Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясида сўзлаган нутқи мамлакатимизда, минтақамизда, жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда, Марказий Осиё минтақаси, шу жумладан, Афғонистонда, бутун дунёда кечаётган жараёнларни чуқур таҳлил қилди.
Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясининг ўзига хос хусусиятларига мухтасар тўхталиш лозим. Гап шундаки, ушбу сессия ҳам шаклан, ҳам мазмунан янгича тарзда ташкил этилди.
Сессиянинг шаклан ўзига хослиги шундаки, кейинги 75 йил ичида биринчи марта Бош Ассамблеяси мажлиси видеоконференция тарзида ўтказилди. Пандемия бутун дунёдаги вазиятга, инсонлар ҳаётига ва БМТ фаолиятига бевосита таъсир кўрсатгани оқибатида юзма-юз учрашув ҳамда мулоқотларнинг имкони бўлмади.
Ўзбекистон Президентининг нутқида ушбу ўта муҳим тарихий тадбирнинг коронавирус пандемияси туфайли онлайн мулоқот режимида бўлиб ўтиши билан боғлиқ шароитга аниқ баҳо берилди. Юртбошимиз таъкидлаганидек, "Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатди. Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, ўртамизда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини исботлади".
БМТ сессиясининг мазмунан ўзига хос хусусиятига тўхталганда, 75-сессия мазкур нуфузли универсал ташкилотнинг 75 йиллигига бағишлангани катта аҳамиятга эгалигини алоҳида қайд этиш зарур. Бутун дунё лидерлари БМТ босиб ўтган 75 йиллик масъулиятли ва шарафли йўлда эришилган ютуқлар, тўпланиб қолган муаммо ва камчиликлар, шунингдек тараққиёт истиқболлари тўғрисида ўз нуқтаи назарларини баён этдилар.
Чиндан ҳам, пандемия инқирози туфайли сайёрамиздаги вазият худди Иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир аҳволни эслатади. Инсоният яна ўшандай таҳликали, қалтис ва тушкун кайфиятни бошидан кечирмоқда.
Кейинги даврда бутун дунёга таҳдил солиб турган коронавирус пандемияси барқарор халқаро муносабатларни ривожлантиришда бир қатор муаммолар борлигини кўрсатди. Афсуски, бундай фавқулодда вазиятлар бўйича глобал стратегик режа ҳалигача мавжуд эмас.
Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклифини илгари сурди.
Президентимизнинг фикрича, ушбу Кодексда давлатларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида ўз фуқаролари ва халқаро шериклари олдидаги минимал шартлари ва мажбуриятлари акс этиши лозим.
Мазкур ҳужжатда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ташқи савдо, гуманитар, инсон ҳуқуқлари ва бошқа соҳаларда мамлакатларнинг ҳам ўз фуқаролари, ҳам хорижий шериклар олдидаги минимал шартлари ва мажбуриятларини аниқлаб бериши керак. Бунда чеклов чоралари вақтинчалик тусга эга бўлиши ва хатарларга мутаносиб даражада бўлиши лозим.
Президентимиз илк бор ушбу ташаббусини Халқаро меҳнат ташкилотининг 2020 йил 8 июлда бўлиб ўтган глобал саммитида билдирган эди. Орадан икки ой ўтиб, ушбу ташаббуснинг янада долзарблашгани яққол намоён бўлди.
Нима учун шундай Кодексни ишлаб чиқиш зарур? Гап шундаки, "Нима қилмоқ керак?" деган савол яна долзарблик касб этган ҳозирги пандемия шароитида Халқаро кодекс аввало фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаши даркор.
Шу билан бирга, бўлажак Кодекс халқаро савдо-сотиққа, айниқса, ҳаётий муҳим товар ва тиббий маҳсулотларга савдосига халақит берилмаслигини халқаро-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаши лозим. Қолаверса, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни кучайтириш учун ҳуқуқий асос бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Бошқача айтганда, Ўзбекистон Президентининг ушбу ташаббуси моҳиятига кўра, бундай Халқаро кодекс ўзида инқирозли ҳодисаларга нисбатан бутун дунё миқёсида жамоавий чора кўришнинг ишончли тизимини ишлаб чиқиш учун назарий ҳамда ҳуқуқий асосларни ўзида мужассам этиши мумкин.
Бу, ўз навбатида, халқаро ҳамжамиятга трансмиллий кўламдаги ҳар қандай таҳдидларга нисбатан мувофиқлаштирилган ва тезкор жавоб чораларини кўришида жуда қўл келган бўлур эди.
Президентимизнинг Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни қабул қилишга доир ташаббуси дунёдаги таниқли олимлар ва экспертларнинг ушбу йўналишдаги фикрларига тўла мос тушади. Айни чоғда, бу ташаббус БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги глобал вазифаларга ҳамоҳангдир.
Президент Шавкат Мирзиёев халқаро ҳамжамиятни яна бир бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди. Бинобарин, давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифи билан чиққанди.
Ўтган даврда Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамаларидан ўтказилди. Миллий ва халқаро доираларда, хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумида атрофлича муҳокама қилинди. Ушбу форумда қабул қилинган ва БМТ ҳужжати сифатида тарқатилган ёшлар ҳуқуқларига доир резолюцияда билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида лойиҳа янада маромига етказилди.
Шу муносабат билан, Ўзбекистоннинг глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган мазкур умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишга доир таклифи долзарб ва мантиқан асослидир.
Конвенция, шубҳасиз, бутун дунёдаги 2 миллиард нафардан кўпроқ ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ўз қобилияти ва истеъдодини рўёбга чиқаришига хизмат қилади. Бундай халқаро-ҳуқуқий ҳужжат, шунингдек ер юзида зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олишда алоҳида аҳамият касб этиши тайин.
Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг уч устувор йўналиши, яъни тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, барқарор иқтисодий тараққиёт ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўналишлари бор. Давлатимиз раҳбарининг миллий, минтақавий ва глобал миқёсдаги таклифлари айни шу йўналишлар билан узвий боғлиқдир.
БМТ жамиятни давлат, бизнес ва фуқаролик жамиятига бўлади. Ўзбекистон берган таклифлар шу секторларнинг ҳар бирини қамрайди. Шунингдек, БМТ минбаридан билдирилган ушбу таклифлар Ўзбекистон тасвирини халқаро миқёсда чизиб берди.
Хусусан, БМТ тарихида илк бор Президентимиз 2 та муҳим масала - Барқарор тараққиёт мақсадлари ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентнинг ролини ошириш масалаларини ўзаро боғлаган ҳолда, махсус резолюция қабул қилиш таклифини илгари сурди. Бундай ёндашув илгари кузатилмаган.
Бу ўринда Ўзбекистон Президентининг Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббуси ҳақида сўз бормоқда. Ушбу ташаббуснинг икки муҳим жиҳати бор.
Биринчи жиҳати - Барқарор ривожланиш мақсадлари ва парламент фаолияти билан узвий боғлиқдир. Хусусан, айни вақтда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг 5 йиллигига якун ясалиб, навбатдаги 10 йиллик фаолият бўйича аниқ мақсад-вазифалар белгиланмоқда.
Барқарор ривожланиш мақсадларининг Ўзбекистонда бажарилиши бўйича миллий индикаторлар қабул қилинди. Бу борада мониторинг олиб бориш учун Парламент комиссияси тузилди. БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгашига айни соҳадаги ишлар билан боғлиқ Ихтиёрий миллий шарҳ тақдим этилди.
Иккинчи жиҳати - парламент ва инсон ҳуқуқлари мавзусига тааллуқлидир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, миллий парламентлар халқаро мажбуриятларни миллий стратегиялар ва қонунларга уйғунлаштириш жараёнида жуда катта роль ўйнайди.
Парламентлар қонунлар қабул қилади ва уларнинг ижроси устидан назоратни амалга оширади. Шу орқали давлатларнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва инсон ҳуқуқлари доирасида зиммасига олган мажбуриятлари бажарилишида шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлайди.
Халқаро ва минтақавий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари тавсиялари билан натижадор иш олиб бориш, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари самарадорлигини ошириш борасида ҳам парламентлар алоҳида ўрин тутади.
Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан "Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисида"ги резолюциясининг қабул қилиниши ғоят муҳим аҳамиятга эга.
БМТдан кейин иккинчи ўринда турадиган нуфузли халқаро ташкилот — Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги таклифини амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини билдирди.
Давлатимиз раҳбарининг яна бир ташаббуси - ЮНЕСКО билан ҳамкорликда 2021 йилда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форум ўтказишдир. Ушбу ташаббус Ўзбекистон Президенти доимо Марказий Осиё минтақасининг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасига катта эътибор қаратиб келаётганининг яна бир амалий тасдиғи бўлди.
Саволлар туғилиши табиий: Нима учун айнан шу мавзуда халқаро форум ўтказиш долзарб? Бу анжуманни нима сабабдан Хива шаҳрида ўтказиш таклиф этилмоқда? Ва ҳоказо.
Ўзбекистон учун "Марказий Осиё - жаҳон цивилизациялари чорраҳасида" халқаро форумини ўтказиш қуйидаги омилларга кўра жуда муҳим ҳисобланади. Яъни:
- мамлакат янги ташқи сиёсий йўлини амалда татбиқ этишда "маданият дипломатияси" воситаларидан самаралари фойдаланиш имкони яратилади;
- минтақамиз мамлакатлари жамоатчилиги орасида биз барчамиз "Марказий Осиё" деб аталувчи ягона маконга мансуб эканимизни чуқур англаш туйғусини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, бинобарин, давлатларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантиришда бу ўта муҳим омил ҳисобланади;
- Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар халқларининг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси яна бир бор, янгидан намоён этилади;
- Марказий Осиё халқларининг илмий ва интеллектуал меросини ўрганишга нисбатан халқаро илмий ҳамжамият қизиқишини оширишга эътибор қаратилади;
- Марказий Осиёда маданий ва тарихий меросни тиклаш ва тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларга жаҳон жамоатчилигининг диққати ва кўмаги жалб этилади;
- Хива шаҳри, умуман, Ўзбекистоннинг тарихий диёр мақомидаги сайёҳлик бренди тарғиб этилади.
Яна бир муҳим жиҳат: халқаро форумнинг ЮНЕСКО билан ҳамкорликда ўтказилиши мазкур нуфузли халқаро ташкилот билан ўзаро амалий муносабатларимизни янада мустаҳкамлайди.
Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш ғоясига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратди. Бу ташаббус замирида Юртбошимизнинг: "Биз Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қабул қиламиз", деган ғояси мужассамдир.
Ўзбекистон Президенти халқаро ҳамжамият биргаликда ва яқин ҳамкорлик орқали афғон халқининг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқариши учун янги шиорни кун тартибига қўйди. Яъни: “Беқарор ва вайронкор вазиятдан – тинчлик ва бунёдкорлик сари” деган тамойил асосида иш олиб бориш муҳимдир".
Бошқача айтганда, Ўзбекистон Президенти ушбу халқаро ташаббусни жаҳон ҳамжамияти эътиборига ҳавол этар экан, Афғонистон муаммосига тинчлик ва куч ишлатмаслик маданияти назариясининг алоҳида ўрнини ҳисобга олган ҳолда ёндашгани жуда аҳамиятлидир.
Юртбошимиз таъбири билан айтганда, "Ушбу қўмитанинг асосий вазифаси Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак беришдан иборат бўлиши зарур”. Давлатимиз раҳбарининг мазкур ташаббуси стратегик ва концептуал аҳамиятга молик.
Биринчидан, бугунги кунда сайёрамиздаги ягона универсал халқаро ташкилот ҳисобланадиган ва дунёнинг барча мамлакатлари вакилларини ўзида жамлаган БМТ ҳузурида доимий асосда ишлайдиган Қўмита ташкил этилиши, шубҳасиз, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришнинг энг муҳим масалалари юзасидан минтақавий ва халқаро консенсус, яъни якдил келишувни мустаҳкамлаш имконини беради.
Иккинчидан, БМТ ҳузурида доимий асосда ишлайдиган Қўмитанинг ташкил этилиши мазкур нуфузли халқаро ташкилот доирасида афғон инқирозини ҳал этиш масаласига устувор аҳамият қаратишга, халқаро ҳамжамиятнинг бу йўналишдаги ишларида тизимлилик ва самарадорликни таъминлашга йўл очади.
Учинчидан, доимий асосда ишлайдиган Қўмита Афғонистонни геосиёсий курашлар майдони сифатида кўриш эмас, аксинча, минтақавий ҳамкорлик маконига айлантириш борасида улкан аҳамият касб этади.
Тўртинчидан, Президентимизнинг ушбу ташаббуси ҳудудида 40 йилдан бери уруш давом этаётган ҳамда 20 дан ортиқ минтақавий ва халқаро террорчилик гуруҳлари фаолият олиб бораётган Афғонистонда терроризм ва экстремизмга қарши кураш самарадорлигини сезиларли даражада оширади.
Бешинчидан, БМТ ҳузурида доимий асосда ишлайдиган Қўмитанинг таъсис этилиши Афғонистонда инфратузилмавий ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун жаҳон ҳамжамияти маблағларини йўналтириш имконини беради. Натижада ушбу мамлакатда узоқ муддатли ва барқарор тинчликни таъминлаш учун мустаҳкам пойдевор яратилади.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, Марказий Осиё минтақасини барқарор ва шахдам ривожлантиришни таъминлаш ишига сезиларли даражада таъсир кўрсатиши шубҳасиздир.
Ўзбекистон Президенти ўз нутқида, шунингдек Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал антитеррор стратегияси доирасидаги Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференция ўтказиш ташаббусини баён этди.
Мазкур халқаро конференциянинг 2021 йилда ташкил этилиши ва ушбу муҳим анжуманда Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё давлатлари ўзаро ҳамкорликда кейинги 10 йил ичида амалга оширган ишларнинг сарҳисоб қилиниши бутун минтақамиз миқёсида ўта муҳим аҳамият касб этади. Мазкур конференциянинг ўтказилиши:
- терроризмга қарши кураш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга Ўзбекистоннинг қўшган муносиб ҳиссаси бўлади;
- минтақа мамлакатларининг терроризмга қарши кураш, терроризмга қўл келадиган туб сабабларга барҳам бериш борасидаги ўзаро мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларини фаоллаштиришга янгидан туртки беради;
- Ўзбекистоннинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва халқаро терроризм таҳдидларига қарши курашиш соҳасида ошиб бораётган ролини намоён этади.
- Бундан ташқари, ушбу ташаббус Марказий Осиё ўзининг мавжуд барча минтақавий муммолари билан биргаликда Ўзбекистон ташқи сиёсатида устувор аҳамиятга эга эканлигини яна бир бор таъкидлаш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президентининг БМТ 75-сессиясида сўзлаган нутқи халқаро ва хорижий экспертлар томонидан юксак баҳоланмоқда. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида иштирок этган Юристлар халқаро кенгаши раиси Аниш Агарвала Президент Шавкат Мирзиёев инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ташаббуслари билан нафақат Марказий Осиёда, балки бутун Осиё минтақасида пешқадамлик қилмоқда, деган фикрни айтди.
Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки Юртбошимиз БМТ онлайн минбаридан ўзбек тилида сўзлаган нутқида, аввало, глобал воқеликларга атрофлича ва холис баҳо берди. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари томонидан нафақат миллий ва минтақавий, балки бутун инсоният тақдирига дахлдор бир қатор долзарб муаммоларга эътибор қаратилиб, уларни ҳал этишга доир муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори
("Куч - адолатда" газетаси, 2020 йил 9 октябрь)
- Қўшилди: 12.10.2020
- Кўришлар: 3922
- Чоп этиш