Янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган шиддатли шиддатли ислоҳотлар давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлигини, улар фаолияти ҳақидаги ахборотлардан оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари, аҳолининг янада кенг ва очиқ-ошкора фойдаланишини таъминлаш масаласини кун тартибига қўйди.
Хусусан, 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар билан муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишга доир нормалар жорий этилгани аҳамиятлидир.
Бу ҳақда сўз борганда, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун 35(1)-модда билан тўлдирилганига эътибор қаратиш даркор.
«Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўрови» деб номланган ушбу моддага мувофиқ, оммавий ахборот воситаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров билан уларга оғзаки ёки ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат шаклида мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилади.
Агар оммавий ахборот воситасининг сўровини кўриб чиқиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари жумласига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ўзининг ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида юборилади, оммавий ахборот воситаси эса бу ҳақда хабардор қилинади.
Сўров рад этилган тақдирда, оммавий ахборот воситасига асослантирилган жавоб юборилади.
Шу ўринда «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунга ҳам иккита ўзгартириш киритилгани хусусида тўхталиш зарур.
Яъни, 3-модданинг бешинчи хатбошисидаги «кутубхоналардаги, архивлардаги» сўзлари «ахборот-кутубхона муассасаларидаги, архивлардаги, идоравий архивлардаги» деган; 6-модда иккинчи қисмининг тўртинчи хатбошисидаги «кутубхоналарнинг, архивларнинг» сўзлари эса «ахборот-кутубхона муассасаларининг, архивларнинг, идоравий архивларнинг» деган сўзлар билан алмаштирилди.
Бир қарашда булар таҳририй нуқтаи назардан киритилган жузъий тузатишлардек кўринса-да, ушбу ўзгартиришларнинг аҳамияти жуда муҳим. Бу ўринда, аввало, «ахборот ресурслари» деган асосий тушунчага таъриф берилган бўлиб, янги ўзгартиришлар эвазига бу тушунчанинг қамрови кенгаймоқда.
Мазкур ўзгартиришлар, шунингдек, журналист эркин ва монеликсиз ахборот оладиган ахборот ресурслари, биринчидан, «ахборот-кутубхона муассасалари» тимсолида замонавийлашганини кўрсатса, иккинчидан, ушбу ахборот ресурслари «идоравий архивлар» ҳисобига кенгайганидан далолат беради.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 16.12.2020
- Кўришлар: 3699
- Чоп этиш