Жиноят кодексининг оилавий (маиший) зўравонлик тўғрисидаги 126-1-моддаси болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик билан тўлдирилмоқда.
Қонунчилик палатасининг 16 июлдаги ялпи мажлисида оилавий (маиший) зўравонликлардан ҳимоялаш чоралари кучайтирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.
Қонун лойиҳаси билан Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларнинг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Жиноят кодексининг оилавий (маиший) зўравонлик тўғрисидаги 126-1-моддаси болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик билан тўлдирилмоқда.
Амалдаги нормада эр-хотин ёки оилада бирга яшовчи бошқа шахсларга нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлса-да, бу ҳаракатларни болага нисбатан содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган эди.
Жиноят-процессуал кодексининг 583-моддаси “Оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киришидан олдин берилиши мумкин” мазмунидаги иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.
Мажлисда қайд этилишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болалар ва хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашининг олдини олиш чоралари самарадорлигини оширишга, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳит яхшиланишини таъминлашга хизмат қилади.
Kun.uz
- Қўшилди: 17.07.2024
- Кўришлар: 1188
- Чоп этиш