(Учинчи мақола)
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллигига
Машҳур америкалик ҳуқуқшунос Ральф Нейдер таъбири билан айтганда, «Ахборот – демократиянинг асосий валютасидир». Сўз, ахборот ва матбуот эркинлигисиз демократия ҳам, инсон эркинлиги ҳам мавжуд бўлмайди. Сўз эркинлиги – авваламбор, ҳар бир фуқаронинг шахсий ҳуқуқи, ахборот эркинлиги – бу ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқидир.
Соҳага доир қонун ҳужжатларида ахборот ва матбуот эркинлиги ҳамда журналистлар ҳуқуқларининг кафолатланиши ҳақида сўз борганда, жумладан, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда “Цензурага йўл қўйилмаслиги” масаласига алоҳида модда бағишланганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу 4-моддага кўра:
“Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларининг цензура қилинишига йўл қўйилмайди. Ҳеч ким журналистдан эълон қилинаётган хабарлар ёки материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёхуд уларнинг нашрдан бутунлай олиб ташланишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас”.
Ўз навбатида, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги қуйидагича кафолатланган:
“Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркиндир. Ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир.
Давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади”.
Шунингдек, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида ахборот эркинлигига доир қоидалар қайд этилган. Яъни:
“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар ким ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқига эга.
Ахборот олиш фақат қонунга мувофиқ ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, конституциявий тузум асослари, жамиятнинг ахлоқий қадриятлари, мамлакатнинг маънавий, маданий ва илмий салоҳиятини муҳофаза қилиш, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чекланиши мумкин”.
Мазкур қонуннинг 5-моддасида ахборот эркинлигининг асосий принциплари санаб ўтилган:
“Очиқлик ва ошкоралик, ҳамма эркин фойдаланиши мумкинлиги ва ҳаққонийлик ахборот эркинлигининг асосий принципларидир”.
Бугунги кунда парламент томонидан амалдаги қонун ҳужжатларига ахборот соҳасини янада демократлаштириш ва ривожлантиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 09.12.2020
- Кўришлар: 4159
- Чоп этиш