Озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг асосий кўрсаткичи февраль ойида яна пасайди. Айни ҳолат кетма-кет етти ойдан буён кузатилмоқда. Бинобарин, шакар ва гўшт нархи сезиларли равишда ошди, дейилган БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) эълон қилган ҳисоботда.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг халқаро бозордаги ҳар ойлик нархини кузатиб бораётган ФАО ташкилоти индекси февралда нарх январга нисбатан 0,7 фоиз, ўтган йилнинг шу ойига қараганда 10,5 фоиз пасайганини кўрсатди.
Дон маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги савдоси бу йил ўтган йилга кўра 1,3 фоиз ошади. Экспертлар ушбу ижобий ўзгаришни Украинанинг маккажўхори экспорти ва Хитой томонидан харид талаб ошиши билан изоҳламоқда.
Қулай об-ҳаво шароити жаҳоннинг энг йирик экспортчиларидан бири бўлган Россия Федерациясида бу йил буғдой етиштириш, шунингдек Хитой, Ҳиндистон ва Покистонда ҳам яхши ҳосил олиш имконини беради. Қолаверса, маккажўхори экспорти нархи Жанубий Америкада юқори ҳосил кутилаётгани ва Украина томонидан таклиф қилинадиган арзон нарх туфайли тушиб кетмоқда. Февраль ойида гуруч жаҳон миқёсида 1,6 фоиз арзонлашгани келтирилган.
Нарх пасайиши ўсимлик мойида ҳам кузатиляпти. Масалан, февраль ойида нарх индекси январь ойига нисбатан 1,3 фоиз, 2023 йил февралдаги қийматидан 11 фоиз камайган. Айниқса, соя ёғи нархи сезиларли даражада пасайиб кетган. Бунга Жанубий Америкада ҳосил кўпайиши истиқболи имкон яратади. Февраль ойида глобал пальма ёғи нархи ишлаб чиқариш мавсумий пасайиши туфайли бир оз кўтарилди.
Дон маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги нархи мунтазам тушиб бораётганига қарамай, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашгани ҳам экспертлар назаридан четда қолмади. Масалан, мутахассислар сут маҳсулотлари кейинги пайт бироз ошганини қайд этган. Индекс 1,1 фоиз кўтарилишига осиёлик харидорларнинг сариёғга талаби ортгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Қуруқ сут ва пишлоқ нархи ҳам бирмунча юқорилаган.
Сезиларли кўтарилиш гўшт маҳсулотларида қайд этиляпти. Январь ойига нисбатан февралда гўшт 1,8 фоиз қимматлади. Дарвоқе, энг кўп ўсиш парранда ва мол гўшти нархида кузатилди. Бунга кучли ёмғир ва Австралияда ҳайвонларни ташишда кузатилган узилиш сабаб қилиб кўрсатилган.
Ўтган йил Бразилияда ёғин кутилганидан кам ёғди. Шундан келиб чиқиб, шакар ишлаб чиқариш кўрсаткичи пасайиши кутиляпти. Бундай прогноз, табиийки, маҳсулотга талабни оширади. Айни хавотир туфайли февраль ойида шакар нархи индекси 3,2 фоиз ошгани таъкидланган. Қолаверса, Таиланд ва Ҳиндистонда ишлаб чиқариш камайиши эҳтимоли хусусидаги тахмин ҳам шакар нархига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
С.Раҳимов,
ЎзА
- Қўшилди: 12.03.2024
- Кўришлар: 1751
- Чоп этиш