Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакили жума куни Ливанда "Ҳизбуллоҳ" ихтиёридаги кўчма алоқа воситалари портлатилиши халқаро ҳуқуқ бузилиши ва уруш жинояти бўлиши мумкинлигини айтди.
Юқори мартабали расмий Исроил ва Ғазо сектори ҳамда Ливандаги гуруҳлар ўртасидаги кескинлашув муқаррар равишда кенг минтақавий можаро чиқариши эҳтимоли борлигини таъкидлади.
Сешанба ва чоршанба кунлари Ливан бўйлаб тинч аҳоли билан тўла жамоат жойларида пейжерлар ва рациялар портлаб, камида 37 киши ҳалок бўлди, 3000 дан ортиқ одам жароҳатланди.
"Ҳизбуллоҳ" дарҳол Исроилни зўравонликда айблади, бироқ Исроил ҳукумати ҳужумларга тўғридан-тўғри изоҳ бермади.
– Оддий аҳоли орасида террор мақсадида зўравонлик қилиш уруш жиноятидир, – деди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк. – Ушбу ҳужумлар урушнинг янги ривожланишини англатади. Алоқа воситалари бир вақтнинг ўзида бозорлар, кўчалар ва уйларда кундалик ҳаётга раҳна солиб, портловчи қуролга айланди.
У кенгашга бундай ҳаракатлар "норма бўлиши мумкин эмаслиги"ни айтди ва портлашлар бўйича "мустақил, чуқур ва шаффоф тергов" ўтказилиши кераклигини қўшимча қилди.
– Ушбу ҳужумларни буюрган ва амалга оширганлар жавобгарликка тортилиши керак, – деди у. – Очиғини айтсам, бу усул янги ва нотаниш бўлиши мумкин. Барибир, халқаро гуманитар ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунлар мустақил амал қилади ва ҳурмат қилиниши шарт, – деди у.
БМТ Бош котибининг сиёсий ва тинчлик ўрнатиш масалалари бўйича ўринбосари Розмари ДиКарло сўнгги пайт кучайган Исроил ва ХАМАС ўртасидаги можаро “шу пайтгача кузатилган вайронагарчилик ва азоб-уқубатдан ҳам кучлироқ ёнғинга айланиши”дан хавотир билдирди.
– Кўк чизиқ бўйлаб, деярли, ҳар куни отишма, – деди у, – Ғазо секторида қон тўкиш давом этяпти. Бир йилга яқин муддатда жуда кўп одам ҳалок бўлди, кўчирилди. Жуда кўп тирикчилик воситалари йўқ қилинди.
– Бундай ножўя ишдан чекиниш учун ҳали кеч эмас, – деди у. – Ҳамон имконият бор: кечикмасдан дипломатиядан фойдаланиш керак. Бош котиб томонларни ХК 1701-резолюциясини тўлиқ бажариш бўйича мажбуриятини янгилаш ва зудлик билан жанговар ҳаракатни тўхтатишга ундамоқда.
ЎзА
- Қўшилди: 23.09.2024
- Кўришлар: 808
- Чоп этиш