Америка Қўшма Штатларининг “The Diplomat” нашрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Ариповнинг “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммити ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги моделини таклиф этмоқда” сарлавҳали таҳлилий мақоласи эълон қилинди.
Муаллиф кўҳна шаҳримизда бўлиб ўтган анжуманда минтақа тараққиётининг устувор йўналишлари белгиланиб, ҳамжиҳатлик ва стратегик ҳамкорлик масаласи муҳокама қилингани, Европа эса ғоя ва ташаббусларни биргаликда амалиётга жорий этишга тайёрлигини баён қилган.
Материалда халқаро тизим ишонч инқирози, можаро ва иқтисодий бўлиниш шароитида Марказий Осиё юрагида жойлашган Ўзбекистон ўзаро ҳурмат, самарали шериклик ва ривожланиш муаммоларини биргаликда ҳал этишга қаратилган кун тартибини намоён этаётгани алоҳида таъкидланган.
– Марказий Осиё – шимолда Россия, шарқда Хитой ва жанубда Афғонистон билан чегарадош ҳудудга ўн йилча олдин можаро ва ёпиқ чегаралар минтақаси сифатида қаралар эди, – деб ёзади Э.Арипов. – Бугун эса барқарор, узвий ва очиқ ҳудуд сифатида тан олинмоқда. Марказий Осиё – ЕИ саммитидан олдин Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари томонидан давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий битим ҳамда Абадий дўстлик декларацияси имзоланиши ҳам айни ўзгаришларнинг яққол мисолидир. Бу келишувлар кўп йиллик чегара муаммосини ҳал этиб, минтақавий ҳамкорлик учун янги имкониятлар очди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки маълумотига кўра, жорий йил Марказий Осиё ялпи ички маҳсулоти ўсиши 6 фоизга етиши кутиляпти. Бу глобал ўртача кўрсаткичдан анча юқори. Минтақа иқтисодий жиҳатдан тараққиётга эришмоқда: ички савдо 4,5 баробар ошди, ўзаро инвестиция икки карра кўпайди, қўшма корхоналар сони эса беш марта ўсди.
СМТИ директори ушбу тараққиёт марказида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги ташқи сиёсат концепцияси турганини ёзган. Давлатимиз етакчиси аввал-бошданоқ “қўшнилар билан муаммосиз” тамойилни илгари сурганига эътибор қаратган.
АҚШ нашри Марказий Осиё бой инсон капитали ва ўзлаштирилмаган табиий ресурсларга эгалиги, дунёдаги аниқланган нефть ва газ захирасининг 7 фоизи ҳамда салмоқли миқдорда яшил технология ва рақамли трансформация учун зарур ноёб металларни ўз бағрида сақлаётганини қайд этган.
Зеро, охирги етти йилда ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо миқдори тўрт баробар ошиб, 54 миллиард еврога етди. Бу муносабат энди донор ва қабул қилувчи асосида эмас, балки ўзаро манфаатли ҳамкорлик шаклида ривожланмоқда.
Мақолада Европа инвестиция банкининг Тошкентда минтақавий офисини очиш бўйича келишув имзоланиши ҳам алоҳида эътиборга молик воқеа экани таъкидланган. Бу ЕИнинг минтақада узоқ муддатли ва чуқур ҳамкорликка содиқлигини кўрсатади. Ўзбекистон айни жараёнда муҳим ҳамкор сифатида намоён бўлмоқда.
Материалда, шунингдек, Европа Иттифоқи Марказий Осиёни яшил энергия, инфратузилма ва инновация учун устувор сармоя манзили сифатида кўришга интилаётгани хусусида сўз борган:
– ЕИ бизнинг минтақамизда карбон бозорини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ниятини билдириб, “Марказий Осиё – ЕИ тоза энергия шериклиги”ни тузиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини олқишлади. Кўҳна қитъа инсон капиталини ривожлантиришга фаол инвестиция киритмоқда. Erasmus+ дастури доирасида Марказий Осиё талабалари учун имкониятни кенгайтириш, сунъий интеллект, улкан маълумот ва фазовий технология соҳасида академик алмашинувни йўлга қўйиш ҳамда рақамли таълим ва инновация дастурлари орқали яқинлашиш режаларимиз ҳам бор.
Умуман, кўплаб факт, статистика ва лойиҳалар таҳлилига асосланган мақолада минтақамиз янги сиёсий-иқтисодий ўсиш суръатини олганига урғу берилган. Бинобарин, Марказий Осиё давлатлари ўз манфаатини тобора кўпроқ ягона овоз билан ифода этмоқда. Муаллиф хулоса тарзида Самарқанд мана шу минтақавий овозни намоён этиш, вазиятни муносиб баҳолаш учун қулай майдон бўлиб хизмат қилгани, Марказий Осиё давлатлари аниқ механизм, таклиф ва ҳамкорлик платформасини илгари сурганини келтирган.
Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.
ЎзА мухбири
- Қўшилди: 14.04.2025
- Кўришлар: 303
- Чоп этиш