Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Қашқадарё вилоятига сафари доирасида 26 ноябрь куни Қарши шаҳридаги "Одина" мажмуасини бориб кўрди.
Соҳибқирон Амир Темур томонидан ХIV асрда, яъни 1385-1386 йилларда бунёд этилган «Одина» жоме масжиди Қарши шаҳрининг Регистон мажмуасига кирган меъморий дурдоналардан ҳисобланади. Халқ тилида "Домзак", "Тоштурма" деб аталгувчи маҳбусхона шўролар замонида "Одина" масжиди биносида жойлаштирилган эди.
Эндиликда Президентимиз ташаббуси билан бу ерда Ҳунармандчилик мажмуаси ташкил этилган. Хусусан, мажмуанинг заргарлик мактабида ёшлар миллий ҳунармандлик, бевосита Қашқадарё воҳаси заргарлик анъаналарини замонавий дизайнларга уйғунлаштириш усулларини ўрганаётгани таҳсинга сазовор.
Мажмуада қўл меҳнати асосида экологик тоза маҳсулотлардан турли миллий либослар тикиш ҳам йўлга қўйилган. Вилоят бўйича 500 нафар хотин-қиз шу иш билан банд. Уларнинг тайёр маҳсулотлари нафақат миллий бозорда, балки жаҳон бозорида ҳам харидоргир. "Гулнор" савдо бренди билан сотилаётган ушбу ноёб либослар учун Нью-Йоркда - 2 та ва Парижда 1 та махсус дўкон очилган. Интернет орқали онлайни савдо ҳам яхши йўлга қўйилган.
Кейинги даврда вилоятда кандакорлик касбининг ривожи бироз сусайганди. Шунинг учун "Одина" ҳунармандчилик мажмуасида кандакор усталар ўзларига шогирд тайёрлаб, уларга ана шу ўзига хос касб сир-асрорини ўргатишлари учун зарур шароитлар яратилган.
Акмал Саидов қўлигул дурадгор усталарнинг нафис ёғоч ўймакорлиги маҳсулотлари билан танишиш асносида, қашқадарёлик ҳунармандлар Амир Темур кашф этган “Катта шахмат” тахтасини ясашга маънан ҳақли, ҳатто бурчли эканига эътиборни қаратди. Улуғ Соҳибқирон замонида яшаб ижод этган Али Шатранжий Самарқандийнинг “Шахмат тарихи” номли рисоласида “Катта шахмат” (“Шатранжи кабир”) тафсилотлари баён этилган бўлиб, бу ўйинни Амир Темур жуда яхши кўргани таъкидланган.
Энг муҳими, академик А.Саидовнинг фикрича, Амир Темур бобомиз шахматни шунчаки вақтни дилхушлик билан ўтказиш ва ҳордиқ чиқариш ўйини эмас, балки пухта геосиёсий ҳамда амалий режалар тузиш учун ақлни пешлаш машғулоти, деб билган. Улуғ Соҳибқирон шаҳар ва мамлакатларни кўпинча қурол кучи ёрдамида эмас, балки ақл-заковат, чуқур тафаккур кўмагида, баайни шахмат тахтасидаги стратегия ва тактика каби қонсиз кураш орқали тинч йўл билан забт этган, рақибини мот қилган.
Соҳибқирон ўз даврида шахмат илмида устод даражасига кўтарилган мавлоно Абдулмалик, Муҳаммад ибн Уқайл ал-Хайми, Зайн ал-Яздий, Алоуддин ат-Табризий сингари кўплаб олиму мутафаккирлар иштирокида махсус шахматхонлик мажлисларини ўтказиб турган.
Ибн Арабшоҳ ўзининг "Темур тарихида тақдир ажойиботлари" асарида Амир Темурнинг шахматга қизиқиши, айниқса, мавлоно Али Шайх билан катта шахмат ўйнаганига доир тафсилотларга тўхталган. Айниқса, Соҳибқирон шахмат тахталарининг ғайритабиий шакллари ҳақида маълумот бериб, “мен унда давралик ва узунчоқ шахматни ҳам кўрган эдим” деб қайд этган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.11.2020
- Кўришлар: 3862
- Чоп этиш