Пойтахтимизда IV Тошкент Аксилкоррупция форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Европа Иттифоқи, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир 250 дан ортиқ аксилкоррупция идоралари ходимлари, халқаро экспертлар ҳамда фуқаролик жамияти вакилларини бир жойга жамлади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов кириш сўзи билан очган ва бошқариб борган тадбирда Сенат қўмитаси раиси Наримон Умаров, Европа Иттифоқи (ЕИ)нинг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии ва бошқалар форумнинг аҳамияти, мавзунинг долзарблиги бўйича ўз фикрларини билдирди.
Форумда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Европа Иттифоқи, Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, ЕХҲТ, ГИЗ, Халқаро Наркотик моддалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалалари бюроси, “Transparency International” ННТ, Финляндиянинг Қонун устуворлиги маркази, шунингдек, АҚШ, Ҳонгконг, Грузия, Корея, Литва, Малайзия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Хитой каби мамлакатларнинг антикоррупция идоралари раҳбарияти ва вакиллари иштирок этди.
Бу йилги форум барча иштирокчилар учун илғор амалиёт ва тажриба алмашиш, идоралараро алоқаларни мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро дастурлардаги сўнгги тенденцияларни муҳокама қилиш учун ҳамкорлик платформаси бўлиб хизмат қилди.
Форум давомида Transparency International ташкилотининг Коррупцияни қабул қилиш индекси, World Justice Project Open ташкилотининг Қонун устуворлиги индекси, Open Data Inventory’нинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан эълон қилинган очиқ маълумотлар рейтинги каби индексларда Ўзбекистоннинг кўрсаткичларини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлар билан бир қаторда, коррупцияга қарши курашиш бўйича эришган бошқа ютуқлари алоҳида таъкидланди.
Тадбир доирасида мамлакатимизнинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти 5-раунд мониторинги доирасида 2023 йил учун олган юқори натижалари эътироф этилди. Хусусан «коррупцияга қарши сиёсат» соҳасида «жудаям юқори баҳо» (86 баллдан юқори) билан Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида энг илғор давлат сифатида тан олинди.
Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистонда 2023-2024 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури самарали амалга оширилаётир. Барча манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 2030 йилгача коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг қамровли стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилган. Коррупцияга қарши курашиш ташаббусларида фуқаролик жамияти фаоллигининг ошиши каби муҳим марраларга эришилди.
– Ўзбекистон салмоқли муваффақиятларга эришди, – деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар. – Қонунлар аллақачон қабул қилинган, янгилари ишлаб чиқилмоқда. Бунинг учун Европа Иттифоқи зарур молиявий манбалар ажратган. Лекин, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бу ҳамон бутун жамият учун жиддий муаммо бўлиб, унинг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда. Шунинг учун нафақат қонунлар қабул қилиш, балки уларнинг ижросини таъминлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Фуқаролик жамиятини жалб қилиш ва коррупция ҳолатлари ҳақида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш ҳам муҳимдир. Бу курашда мустақил журналистлар, блогерлар ва хабар тарқатувчилар асосий роль ўйнайди. Уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш яхши қонунлар яратишдек муҳим.
Форумнинг асосий натижаларидан бири – Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Жаҳон банкининг Ҳалоллик бошқармаси ўртасида кадрлар тайёрлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўрганишларни амалга оширишда ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган Ўзаро англашув меморандумининг имзолангани бўлди.
Тақдирлаш маросими орқали ҳукумат оммавий ахборот воситалари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашишга қўшган катта ҳиссасини эътироф этди.
Форум давомида «Коррупцияга қарши курашишда янги давр: инновацион технологиялар коррупциянинг олдини олишнинг самарали воситаси сифатида», «Коррупцияга қарши маданият ижтимоий зиддиятни бартараф этиш воситаси сифатида», “Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва мувофиқлик тизимларини жорий этиш: муаммолар ва истиқболлар” мавзуларига бағишланган сессиялар доирасида ўзаро фикр ва тажриба алмашилди.
Форумда коррупциянинг олдини олиш бўйича глобал тенденциялар бўйича танқидий муҳокамалар муваффақиятли ўтказилди. Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги ютуқлари намойиш этилди. Форум давомида мамлакатнинг халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда шаффофлик, ҳисобдорлик ва яхши бошқарувни қўллаб-қувватлашга содиқлиги таъкидланди.
Норгул Абдураимова,
Носир Ҳайдаров (сурат),
Нишон Абдувоитов (видео),
ЎзА
- Қўшилди: 18.10.2024
- Кўришлар: 604
- Чоп этиш