Жорий йилнинг 18 июль куни “Аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартибини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид барча чораларни рақамли технологиялар асосида тақдим этишга ўтишнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
— “Ижтимоий карта” ахборот тизимини жорий этиш орқали ижтимоий тўловлар ва субсидиялар, ижтимоий хизматлар ва ёрдамларни тайинлаш, тақдим этиш, мониторинг қилиш ва баҳолаш жараёнларини босқичма-босқич тўлиқ автоматлаштириш;
— ижтимоий ёрдамга муҳтож тоифадаги фуқароларнинг ижтимоий хизматлардан, ёрдам ва тўловлардан, шунингдек давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг бошқа чораларидан фойдаланиш учун ҳужжатларни йиғиш заруратини бекор қилиш;
— давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини манзилли, қисқа муддатларда, масофадан туриб ҳамда проактив тарзда олиш имкониятини бериш;
— ижтимоий суғурталашни жорий қилиш доирасида рақамли сервисларни ривожлантириш орқали давлат ва тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик қилишни соддалаштириш;
— республика, вилоят, туман (шаҳар) ва маҳалла даражасида давлат ижтимоий қўллаб-қувватлашини амалга оширувчи давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш.
Қарорга кўра қуйидаги қўллаб-қувватлаш чоралари “Ижтимоий карта” АТдан тақдим этилади:
— 2024 йил 1 декабрдан янгидан тайинланадиган ижтимоий тўловлар, хизматлар ва имтиёзлар;
— 2025 йил 1 апрелдан босқичма-босқич шахснинг ногиронлигини, талаба, ўқувчи, уруш қатнашчиси ёки уруш қатнашчисига тенглаштирилган шахс ҳолатини тасдиқлаш.
Бунда:
— ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома ва гувоҳномалар, талабалик гувоҳномалари, ўқувчилар гувоҳномалари, уруш қатнашчилари ёки уларга тенглаштирилган шахслар гувоҳномаларининг қоғоз шакли ижтимоий картага алмаштириш орқали бекор қилинади;
— ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар учун умумий фойдаланишдаги автомобиль, темир йўл, ҳаво ва дарё транспорти, йўналишсиз такси хизматларидан фойдаланиш бўйича имтиёзлар, шунингдек ушбу хизматдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг бошқа тоифалари учун имтиёзлар;
— кириш билет операциялари тизими асосида тартибга солинадиган давлат ижтимоий объектларига, концерт-томоша тадбирлари ва бошқа тадбирларга бепул ташриф буюриш ёки қисман ҳақ тўлаш бўйича имтиёзлар.
— 2025 йил 1 июлдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилганларга белгиланган товарлар (хизматлар)ни харид қилишда тўланган ҚҚС суммасини 1 иш кунида қайтариш;
— 2025 йил 1 октябрдан Ҳукумат томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ фуқароларга бюджет маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдам, субсидиялар, грантлар, имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар ҳамда моддий хусусиятга эга бошқа тўловлар тақдим этиш;
— 2026 йил 1 январдан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлардан фойдаланиш.
2025 йил 1 октябрдан пенсия олувчиларга ўз хоҳишига кўра ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлиги бўйича пенсияларни ижтимоий карта орқали олиш ҳуқуқи берилади.
ЎзА
- Қўшилди: 24.07.2024
- Кўришлар: 1239
- Чоп этиш