Жамоатчилик кенгаши тўғрисида НИЗОМ

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

  1. Мазкур Низом Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг (кейинги ўринларда – Жамоатчилик кенгаши) асосий вазифалари, ваколатлари ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
  2. Жамоатчилик кенгаши ўз иишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш ва эксперт органи ҳисобланади.
  3. Жамоатчилик кенгаши ва унинг таркиби Марказ директорининг буйруғи билан ташкил этилади.
  4. Жамоатчилик кенгашининг қарорлари тавсиявий хусусиятга эга.
  5. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисида Низомга, мазкур Низомга ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига амал қилади.
  6. Жамоатчилик кенгаши тўғрисида Низом ва унга киритиладиган ўзгартишлар ва қўшимчалар Марказ директорининг буйруғи билан тасдиқланади.

 

2-боб. Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

 

  1. Қуйидагилар Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Марказ фаолиятида ва Марказ томонидан ёки унинг иштирокида ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек, давлат дастурларида жамоатчилик манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонун ҳужжатлари талаблари ижросини таъминлаш, Марказ зиммасига юкланган ҳамда ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахл қилувчи вазифалар ва функцияларни бажариш, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқариш бўйича Марказ ва Марказ мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

Марказнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун Марказни фуқаролар билан боғлаб турадиган «кўприк» ролини бажариш;

Марказга нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан келиб тушган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни баҳолаш;

Марказнинг фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан фаолияти ҳақида жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, социологик сўровлар ўтказиш, жумладан уларни ахборот-коммуникatsiя технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;

Марказ фаолиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар устидан мониторинг ва таҳлил ўтказиш, шунингдек, уларнинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлаш;

Марказ фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни мониторинг қилиш, уларни янада кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Марказнинг расмий веб-сайтида жамоатчилик кенгаши фаолияти билан боғлиқ очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларни жойлаштириб бориш ҳамда уларнинг ҳар чоракда янгиланиб борилишини таъминлаш;

Марказ фаолиятини ислоҳ қилишда фуқаролар иштирок этиши учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш ва уларни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Марказ фаолияти бўйича фуқаролар ўртасида ўтказиладиган тушунтириш ишлари ва маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

Марказ ходимлари ва улар оилаларининг уй-жой, ижтимоий-маиший, хизмат шарт-шароитларини, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш шароитларини, шунингдек, ишдан бўшатилган ёки захирага олинган ходимларни ижтимоий ва касбий мослаштириш бўйича муаммоларни комплекс таҳлил қилиш ҳамда таҳлил якунлари бўйича мазкур шароитларни яхшилаш юзасидан таклифлар киритиш.

  1. Жамоатчилик кенгаши ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

Марказ фаолиятига доир масалалар юзасидан фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ташаббуслари ҳамда мурожаатларини кўриб чиқишда иштирок этади, шунингдек, уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича Марказга тегишли таклифлар киритади;

Марказнинг фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини таҳлил қилади, шунингдек, ҳамкорликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

Марказ фаолиятига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, улардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, шунингдек, киритилган таклифларни Марказ ходимлари ўртасида муҳокама қилишга бағишланган тадбирларни ташкил этишда қатнашади;

давлат дастурлари лойиҳаларини, тадбирлар режаларини ва Марказ фаолиятига тааллуқли, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар тайёрлайди, қабул қилинган дастурларни амалга оширишда ваколатлари доирасида иштирок этади, бажарилган ишларнинг самарадорлигини таҳлил қилади, шунингдек, йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

Марказга нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан келиб тушган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни кўриб чиқади;

Марказ раҳбарияти ва ходимларининг фуқаролар билан учрашувларини, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ишларни ташкил этишда, шу жумладан жойларга бориб ташкил этишда қатнашади, уларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг ўтказади;

Марказ ходимлари ва улар оилаларининг уй-жой, ижтимоий-маиший, хизмат шарт-шароитларини, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш шароитларини яхшилашда, шунингдек, ишдан бўшатилган ходимларни ижтимоий ва касбий мослаштириш муаммоларини ҳал этишда кўмаклашади;

ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалалари бўйича Марказ ходимлари ўртасида кенг тушунтириш ишларини ташкил этади;

Марказда соғлом ишчанлик муҳитини ривожлантириш, қонунийликни, юксак ҳуқуқий маданият ва ахлоқийликни таъминлаш, ходимларда Ватанга содиқлик руҳини ва қонунларга бўлган ҳурматни кучайтириш, уларни ижтимоий, сиёсий, руҳий ва маънавий-маърифий камол топтириш, шунингдек, мазкур соҳадаги илмий-маърифий ва ўқув адабиётларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

мамлакатда ва хорижда кенг жамоатчиликни Марказ фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳақида мунтазам равишда хабардор қилишни таъминлайди ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

Марказ фаолиятига бағишланган илмий-назарий ва илмий-амалий конференциялар, семинарлар, давра суҳбатларини ташкил этишда иштирок этади;

Марказ фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича бажарилаётган ишларнинг натижаларини таҳлил қилади, уларнинг самарадорлигини ошириш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлик қилади.

  1. Жамоатчилик кенгаши зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Марказ томонидан ташкил этиладиган бўлажак очиқ ҳайъат мажлислари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисидаги ахборотни олдиндан олиш ҳамда мазкур тадбирларда иштирок этиш;

Марказ бинолари (хоналари) ва бошқа объектларини Марказ томонидан белгиланган тартибда бориб кўриш;

Марказ раҳбарлариятига жамоатчилик кенгаши ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклифлар киритиш;

Марказ фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун зарур бўлган Марказнинг ахборотлари, статистика ва бошқа материалларини белгиланган тартибда олиш;

Марказнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида, Марказ томонидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасини таъминлашда иштирок этиш;

жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларига Марказ томонидан берилган жавобларнинг сифатини танлаб олган ҳолда таҳлил қилиш;

Марказ ходимларининг розилиги билан уларнинг уй-жой, ижтимоий-маиший ва хизмат шарт-шароитлари билан танишиш;

Жамоатчилик кенгаши мажлисларида муҳокама қилинадиган масалаларни ёритиш бўйича оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;

юклатилган вазифаларни бажариш учун конференциялар, форумлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш.

Жамоатчилик кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

  1. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини амалга оширишда қуйидаги мажбуриятларни бажаради:

жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

Марказ фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга амал қилиш;

Марказ ва унинг мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслик;

Марказ ва унинг мансабдор шахслари фаолият кўрсатиши учун тўсқинлик қилмаслик;

фуқароларнинг ор-номуси ва қадр-қимматини таҳқирлашга, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслик;

жамоатчилик назоратини амалга ошириш давомида олинган ахборотнинг, агар бундай ахборотни тарқатиш қонун билан чекланган бўлса, махфийлигига риоя қилиш.

Жамоатчилик кенгашининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

 

3-боб. Жамоатчилик кенгашининг таркибини шакллантириш ва ишини ташкил этиш тартиби

 

  1. Жамоатчилик кенгашининг таркибига унинг раиси, котиби ва аъзолари киради.
  2. Жамоатчилик кенгаши аъзолигига нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, таълим ташкилотлари вакиллари, жамоатчилик фаолияти соҳаларида катта амалий тажрибага эга обрў-эътиборли фуқаролар, шунингдек, Марказда намунали хизмат кўрсатган меҳнат фахрийлари қабул қилинади. Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг сони чекланмаган.
  3. Жамоатчилик кенгашининг таркиби Марказ директорининг буйруғи билан ҳар 3 йилда тасдиқланади.
  4. Қуйидаги ҳолатларда жамоатчилик кенгашининг раиси, котиби ва аъзолари унинг таркибидан чиқарилиши мумкин:

улар томонидан жамоатчилик кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берилганда;

жамоатчилик кенгашининг мажлисларида мунтазам равишда иштирок этмаганда, мазкур Низомнинг 10-бандида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганда;

уларга нисбатан чиқарилган суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

вафот этганда, шунингдек, суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида улар муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилганда.

  1. 15.Жамоатчилик кенгашининг тасдиқланган аъзолари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, уларнинг алоқа маълумотлари (телефон, почта ва электрон манзиллари) ва уларга киритилган ўзгартишлар улар тасдиқланган пайтдан бошлаб 5 кун ичида Марказнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
  2. 16. Жамоатчилик кенгашининг раиси:

жамоатчилик кенгашининг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

жамоатчилик кенгашининг мажлисларини чақиради ва кун тартибини белгилайди;

жамоатчилик кенгашининг мажлисларида раислик қилади;

жамоатчилик кенгашининг иш режасини, мажлиси баённомасини ва бошқа ҳужжатларини тасдиқлайди;

жамоатчилик кенгаши қарорларининг ижросини назорат қилади;

жамоатчилик кенгаши аъзоларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажарилишини мувофиқлаштиради;

Марказнинг расмий веб-сайтида ва бошқа ресурсларда жойлаштириладиган жамоатчилик кенгашининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар таркиби бўйича таклифлар киритади ва уни Марказ директори билан келишади;

жамоатчилик кенгаши қарорларини бажариш масалалари юзасидан Марказ директори билан ҳамкорлик қилади;

жамоатчилик кенгашининг самарали ишини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

  1. 17.Жамоатчилик кенгашининг раиси бўлмаган тақдирда, унинг ваколатлари ва мажбуриятларини Кенгаш аъзоларидан бирига юкланади.
  2. 18. Жамоатчилик кенгашининг котиби:

жамоатчилик кенгашининг фаолиятини услубий, ташкилий-ҳуқуқий ва ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;

жамоатчилик кенгашининг навбатдаги мажлисига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, Марказ ходимларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади;

кун тартибига мувофиқ жамоатчилик кенгаши мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

жамоатчилик кенгаши ўтказиладиган сана, жой ва таклиф этиладиган шахслар рўйхатини жамоатчилик кенгашининг раиси билан келишади;

жамоатчилик кенгашининг аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни жамоатчилик кенгаши мажлиси ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида хабардор қилади;

жамоатчилик кенгаши қарорларининг ижро этилиши устидан мониторинг олиб боради ва унинг натижаларини жамоатчилик кенгаши мажлисида кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритади;

жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомасини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённоманинг жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларга жўнатилишини таъминлайди;

жамоатчилик кенгашининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

  1. 19.Жамоатчилик кенгашининг аъзолари ўз мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқаларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.

Жамоатчилик кенгашининг мажлисида иштирок этиш имкони бўлмаган ҳолатларда, унинг аъзоси мажлис кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикрини ёзма шаклда юбориши мумкин. Бунда унинг фикри мажлисда кўриб чиқилади ва овоз беришда ҳисобга олинади.

Жамоатчилик кенгашининг аъзолари:

ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш учун Марказ томонидан ташкил этиладиган мажлисларда ва бошқа оммавий тадбирларда иштирок этади;

жамоатчилик кенгаши иш режаларининг лойиҳаларини тайёрлайди, уларни жамоатчилик кенгашида кўриб чиқиш учун киритади ва тасдиқланган иш режалари бажарилишини таъминлайди;

Марказ фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда қатнашади;

Марказ ходимлари, уларнинг оила аъзолари билан учрашувлар ўтказади ва уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича таклифларни жамоатчилик кенгашига киритади;

жамоатчилик кенгашининг кун тартибига киритилган масалалар юзасидан таҳлилий материаллар тайёрлайди;

жамоатчилик кенгашининг ваколатига кирадиган масалалар билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқади ва натижалари бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлайди;

жамоатчилик кенгашининг зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

  1. 20.Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг асосий масалалари унинг мажлисида кўриб чиқилади. Жамоатчилик кенгашининг мажлиси унинг иш режалари асосида, қоида тариқасида, ҳар чоракда чақирилади.

Жамоатчилик кенгашининг раиси жамоатчилик кенгаши аъзоларининг учдан бир қисмининг ёзма мурожаати асосида унинг навбатдан ташқари мажлисини чақириши мумкин.

Жамоатчилик кенгашининг йиғилишлари ва кун тартибидаги масалалар марказнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши шарт.

  1. 21.Жамоатчилик кенгашининг мажлисларига бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари таклиф этилиши мумкин.
  2. 22.Жамоатчилик кенгаши мажлиси кун тартибининг лойиҳаси котиб томонидан жамоатчилик кенгаши аъзоларининг таклифлари ва жамоатчилик кенгаши раисининг топшириғи асосида шакллантирилади.
  3. 23. Жамоатчилик кенгашининг мажлисини унинг раиси олиб боради. Раис иштирок эта олмаган ҳолатларда, мажлисни кенгаш аъзоларидан бири олиб боради.

Жамоатчилик кенгашининг мажлисида Марказ директори, унинг ўринбосарлари ва бошқа ходимлар иштирок этиши мумкин.

  1. 24. Жамоатчилик кенгашининг мажлиси, агар унда жамоатчилик кенгаши аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Мажлисни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, жамоатчилик кенгашининг янги мажлиси ўтказиладиган сана эълон қилинади.

  1. 25.Жамоатчилик кенгашининг қарори мажлисда иштирок этаётган жамоатчилик кенгаши аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
  2. 26. Жамоатчилик кенгашининг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўзининг фикрини ёзма шаклда ифодалашга ҳақли. Унинг фикри жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомасига мажбурий тартибда қўшиб қўйилади.
  3. 27. Жамоатчилик кенгашининг мажлисида қабул қилинган қарор баённома билан расмийлаштирилади. Жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомаси котиб томонидан имзоланади, мажлисга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади ва уч кун муддатда Марказга, жамоатчилик кенгаши аъзоларига ва манфаатдор шахсларга юборилади.
  4. 28.Жамоатчилик кенгашининг қарорини тезлик билан қабул қилиш зарурияти туғилганда, унинг раиси ташаббуси билан қарор жамоатчилик кенгашининг аъзолари билан келишилган ҳолда сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.

Марказ жамоатчилик кенгашининг қабул қилган қарорига қўшилмаган ҳолларда, жамоатчилик кенгашининг қарорини олган кундан бошлаб ўн кундан кечикмай унга асослантирилган эътирозини ёзма шаклда юборади.

  1. 29.Жамоатчилик кенгашининг котиби кенгаш аъзолари кўмагида жамоатчилик кенгаши қарорлари ижросининг боришини ўрганади ва кўриб чиқади, зарур бўлган ҳолларда, жамоатчилик кенгашининг раисига тегишли таклифлар киритади.

 

4-боб. Якунловчи қоидалар

 

  1. 30.Жамоатчилик кенгашининг фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Марказ томонидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
  2. 31. Жамоатчилик кенгашининг фаолияти унинг Низомига ва Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ эканлиги Марказ директори томонидан назорат қилинади.
  3. 32. Жамоатчилик кенгашининг ва Марказ директорининг жамоатчилик кенгаши фаолияти билан боғлиқ қарорлари устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech