НОГИРОНЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ: миллий ва халқаро ёндашувлардаги ўзаро муштараклик

Жорий йил 17 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони матбуотда эълон қилинди. Ушбу ҳужжат 2022 йил 28 январда тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” ижроси доирасида ишлаб чиқилган.

Бунга қадар, Ҳаракатлар стратегияси доирасида, жумладан,  Президентимиз томонидан 2021 йил 25 мартдаги “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги фармон, 2021 йил 27 ноябрда “Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти ҳамда болаларга ногиронликни белгилаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинган ва ижрога йўналтирилган.

 Ногиронлик муаммолари бўйича Глобал саммит

 2022 йил 16-17 февраль кунлари Ногиронлик муаммолари бўйича Глобал саммит бўлиб ўтди. Ушбу халқаро анжуман Норвегия ва Гана ҳукуматлари ҳамда Ногиронлик муаммолари бўйича халқаро альянс томонидан онлайн шаклда ташкил этилди.

Ногиронлик муаммолари бўйича Глобал саммитда имконияти чекланган инсонлар ҳаётида аниқ ва амалий ўзгаришлар юз беришига хизмат қиладиган инклюзив тараққиёт талабларини татбиқ этиш истиқболлари муҳокама қилинди. Бунда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларидан келиб чиқилди.

Барқарор ривожланишнинг 17-мақсадига эришиш учун саккиз йилдан озроқ вақт қолмоқда. Шунинг учун, бу борада қўлга киритилган натижаларга таянган ҳолда, ушбу мақсад доирасида белгиланган инклюзив тараққиётни кенгайтириш бўйича мажбуриятларни бажариш лозим.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилишнинг бир қатор устувор йўналишларини илгари сурди. Хусусан, Бош котибнинг фикрича, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамма жойда ҳар қандай имкониятлардан тенг фойдалана олишига шароит яратиш учун инвестициялар зарур. Бу эса катта миқдордаги молиялаштиришни тақозо этади.

Саммитни Норвегия Бош вазири Йонас Гар Стёре очар экан, мазкур халқаро анжуман бутун дунёдаги имконияти чекланган инсонлар ҳаётини яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатларимизни фаоллаштиришга йўл очишини таъкидлади. Зеро, бугунги кунда дунё аҳолисининг қарийб 15 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этмоқда. Коронавирус пандемияси ана шу инсонлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги нотенгликни кучайтирмоқда.

Гана Республикаси Президенти Нана Акуфо-Аддо бундай нотенглик пандемия туфайли мамлакатлар ичкарисида айниқса кучайганига эътиборни қаратди. Бу вазият, хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларга коронавирус билан боғлиқ ҳолатларда тиббий, ижтимоий ва молиявий хизматлар етарлича кўрсатилмаётгани мисолида кўзга ташланмоқда.

Глобал саммитда 20 нафар олий даражадаги спикер – Президентлар, Бош вазирлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди ва сўзга чиқди. Халқаро анжуманда таъкидланганидек, БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ижросини таъминлаш ва унинг бажарилишини мунтазам мониторинг қилиб бориш жуда муҳим. Шундагина имконияти чекланган инсонларнинг ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш масаласи инсониятнинг барқарор ва фаровон жамият барпо этиш борасидаги глобал фаолиятининг диққат марказида туришига эришамиз.

Глобал саммитда БМТ ва унинг минтақалардаги муассасалари, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат бошлиқлари ва ҳукумат раҳбарлари, алоқадор вазирлик ва ташкилотлар мутасаддилари, хусусий сектор вакиллари ва фуқаролик жамияти фаоллари – жами 7 мингдан зиёд вакил иштирок этди. 

Халқаро анжуманга Ўзбекистон ҳам таклиф этилди. Муҳими, мамлакатимиз вакилига Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ҳақида ахборот тақдим этиш имконияти яратилди.

Шу маънода, биринчидан, халқаро ҳамжамиятнинг бундай ижобий муносабати, бир томондан, Ўзбекистон миллий тараққиёт йўлидан оғишмай, дадил одимлаётганини тасдиқлайди.

Иккинчидан, бу жаҳоний  эътибор мамлакатимизнинг халқаро майдонда ўрни ва нуфузи тобора мустаҳкамланиб бораётганига яна бир ёрқин далил ҳисобланади.

Учинчидан, буларнинг барчаси – ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш борасида Ўзбекистон Президенти олиб бораётган сиёсат билан халқаро ҳамжамиятнинг глобал саъй-ҳаракатлари ўзаро уйғун ҳамда муштарак эканини амалда намоён этмоқда.

 Ўзбекистон ва Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция: ташаббус ва натижадорлик

 Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – ногиронлиги бўлган шахсларнинг Конституциямизда кўзда тутилган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларини халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари ҳамда Ўзбекистон қўшилган халқаро шартномаларга мувофиқ ҳолда, бошқа фуқаролар билан тенг равишда таъминлаш ҳисобланади.

БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 2021 йил 7 июнда Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилингани ушбу соҳада самарали ислоҳотларни давом эттиришнинг ёрқин намунаси бўлди.

Бу ҳақда фикр юритганда, албатта, кейинги йилларда айни соҳада шиддатли тус олган амалий ишлар диққатга лойиқ самаралар берганини қайд этиш лозим. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилишига оид масала давлат бошлиғининг қуйидаги дастурий ҳужжатларида:

  1. “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида (2017 йил 1 декабрда қабул қилинган);
  2. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган Тадбирлар дастурида (2018 йил 5 майдаги Фармон билан тасдиқланган);
  3. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида (2020 йил 22 июндаги Фармон билан тасдиқланган);
  4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2021 йил 22 февралда бўлиб ўтган 46-сессиясидаги нутқида назарда тутилган.

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессияси минбардан туриб, имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузиш таклифини халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этар экан, Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлагани бежиз эмас.

2020 йилда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур Қонун ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини тартибга солиши билан жуда аҳамиятлидир. Қонун, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш модели ва соҳага доир бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга оширишга қаратилгандир.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда ижтимоий адолат принципига амал қилиш, ёрдам ва қўллаб-қувватлашга муҳтож, биринчи навбатда, жисмоний имконияти чекланган одамларга тўлақонли ҳаёт кечириш учун шароит яратиш масаласи давлат раҳбарининг доимий диққат марказида турибди.

 БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси – дунёдаги ногиронлиги бўлган шахслар Конституцияси

 Ушбу Конвенция ХХI асрда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги биринчи шартнома бўлиб, у БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрда қабул қилинган ва 2008 йил 3 майда кучга кирган. БМТнинг 192 аъзо-давлатидан, 2021 йил май ҳолатига кўра, 183 таси ушбу Конвенцияни ратификация қилган.

Конвенцияда ногиронларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, хусусан, уларнинг яшаш, фуқаролик, ҳуқуқий ҳимояланиш, таълим олиш, саломатликларини сақлаш, бошқалар билан тенг равишда меҳнат қилиш, сиёсий, ижтимоий, маданий ҳаётда, бўш вақтни ўтказиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланишда иштирок этиш, ўзлари ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлиш ва ижтимоий ёрдам ҳуқуқлари эътироф этилган. Ушбу ҳуқуқларни амалга оширишнинг кафолатлари белгиланган.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция 50 та моддадан иборат бўлиб, дунёдаги ногиронлиги бўлган шахслар ҳолатини таҳлил қилиш асосида қабул қилинган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, дунё аҳолисининг 15 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил қилади, бугунги кунда уларнинг сони 1 миллиардга етган.

Конвенциянинг асосий ғояси шундан иборатки, ногиронлиги бўлган шахслар барча инсон ҳуқуқлари ва эркинликларидан камситишларсиз фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак.

Конвенциянинг мақсади 1-моддада баён этилган ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг  тенглик асосида барча инсон ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширишларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва таъминлашдан иборатдир. У фойдаланиш имконияти, шахсий ҳаракатланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, абилитация ва реабилитация, сиёсий ҳаётда иштирок этиш, шунингдек тенглик ва камситмаслик каби бир қатор муҳим масалаларни қамраб олади.

Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 4-моддасида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш, рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича умумий мажбуриятлар белгиланган. Хусусан, Конвенцияда иштирок этувчи давлатлар қуйидаги мажбуриятларни олади:

  • ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини амалга ошириш учун барча зарур қонуний, маъмурий-ташкилий ва бошқа чораларни кўриш;
  • ногиронларга нисбатан камситиш хусусиятига эга мавжуд қонунлар, қарорлар, урф-одатларни ўзгартириш ёки бекор қилиш;
  • барча стратегиялар ва дастурларда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришни ҳисобга олиш, Конвенцияга тўғри келмайдиган ҳар қандай ҳаракатлар ёки усуллардан тийилиш;
  • ҳар қандай шахс, ташкилот ёки хусусий корхона томонидан ногиронлик белгиси бўйича камситишни бартараф этиш учун зарур чораларни кўриш;
  • ногиронлиги бўлган шасхларнинг аниқ эҳтиёжлари учун мослаштириш, товарлар, хизматлар, жиҳозлар ва универсал дизайн объектларининг илмий-тадқиқот ва конструкторлик ишланмаларини олиб бориш ёки рағбатлантириш;
  • Конвенцияда кафолатланган ёрдам ва хизматларни тақдим этишни такомиллаштириш учун мутахассислар ва ногиронлиги бўлган шахслар билан иш олиб борадиган персонални ушбу эътироф этилган ҳуқуқларга ўқитишни рағбатлантириш.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда устувор субъектлар сифатида ногиронлиги бўлган аёллар (6-модда) ва ногиронлиги бўлган болалар (7-модда) ажратиб кўрсатилган.

Конвенция қоидалари бажарилишини мониторинг қилувчи, иштирок этувчи давлатларнинг маърузаларини кўриб чиқишга ваколатли ҳамда ушбу маърузалар бўйича таклифлар ва умумий тавсиялар берувчи орган – БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси (18 кишидан иборат) ташкил этилган.

Аъзо давлатлар дастлабки миллий маърузани Конвенция ратификация қилинганидан сўнг 2 йил ичида, кейинчалик ҳар 4 йилда бир марта тақдим этишлари белгиланган.

Ўзбекистон ратификация қилган БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглиги, ҳуқуқлари, айниқса, аёллар ва болаларнинг таълим олиши, саломатлигини сақлаши, меҳнат қилиши, ўзи ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлишининг ҳуқуқий кафолатларини белгиловчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатдир.

Конвенцияни ратификация қилишда 3 та манба: миллий қонунчилик, хорижий юридик амалиёт ва ушбу Конвенциянинг ўзига таянилди. АҚШ, Буюк Британия, Германия, Швейцария, Россия, Беларусь, Украина, Озарбайжон каби давлатлар тажрибаси чуқур ўрганилди.

Хусусан, АҚШ, Буюк, Британия, Германия, Швейцария каби етакчи хорижий давлатлар Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилган ҳолда, тегишли миллий қонунларини ҳам қабул қилган. Бу қонунларнинг барчаси мазмунан ўхшаш бўлиб, Конвенция талаблари негизида ишлаб чиқилган.

Эътиборли томони шундаки, ГФРда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган бир қанча қонунлар мавжуд. Жумладан, “Жамиятда, ишда ва касбий соҳада ногиронларнинг ҳуқуқларини таъминлаш тўғрисида”ги қонун шулар сирасига киради.

Ўзбекистоннинг бу борадаги ҳуқуқий амалиётига келсак, қонун ижодкорлигида илк бор ноёб тажриба қўлланилди. Яъни, халқаро-ҳуқуқий ҳужжат дастлаб миллий қонунчиликка имплементация қилиниб, шундан кейин ратификация қилинди.

Энг асосийси, Конвенциянинг ратификация қилиниши натижасида:

биринчидан, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими халқаро норма ва стандартларга мувофиқлашди;

иккинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича халқаро ташкилотларнинг мақсадли ресурсларини жалб қилиш имкони кенгайди;

учинчидан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишдаги мамлакатимизнинг ижобий халқаро имижи янада яхшиланмоқда.

 Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон тажрибаси

 Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш масалалари бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжати билан тартибга солинмоқда. Бу ўринда Конституция, 40 дан зиёд қонун ва 160 дан ортиқ қонуности ҳужжати кўзда тутилган.

Жумладан, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси билан тартибга солинади.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларига оид миллий қонунчилик: ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги барча ҳуқуқларини тартибга солувчи “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги конун,  шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишга қаратилган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар; соғлиқни сақлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш; бандлик масалалари; жисмоний тарбия, спорт ва дам олиш; ижтимоий объектлар ва хизматлар, транспорт, алоқа ва ахборот воситаларидан фойдаланиш; одил судлов; давлат ва жамоат ишларида иштирок этиш; ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик каби нормалардан ташкил топган.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини жамият ҳаётининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларида ҳимоя қилиш асосида қандай вазият бўлишидан қатъи назар инсонни, шу жумладан ногиронлиги борлиги туфайли камситмаслик принципи ётади. Бу борада нафақат давлат тузилмалари, балки фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаоллик кўрсатаётгани жуда муҳим.

Ногиронлик муаммолари бўйича Глобал саммитда алоҳида таъкидланганидек, коронавирус пандемиясидан кейинги даврда ногиронлик муаммоларини ҳал этишда олдинги мақбул натижаларни тиклаш ва янада кўпроқ самараларни қўлга киритиш зарур. Бунда давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, турли доиралардаги шериклар билан яқин ҳамкорликни кучайтириш катта аҳамият касб этади. 

Бугунги кунда мамлакатимизда ногиронлик соҳасида 600 га яқин нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритмоқда. Улар орасида: Ўзбекистон ногиронлар жамияти; Ўзбекистон ногиронлар жамоат фонди; Ўзбекистон Ногирон ишбилармон аёллар миллий ассоциацияси; Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази; Ўзбекистондаги фалаж ногирон болалар ва ўсмирларга ёрдам бериш “Умр” жамоатчилик маркази; “Инклюзив ҳаёт” ногиронлар жамоат бирлашмаси; Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти; Ўзбекистон карлар жамияти каби ННТлар бор.

Ушбу нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари Конвенцияни ратификация қилишда фаол иштирок этди.  

 Тараққиёт стратегияси ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари

 Ўзбекистонда 760 минг 727 нафар ногиронлиги бўлган шахс истиқомат қилади. Шуларнинг 100 мингдан ортиғи 16 ёшгача бўлган ногирон болалардир. Улар ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олинган.

 “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да бу борада муҳим мақсад-вазифалар белгиланган. Бу ўринда, биринчи навбатда, Ўзбекистон Президентининг мазкур Тараққиёт стратегиясини имзолашга оид Фармонида кўзда тутилган устувор масалаларга тўхталиш мақсадга мувофиқдир.

Фармонга кўра, Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳада, жумладан, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида ёрдамга муҳтож аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бўйича алоҳида маълумотлар базасини яратиш кўзда тутилмоқда.

Келгусида ушбу маълумотлар базасини ўзида жамлаган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ҳозир амалда бўлган “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” билан интеграция қилинади.

Президент Фармонида бу борада белгиланган яна бир муҳим вазифа – “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига ўзгартиришлар киритиш билан бевосита боғлиқ. Чунки бунда давлатимиз раҳбарининг болаликдан ногиронлиги бўлган болаларга 18 ёшгача қаралган даврни пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисоблаш зарурлиги ҳақидаги топшириғи ўз ижобатини топади.

Шу йилдан эътиборан, Фармоннинг 14-бандига биноан, кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш тизими соддалаштирилади ҳамда уларга замонавий технологияларни жорий этиш орқали қўшимча қулайликлар яратилади. Шунингдек, мазкур ҳужжатнинг 15-бандига кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартиби жорий этилади.

Янги Ўзбекистонинг тараққиёт стратегияси инсон қадрини таъминлашга қаратилган 100 та мақсадни қамраган. Шу мақсадларнинг аксариятида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ва манфаатларига дахлдор кўплаб вазифалар белгиланган.

Хусусан, Тараққиёт стратегиясининг 9-мақсадида кекса  ва  ногиронлиги  бўлган  шахсларга  давлат  хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, уларга қулайликлар яратиш ҳақида сўз боради. Дастуриламал ҳужжатнинг 53-мақсадида аҳолининг муҳтож  қисмини  замонавий  протез-ортопедия буюмлари ва  реабилитация  воситалари  билан  таъминлаш  даражасини  60  фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

 Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш истиқболлари

 Тараққиёт стратегиясининг 66-мақсади: “Ногиронлиги  бўлган  шахсларни  қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш” деб номланган. Ушбу мақсад доирасида:

биринчидан, ногиронлик белгиси бўйича камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга  чиқаришда  тенг  шароитларни  ва  уларни  бузганлик  учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш;

иккинчидан, ногиронлиги  бўлган  шахслар  ҳуқуқларини  таъминлаш  соҳасидаги умумэътироф  этилган  халқаро  норма  ва  стандартларни  миллий қонунчиликка имплементация қилиш;

учинчидан, тиббий-меҳнат экспертизаси ва ногиронликни белгилашнинг шаффоф, замонавий  услуб  ва  мезонларини  жорий  этиш,  ногиронлиги  бўлган шахсларга  тиббий-ижтимоий  ёрдам  кўрсатиш  даражаси  ва  сифатини ошириш;

тўртинчидан, ногиронлиги  бўлган  шахсларнинг  оиласи,  жамият  ва  давлат  билан  ўзаро  алоқасини  кучайтириш,  уларнинг  қулай  муҳитда  бўлиши,  шаҳар йўловчи  транспорти,  ижтимоий  ва  бошқа  инфратузилма  объектларидан эркин фойдаланиши учун зарур шароитлар яратиш;

бешинчидан, ногиронлиги  бўлган  шахсларнинг  жамият  ижтимоий-иқтисодий ҳаётига  жалб  қилиниши  ва  фаол  иштирокини  таъминловчи  инклюзив таълим ва ишга жойлаштириш тизимини такомиллаштириш;

олтинчидан, ногиронликни  белгилашнинг  ижтимоий  моделига  босқичма-босқич ўтиш каби ғоят муҳим вазифалар кун тартибига қўйилган. Айни вақтда ушбу чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти яқинда “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини имзолаганини яна бир бор таъкидлаш лозим.

Ушбу Фармон ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, доимий парваришга муҳтож бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндашувларни жорий этишга қаратилгани билан ниҳоятда муҳимдир.

Бундан ташқари, Тараққиёт стратегияси доирасида Вазирлар Маҳкамаси 2022 йил 8 февралда “Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати ташкилий тузилмасини ва фаолиятини ташкил этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Ҳукумат қарорига асосан ногиронликни олиш тартиби ўзгартирилди. Яъни, эндиликда фуқароларни кўрикдан ўтказиш уларни тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларга кўрикка юбориш орқали амалга оширилади. 

Кўрикка, шунингдек, стационардан берилган касаллик тарихини, амбулатор картадан кўчирмаларни ва беморни кўрикка юбориш учун асос бўлган бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳам киради. Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари мажлисида кўрик тўлиқ таркибда ва ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан бошлаб 10 кун ичида ўтказилади. Ногиронлик белгиланган тақдирда, ҳужжатлар ТИЭК томонидан қабул қилиб олинган сана ногиронликнинг бошланиши ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг аъзоси ҳисобланади. Шу маънода, мамлакатимиз Конвенцияни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига татбиқ этиш бўйича Миллий ҳаракатлар режасини тасдиқлашни зиммасига  олади. Кейинги, яъни 2023 йилда Ўзбекистон БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг бажарилиши бўйича дастлабки ҳисоботини тегишли тартибда тақдим этади.

 

Акмал Саидов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech