувофиқлаштирилади – бу йил айни масъулиятни Бельгия бажариши эҳтимоли юқори.
Европа Кенгаши президенти лавозими 2009 йилга келибгина расмий ва доимийлик касб этди.
Европа Кенгаши раҳбари Европа Иттифоқи саммитларини ташкил қилади ва анжуманларга раислик қилади. Бошқа Европа институтлари билан энг юқори даражада ҳамкорликни таъминлайди, жорий кун тартибидаги асосий масалалар бўйича қитъа етакчилари умумий позициясига эришиш учун воситачилик қилади, ташқи сиёсат, хавфсизлик билан боғлиқ масалалар бўйича халқаро майдонда ЕИни энг юқори даражада ифодалайди.
Бу йил мамлакатимиз Европа Иттифоқи билан муносабат ўрнатганига 30 йил тўлади. Ўтган давр мобайнида икки томонлама алоқа турли соҳада кенгайиб борди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги йилларда ЕИ билан мавжуд ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди. Шу маънода айтиш жоиз, Европа Иттифоқи Ўзбекистонда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар йўлини қўллаб-қувватлашини ҳар доим таъкидлаб келади. Ўтган йил Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш миқдори ўртача 11 фоиз ўсиб, 5,13 миллиард еврога етгани ҳам ушбу фикримизга яққол далил. Қувонарлиси, савдо муносабатида Ўзбекистон рақобатбардош маҳсулотлари билан кўҳна қитъа бозорига тобора дадил кириб бормоқда. Европа парламентининг янги таркиби шакллантирилгандан кейин Иттифоқ билан ҳамкорлик янада мустаҳкамланиши шубҳасиз.
С.Раҳимов, ЎзА
- Қўшилди: 08.06.2024
- Кўришлар: 1666
- Чоп этиш