Дўстлик – тинчлик ва фаровонлик калити

30 июль – Халқаро дўстлик куни

 

Дўстлик масофа танламайди, тил, дин ёки ирқ билан чегараланмайди. У нафақат инсонларни, шунингдек халқларни ва давлатларни ҳам ўзаро ҳурмат, ишонч асосида бирлаштиради. Шу сабабли қатор халқаро тузилмалар, жумладан БМТ фаолиятининг туб негизида халқлар аро дўстликни мустаҳкамлаш мақсади мужассам.

Нью-Йорк шаҳрида жойлашган БМТ бош биносининг учрашувлар ва музокаралар залига кирсангиз, қўлда тўқилган, бежирим гиламга кўзингиз тушади. Унда Саъдий Шерозийнинг қуйидаги мисралари форс ва инглиз тилларида ёзилган:

 

Бир-бирин мучаси бор барча киши –

Битта гавҳардандир яратилиши.

Бирор муча бўлса оғриққа дучор,

Бошқа аъзоларда қолмагай қарор.

Ўзгалар ҳақида чекмагучи ғам,

Нечук саналади қатори одам.

 

Бундан бир неча аср илгари ёзилган ушбу мисралар, айтиш мумкинки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий маслагини тўла акс эттира олади. Шоир таъкидлаганидек, ягона “гавҳар”дан яратилган, демакки, тақдири бир-бирига чамбарчас боғлиқ инсонларни, миллатлар, элатлар, халқлар ва давлатларни беғараз дўстлик ришталари орқали бирлаштириш БМТнинг энг асосий мақсадлари сирасига киради.

Ташкилот томонидан қабул қилинган қатор қарорлар, жумладан 2011 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 65-сессиясида тасдиқланган Халқаро дўстлик куни тўғрисидаги резолюция айни мақсадларга хизмат қилади. Резолюцияда инсонлар, халқлар, давлатлар – умуман олганда жамиятнинг турли қатламлари ҳамда тузилмалари ўртасидаги дўстликнинг, ҳамкорликнинг аҳамияти алоҳида қайд этилган.

“Халқлар, давлатлар, маданиятлар ва инсонлар ўртасидаги дўстлик тинчликни таъминлаш билан боғлиқ ҳаракатларга илҳомлантириши мумкин ва маданий хилма-хилликни ҳурмат қиладиган жамиятлар ўртасида кўприклар ўрнатиш имкониятини тақдим этади”, – дейилади мазкур ҳужжатда.

Мамлакатимизда ҳам 30 июль – Халқаро дўстлик куни (International Day of  Friendship) сифатида кенг нишонланади.

Аслини олганда, дўстга садоқат, бирдамлик каби эзгу туйғулар халқимиз орасида қадрият даражасига кўтарилган.

Азал-азалдан ота боболаримизнинг ўгитларида, мақол ва ҳикоятларда, шунингдек шоиру донишмандларимизнинг асарларида дўстлик туйғуси улуғланган, таъбир жоиз бўлса, бундай дунёқараш асрлар давомида қон-қонимизга сингиб кетган. Пойтахтимиздаги Миллий боғда қад ростлаган Алишер Навоий ҳайкали тепасидаги гумбаз остига шоирнинг қуйидаги мисралари зарҳал ҳарфлар билан битилгани ҳам бежиз эмас, албатта:

 

Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш!

 

Бир сўз билан айтганда, халқимиз азалдан ардоқлаган дўстлик – мақсадларни муштарак этувчи, тинчликни таъминловчи ришта. Халқаро дўстлик кунининг кенг миқёсда нишонланиши бу риштани янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

ФАРҲОД НИЗОМОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech