2024 йилда 889 минг 567 нафар хотин-қиз бандлигини таъминлашга кўмаклашилган

Аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, салоҳияти ва имкониятларини рўёбга чиқариш бугунги кун учун долзарб масала ҳисобланади.

АОКАда ўтказилган брифингда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева соҳада амалга оширилган ишлар хусусидаги маълумотларни тақдим этди.  

Мутахассиснинг таъкидлашича, ўтган 2024 йил давомида тегишли дастур асосида 889 минг 567 нафар хотин-қиз бандлигини таъминлашга кўмаклашилган. Бунда 284 минг 41 нафар хотин-қиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитилган. Хусусан, 154 минг 972 нафари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга, 129 минг 69 нафари тадбиркорлик кўникмалари ва молиявий саводхонлик бўйича малака оширган. 257 минг 171 нафари ишга жойлаштирилган, 102 минг 544 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган.  

Хонадонларда учтадан ортиқ даромад манбасини яратиш бўйича Сайхунобод тажрибаси, ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали аёллар бандлигини таъминлаш бўйича Жондор тажрибаси, аҳоли даромадларини ошириш – хонадонда молиявий пакетларни жорий қилиш бўйича Нишон, Шофиркон тажрибаси, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган кооперациялар ташкил этиш бўйича Боғдод тажрибаси, каштачилик мактаби ва қўй жунини қайта ишлашни йўлга қўйиш бўйича Шаҳрисабз тажрибаси оммалаштирилди. Шунингдек, маҳаллаларда бўш бино ва тадбиркорлар имкониятидан фойдаланиб, 1 минг 55 та Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлик марказлари ишга туширилди. Уларда 26 минг 870 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилиб, 10 минг 433 нафарининг бандлиги таъминланди, жараён давом этмоқда.

Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, унинг доимий мониторингини манзилли таҳлил қилиб бориш мақсадида “Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш” ягона автоматлаштирилган мониторинг ахборот платформаси (www.ayollar-bandligi.uz) ишлаб чиқилди. Сергели тажрибаси асосида 138 минг 405 нафар никоҳга кираётган ёшлар ўқитилди. Оҳангарон тажрибаси асосида 27 минг 53 та оилавий ажрим билан боғлиқ низоли оила тикланди. 13 минг 796 та никоҳи расмийлаштирилмаган оила никоҳи қонунийлаштирилди. Оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган 208 та оила “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланди. 

Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича Наманган, Андижон вилоятларида “Оила ва хотин-қизлар маскани” ташкил этилди. Жиззах вилоятида Оила мактаблари фаолияти йўлга қўйилди.  Самарқанд шаҳар, Наманган ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларида 32 та йўналишда оилавий-ҳуқуқий муносабатларга доир ишларни кўриш бўйича ихтисослашган Оила судьялари тизими жорий этилди. “Масъулиятли ота-оналик” мезонлари, маҳаллада оилавий медиацияни жорий этиш бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқилди. Қўмита ҳузуридаги Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан “Оила ўқув платформа”си – https://oilamalaka.uz сайти ишга туширилди. Эҳтиёжманд оилалардаги тавсиянома олиш учун мурожаат қилган 36 минг 853 нафар талабгор хотин-қиздан 18 минг 481 нафарига тавсияномалар берилди, шундан 1 минг 801 нафари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.

Беш йил меҳнат стажига эга, олий маълумоти йўқ 4 минг 587 нафар хотин-қизга тавсиянома берилиб, улардан 398 нафари давлат олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинди. Қўмита тавсияномаси асосида муҳтож ёлғиз аёллар ва боқувчисини йўқотган оғир вазиятдаги 2 минг нафар талаба хотин-қизларнинг контракт тўлови маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмоқда. Имконият ва имтиёзлар натижасида олий таълимдаги талабалар орасида хотин-қизларнинг улуши 52,2 фоизга етди. Қўмита ва масъул ташкилотлар ҳамкорлигида 50 минг нафар хотин-қиз ахборот технологиялари бўйича ўқитилди.

Шунингдек, Зулфия номидаги Давлат мукофоти йўналишлари қаторига ахборот технологиялари йўналиши киритилди. Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича 400 дан ортиқ Гендер маслаҳат кенгашлари идора ва ташкилотлар тизимида ташкил этилди. 

Касаба уюшмалари Федерацияси билан ҳамкорликда “Аёллар дафтари”га киритилган 1 миллион 265 нафар эҳтиёжманд хотин-қизнинг 995  минг 239 нафарига тегишли ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 548 минг 857 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, 35 минг 968 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун кредитлар ажратилди, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган 160 минг 893 нафар хотин-қизга моддий ёрдамлар кўрсатилди. Ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож бўлган 181 минг 724 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга моддий ёрдамлар ажратилди, 5 минг 459 нафар хотин-қизга турар-жой учун ижара компенсацияси тўлаб берилди.

Қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд 61 минг 906 нафар хотин-қизга моддий ёрдам кўрсатилди, уларнинг 1 минг 470 нафарига томорқасидан самарали фойдаланишига кўмаклашилди, шунингдек, 2 минг 794 нафарининг уй-жойларини таъмирлаб берилди. 2 минг 56 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган тиббий ёрдамга муҳтож хотин-қиз ва уларнинг фарзандларига жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши учун Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан 18 миллиард 712 миллион сўм маблағ сарфланди. 4 минг 647 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қиз ва вояга етмаган болалар протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминланди.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech