АЛИШЕР НАВОИЙ – ҲУҚУҚШУНОС

2021 йил 9 февраль куни буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллуд топганига роппа-роса 580 йил тўлади. Бир қарашда: олис тарихнинг қарийб олти асрлик кўз илғамас баланд девори улуғ аждодимиз билан бугунги авлодлар орасини тўсиб, бизни бир-биримиздан узоқлаштириб тургандек гўё.

Навоий асарларини ўқиб-ўрганиш жараёнида Ҳазрат ишлатган ва бугунги кунда маъносини англаб олиш учун изоҳли луғатлар талаб этиладиган эскирган сўз, ибора ҳамда тушунчаларга дуч келганимизда, баъзан Навоийни – ўзимизга ва ўзимизни – Навоийга худди бегонадек ҳис этишимиз ҳам бор гап.

Аммо даҳо шоир асарларининг мағзини чақиб, асл моҳияти ва аҳамиятини тушуниб борганимиз сари Навоийнинг кимлиги-ю, ўзимизнинг кимлигимизни ҳар гал қайтадан кашф этаверамиз.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади".

Чиндан ҳам, Навоий асарларининг маъно-мазмунини англаб етар эканмиз, бу борадаги илк юзаки тасаввурларимиз аста-секин ўзгаради. Навоий ўз жамиятининг илғор вакили, давлат ишларининг жонкуяри, ҳалол ҳуқуқшунос ва қонун ижодкори сифатида иш олиб борганига амин бўламиз.

Ҳаттоки, салкам олти юз йиллик тарих девори орамиздан кўтарилиб, Ҳазратни ўзимизга қарийб замондошдек қабул қила бошлаймиз. Бу бежиз эмас.

Чунки инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини, ҳуқуқ ва адолатнинг маъно-моҳиятини Алишер Навоийдек теран ифода этган ижодкор жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Ҳазрат Навоийнинг тарих ва башарият олдидаги улуғ хизматларидан бири шундаки, ул зот адолат туйғусини ҳар бир инсон, ҳар қайси халқ ва миллат интилиб яшайдиган олий  мезон даражасига кўтарган ҳамда одамзодни ҳаётда адолатни қарор топтиришга, уни асраб-авайлашга чорлаб ўтган.

Ушбу фикрларнинг тасдиғи учун Навоий асарларида қўлланилган ҳуқуқ соҳасига тааллуқли 3 та тушунчанинг маъно-мазмунини мухтасар таҳлил этиб кўрайлик.

Биринчи тушунча – фиқҳ. "Фиқҳ" сўзи "ҳуқуқ" деган маънони англатади.

Иккинчи тушунча – фақиҳ. Бу сўз "фиқҳни биладиган мутахассис", яъни "ҳуқуқшунос" деган маънони беради.

Ҳазрат Навоийнинг “Назм ул-жавоҳир” асарида фиқҳ (ҳуқуқ) ва фақиҳ (ҳуқуқшунос) қадр-қиммати улуғланган шундай мисралар бор:

 

Қолғон киши касби илмдин заҳмат аро,

Фиқҳ ўргансун саъй ила ул меҳнат аро,

Илм ичра шараф фиқҳда бил нисбат аро –

Ким сарвар эрур фақиҳ бу уммат аро.

 

Мазмуни: ушбу мисраларда шоир ҳар бир кишининг фиқҳни – ҳуқуқни ўрганиши мақбул эканини уқтирмоқда. Чунки фиқҳ илмлар ичида шарафлиси, фақиҳ – ҳуқуқшунос эса жамиятнинг сарвари, демакки энг етук вакилидир.

Ушбу рубоийнинг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англаш учун Алишер Навоийнинг “Назм ул-жавоҳир” асари ҳақида қисқача тўхталиш лозим. Маълумки, бу асар – насрий усулда ёзилган муқаддима ва Ҳазрати Али томонидан айтилган 255 та (айрим тадқиқотчиларга кўра – 268 та) арабча ўгитнинг туркий тилдаги талқинларидан иборат.

Навоий ушбу ўгитлардан ҳар бирининг қанчалик асосли эканини Қуръони карим суралари ва Ҳадиси шарифлардан келтирилган парчалар билан исботлаб берган. Шу билан бирга, уларнинг таъсирчанлигини ошириш учун тўрт мисраси ҳам қофиядош – таронайи рубоий вазнида шеърга солган.

Шу ўринда “Назм ул-жавоҳир” асари ўзига хос тузилишга эга эканини қайд этиш мақсадга мувофиқдир. Бу ҳақда фикр юритганда, даставвал, Ҳазрат Алининг араб тилидаги муайян фалсафий ўгити келтирилиб, сўнг эса унга туркий тилда рубоий шаклидаги талқин берилганига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Алишер Навоий ўгит ва ҳикматларнинг тўғридан-тўғри таржимасини бериш билан чекланиб қолмаган. Аксинча, айни ўша ҳикматнинг мазмун-моҳиятига алоҳида рубоий бағишлаб, бадиий жиҳатдан бойитилган ўз фикрларини тақдим этган. Масалан, юқоридаги рубоий “Назм ул-жавоҳир” асарида 109-рақам билан келган ва у “Содат ул-уммат ил-фуқаҳоъу”, яъни “Фиқҳ уламолари – халқ сарваридирлар”, деган ҳикматнинг туркий назмдаги талқини ҳисобланади.

Мана шу биргина рубоий мисолида ҳам Алишер Навоий яшаган даврда, қолаверса, янада олис тархимизда  аждодларимиз ҳуқуқ илми ва ҳуқуқшунослик касбини нечоғлик улуғлаганига яққол гувоҳ бўлиб турибмиз. Демакки, ота-боболаримиз азалдан ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билишган ва муносиб қадрлашган, ҳуқуқни ўргатиш ҳамда ўрганишни эса астойдил рағбатлантиришган.

Бугунги кун ибораси билан айтганда, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масаласи эл-юртимизда доимо эътиборда бўлиб келган. Ўз навбатида, ҳуқуқий маданият – бу қонунларимизда ифодасини топган, яъни бизга берилган шунча ҳуқуқлардан имкон қадар кўп фойдаланиш даражаси деганидир.

Шу маънода, истиқлол йилларида халқимиз ҳуқуқий маданиятини юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Зеро, Юртбошимиз алоҳида қайд этганидек, маънавиятни юксалтириш соҳасидаги барча саъй-ҳаракатларни ҳуқуқий майдонда амалга ошириш лозим. Хусусан, ёшлар онгу тафаккурини ҳимоя қилиш учун бевосита қонунчилик асосида иш кўришимиз керак. Токи маънавий тарбия билан маънавий-ҳуқуқий тарбиянинг ўзаро узвийлиги таъминлансин.

Ҳозирги кунда биз Мир Алишер Навоийни улуғ шоир ва мутафаккир, давлат арбоби, илм-фан ва маданият, она тилимиз ва адабиётимиз ҳомийси, саховатпеша зот, авлиёлар авлиёси сифатида яхши биламиз ҳамда юксак қадрлаймиз. Ҳазрат ҳаёти ва фаолиятининг айни шу жиҳатларини атрофлича чуқур ўрганаётганимиз ҳам бежиз эмас.

Навоий серқирра ҳаётининг яна бир муҳим жиҳати борки, бу ҳам бўлса, ул зотнинг фақиҳлиги, яъни фиқҳ илми билимдони эканидир. Тарихий манбаларга қараганда, Алишер Навоий Самарқандда машҳур фақиҳ Хожа Фазлуллоҳ Aбуллайс ҳузурида фиқҳ илмидан сабоқ олган. Бу ҳақда шоирнинг ўзи “Мажолису-н-нафоис” асарида шундай ёзади: “Фақир икки йил аларнинг қошида сабақ ўқуб эрдим, анча илтифотлари бор эрдиким, “фарзанд” дер эрдилар”.

Мана бу байт Навоийнинг мазкур соҳага муносабатини, айтиш мумкинки, ғоят талабчан ва холис ёндашувини ўзида акс эттирган:

 

Фиқҳро чун иллати макру ҳиял созад фақиҳ,

Не фақиҳ аст он, ки ҳарфи иллати фиқҳ андар аст.

 

Мазмуни: агар фақиҳ (яъни, ҳуқуқшунос) фиқҳ (ҳуқуқшунослик фани)ни макру ҳийла қуроли қилиб олса, у фақиҳ эмас, балки фиқҳ касалига мубтало бўлган кишидир.  

Алишер Навоийнинг фикрича, ҳуқуқшунослар нафақат билимли ва ишчан, айни пайтда ҳақгўй ва ҳалол ҳам бўлишлари керак.  Содда қилиб айтганда, Навоий ҳазратлари ҳам ҳуқуқшуносларнинг таъмагирлик, порахўрлик ва коррупциядан холи бўлиши шарт эканига доир қатъий талабни давлат ва жамият ривожи учун муҳим, деб ҳисоблаган.

Алишер Навоий фиқҳ бобидаги билим ва тажрибасини нафақат асарларида, балки давлат арбоби сифатида амалий фаолиятида ҳам изчил қўллаган. Бунга бир мисол. Навоийнинг таржимаи ҳолига оид маълумотлардан маълумки, у зот 1487-1488 йилларда Aстрободда ҳокимлик қилган.

Таниқли муаррих Мирхонднинг ёзишича, “Aстробод гулшани адолат хислатлик амирнинг келиши билан Эрам гулистонининг ғайратини келтирадиган бўлиб, Журжоннинг саййидлари, уламоси, эътиборли кишилари, фозиллари ул мақтовга муносиб сифатли амирнинг лутфу марҳаматлари билан фахр ва қувонч топдилар. Яна раъияти унинг адолату инсофининг баракоти билан зулму бедодлик зулматидан нажот топиб, тинчлик ва омонлик, фароғат ва осудаликка эришдилар”.

Шу маънода, Навоийнинг фиқҳ илмидан, адлу адолат, одиллик, халқпарварлик, бугунги давр тили билан айтганда, ҳуқуқшунослик, қонунчилик, одил судлов соҳаларидан чуқур хабардор бўлгани, бу борадаги ҳуқуқий билим ва тажрибасидан ижод ҳамда амалиётда атрофлича фойдалангани айни чоғда бир қадар эътиборимиздан четда қолаётгандек, назаримизда.

Учинчи тушунча – адл, адолат. Алишер Навоий “адолат”, “адл” тушунчалари ҳақида, демакки, “ҳуқуқий давлат”, “адолатли жамият”, “фуқаронинг ҳуқуқ ва бурчлари” хусусида нималар деган?

Навоий асарларини мутолаа қилиш асносида, фиқҳий атамалар улуғ шоир томонидан жуда кенг маъноларда, айни вақтда, ниҳоятда аниқ ва жуда нуктадонлик билан қўлланганини кўриш мумкин.

Масалан, Навоий “адл” сўзини адолат, одиллик, ҳақлик, тўғрилик, ҳаққонийлик, инсоф тушунчаларини англатиш учун ишлатса, ўз навбатида, “адолат” сўзини ҳаққоният, инсофлилик, шафқатлилик, одиллик маъноларида қўллаган.

Эътибор қилинг: ушбу тушунчалар бугунги кунда адолат ва юксак инсонпарварлик негизида тубдан ислоҳ этилаётган мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими фаолиятининг асосий мазмун-моҳияти билан том маънода уйғун ва ҳамоҳанг эзгу тамойиллардир!

 

Зинҳорки, зулм риштасини уз,

Инсоф ила адл қасрини туз.

 

Мазмуни: Алишер Навоийнинг ушбу мисралари Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган: «Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак», деган ғоя билан ниҳоятда уйғун ва ҳамоҳанг.

Алишер Навоийнинг қуйидаги рубоийсини ўқиб, бундан қарийб олти юз йил илгари буюк бобокалонимиз ҳам адолатнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида худдики бугунги куннинг фаол фуқаролари сингари фикр юритганига гувоҳ бўламиз:

 

Адл айлаки, ул халқ ҳаёти бўлмиш,

Хуш ул киши ким, адл сифоти бўлмиш,

Ҳам мулк била адл жиҳоти бўлмиш,

Ҳам адл била мулк саботи бўлмиш.

 

Мазмуни: Адолат айлаки, ул халқ ҳаёти шу асосга қурилган. Яхши киши адолатни касб қилиб олади. Ҳукмронлик адолат билан мустаҳкам бўлади, бинобарин,  ҳукмронлик ва адолатни бирга олиб борган маъқул.

Навоий ҳазратларининг мана бу ҳикмати, фикримизча, юқоридаги мулоҳазаларни яна бир бор тасдиқлайди:

 

Адолат қилурнинг тониб ҳолатин,

Фузун қилсун элга адув олатин.

 

Мазмуни:  Мамлакатда адолат ўрнатмоқчи бўлган киши халқнинг душманга қарши мудофаа қуролини кучайтирсин.

Алишер Навоийнинг “Хазойинул-маоний” асарида, бошқа асарларидаги каби, “адл” сўзи ишлатилган мисралар кўп. Хусусан:

“адл уйи” адолат, ҳаққонийлик ўрнига қўйилган жой;

“адл бўстони” адолат боғи, адолатнинг гуллаб-яшнаши;

“адл эшиги” –  адолат, мурувват қилишга киришиш;

“адл қуёши” одиллик, адолатпешаликнинг порлоқ анъанаси;

“адл қонуни” адолат кўрсатмалари;

“адл тариқи” адолат йўл-йўриғи;

“адл занжири” адолат силсиласи;

“адл аёғи” мурувват жоми; яхшилик; марҳамат, ҳаққонийлик нашъаси;

“адл авзони” ҳақиқат ўлчови, мезони;

адл жўйбори” адолат қарор топиши, инсоф билан иш тутилиши;

“адл бунёди” адолатни тиклаш, ҳаққонийликни таъминлаш, одилона иш тутиш;

“адл бозуси” адолат қўли, ирода;

“адл амри” одиллик йўл-йўриғи; одиллик кўрсатмаси;

“анжоми адл” адолат натижаси;

“адл аҳли” адолатлилар, одиллар иборалари шулар жумласидандир.

Алишер Навоий қўллаган “адолат” тушунчаси билан боғлиқ сўз бирикмалари ҳам эътибор ва эътирофга сазовор. Навоийнинг наздида:

“адолат авжи” – адолат осмони, адолатнинг яшноқ чўққиси;

“адолат жаҳони” – одиллик дунёси, адолат даври;

“адолат олами” – инсоф, раҳмдиллик дунёси;

“адолат партави” – адолат нури, шуъласи, ёлқини;

“адолат чамани” – адолатнинг барқ урган пайти;

“адолат ҳавоси” – инсоф йўл-йўриғи;

“адолат сипеҳри” – адолат осмони, яъни юксак одиллик, деган теран маъноларни англатади.

“Адл” ва “адолат” сўзлари билан уйқаш яна бир калом борки, бу – “одил”, “одиллик”. Навоий бу сўзни ҳам адолатли, инсофли, шунингдек, тўғри ҳал қилувчи, деган маъноларда қўллайди. Масалан, “Тарихи мулки ажам” асарида шундай байт мавжуд:

 

Эрур зулмдин яхшироқ адл иши,

Чу қолмас на золим, на одил киши.

 

Одатда, Навоий ўз асарларида ҳар бир сўзнинг ранг-баранг синонимларидан унумли фойдаланган. Шу жумладан, айрим ўринларда “одил” сўзининг уйқаши сифатида “додгар” сўзини ишлатган. “Ҳайрат ул-аброр” достонидан қуйидаги парча бунга мисол:

 

Арз қилиб барчани шоҳ оллида,

Додгари мулк паноҳ оллида.

 

Кўриниб турганидек, “додгар” – адолатли, одил, арз тингловчи деган маъноларни ташимоқда. Ўз навбатида, бу сўз билан ўзакдош бўлган “додгарлик” – адолатлилик, одиллик, адолатпешалик, шунингдек, шоҳлик маъноларини беради.

“Додхоҳ” сўзи – зулмдан шикоят қилувчи, адолат истовчи, даъвогар, бундан ташқари, арз тингловчи деган мазмунда ҳам келади. “Садди Искандарий” достонидан байт:

 

Қачон тахт анга бўлса оромгоҳ,

Ки ўз додин истар эди додхоҳ.

 

Шу билан бирга, Алишер Навоий ижодида адл, адолат, одил сўзлари ишлатилмаган ҳолда, бу тушунчаларнинг моҳияти яққол очиб берилган мисралар ҳам кўп. Жумладан, Навоий шундай ҳикмат айтган:

 

Бировғаким, бировдан етди офот,

Ҳамонким қатиғроқдур мукофот.

 

Мазмуни: Бировга зарар етказган (адолатсизлик қилган) киши у кишидан (яъни, адолатсизлик жабр етказган одамдан) ҳам кўра қаттиқроқ зарар кўради.

Хулоса ўрнида яна бир бор Алишер Навоий ижодига мурожаат қиламиз:

Нечукким, эрур адл шаҳларға зеб,

Эрур ҳам гадо, хокраҳларға зеб.

Шаҳеким, адолатдур онинг иши,

Тенг эрмас анга шоҳлардин киши.

 

Яъни, Навоий айтмоқчики, адолат нафақат шоҳлар, балки оддий кишиларнинг ҳам зийнатидир. Адолатни шиор қилган шоҳга бошқа бирон-бир шоҳ тенглашолмайди.

Навоий ҳазратларининг ҳозирги ворислари – олис мозийдан салкам олти аср берида туриб бой тарихимиз, саодатли бугунимиз ва ёруғ келажагимиз суруридан баҳраманд яшаётган Истиқлол даври авлоди таъбири билан айтганда, ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси – барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, Конституция ва қонунларнинг устунлиги таъминланишидадир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14-моддасида белгиланганидек, “Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади”.

 

Акмал Саидов,

академик

("Куч адолатда" газетаси, 2021 йил 5 февраль)

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech