Куни кеча 21 октябрь - “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кун юртимизда Ўзбек тили байрами сифатида биринчи маротаба кенг миқёсда нишонланди. Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 21 октябрда қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан, ушбу тарихий сана байрам куни деб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбек тили байрами муносабати билан мамлакатимиз халқига йўллаган табригида қайд этилганидек, "Бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз".
Мамлакатимизда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятига бу қадар юксак эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки ушбу сана маънавий ва маърифий, ҳуқуқий ва сиёсий жиҳатдан ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистоннинг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни бундан 31 йил олдин, 1989 йил 21 октябрда - Мустақиллигимиз эълон қилинишидан тахминан икки йил илгари қабул қилинган. Юртимизда мустабид тузум ҳали ўз ҳукмини ўтказиб турган ғоят оғир шароитда халқимизнинг тақдири ва келажагини ҳал қиладиган бу қонунни қабул қилиш осон кечмаган.
Президентимиз таъбири билан айтганда, "Ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди. Айни вақтда у Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги сари қўйилган биринчи дадил қадам эди".
Янги Ўзбекистонда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга қаратилган янгидан-янги ташаббуслар илгари сурилаётгани жуда муҳим.
Янада муҳими, бу борадаги саъй-ҳаракатлар, бир томондан, ушбу соҳада тўпланиб қолган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Иккинчи томондан, янгича ташаббуслар мамлакатимизда ўзбек тилини замон талаблари асосида ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасидаги масъулиятли вазифаларларнинг самарали ижроси учун ниҳоятда зарур.
Бу ҳақда фикр юритганда, авваламбор, Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 21 октябрда қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар доирасидаги амалий ишларга мухтасар тўхталиш мақсадга мувофиқдир.
Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 декабрда қабул қилинган 984-сон қарори билан Давлат тилини ривожлантириш департаменти тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Иккинчидан, хорижий давлатлар тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда, Атамалар комиссияси тузилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 январда қабул қилинган 40-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссиясининг вазифалари белгиланди.
Шунингдек, Атамалар комиссиясининг таркиби ва Низоми тасдиқланди. Низомга мувофиқ, Атамалар комиссияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Комиссия асосан янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш билан шуғулланади.
Учинчидан, 2020 йил 10 апрелда “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди.
Тўртинчидан, “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан такомиллаштирилган янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳужжатда давлат тили софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш каби муҳим йўналишлар қамраб олинади.
Ўз навбатида, Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрда имзоланган «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони алоҳида эътиборга сазовор.
Мазкур ҳужжатда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга доир истиқболдаги вазифалар кўзда тутилган.
Шу билан бирга, Фармонда Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари ва устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Президент Фармонига биноан, ўзбек тилини янада ривожлантиришга қаратилган учта муҳим ҳужжат тасдиқланди. Булар:
биринчидан, 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси;
иккинчидан, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2020-2022 йилларда амалга ошириш дастури;
учинчидан, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари.
Хусусан, бу борадаги асосий йўналишлар қуйидагиларни назарда тутади:
- 2025 йилга қадар давлат мактабгача таълим тизимида ўзбек тилли гуруҳлар қамровини 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга етказиш;
- 2030 йилга қадар умумтаълим мактабларида ўқув йиллари учун таянч ўқув режаларида она тили фанини ўқитиш кўламини амалдаги ҳафтада 84 соатдан 110 соатгача ошириш;
- олий таълим муассасаларида ўзбек тили кафедралари сонини 2025 йилга қадар 120 тага, 2030 йилгача эса 140 тага етказиш;
- лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида “Ўзбекистон миллий қомуси” жилдларини нашр этишни босқичма-босқич кўпайтириб бориш;
- 2020 йилда ўзбек тилининг луғат бойлигини оширувчи 15 та лингвистик, соҳавий-терминологик, изоҳли луғатлар яратиш;
- телерадиоканаллар сухандон-бошловчиларининг ўзбек адабий тилидаги нутқ маданиятини оширувчи қайта тайёрлов курсларида ўқитиш тизимини жорий этиш ва қамровни 2030 йилгача 100 фоизга етказиш;
- 2025 йилга қадар давлат тилида соҳавий иш юритиш ҳужжатларининг ягона электрон намуналарини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш учун 14 та онлайн дастур ишлаб чиқиш, 2030 йилгача эса ушбу кўрсаткични 25 тага етказиш;
- дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловалари ва электрон луғат дастурларини яратиш;
- хорижликлар учун ўзбек тилини ўргатувчи дастурлар яратиш;
- 2030 йилга қадар хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар сонини амалдаги 17 тадан 60 тагача кўпайтириш;
- 2025 йилга қадар “Ўзбек тилининг дўстлари” клублари сонини 30 тага, 2030 йилгача эса 40 тага етказиш.
Фармонда белгиланган ана шу аниқ ва қамровдор взифалар ижросини таъминлаш учун давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, тиббиёт соҳаларида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва ҳарбий муассасалар фаолиятида тўлиқ давлат тилида иш юритиш бўйича бошланган ишларни изчил кучайтириш тақозо этилади. Зеро, мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, "Давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиши зарур".
Шуни ҳам қайд этиш керакки, 1989 йили “Давлат тили тўғрисида”ги қонунда акс этган муҳим ҳуқуқий қоидалар кейинчалик, 1992 йилда Мустақиллик Қомуси – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида қуйидагича мустаҳкамланди:
“Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”.
Ўзбек тили – Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг мутлақ кўпчилиги бўлмиш ўзбек халқининг она тилидир. У Ўзбекистон бирлиги ва яхлитлиги, жамият жипслигининг муҳим омили ҳам ҳисобланади. Ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши эса унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
Маълумки, давлат тили сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда халқни бирлаштирувчи қудратли восита саналади. Она тилимиз сўзлашувчилар сони кўплигига кўра, сайёрамизда энг кенг тарқалган 40 та тилдан бири экани ҳам қувонарлидир.
Давлатимииз раҳбари таъбири билан айтганда, “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир”.
Аммо, мустабид тузум ҳукмронлиги даврида халқимизнинг ўзига хос жасорати тимсоли сифатида қабул қилинган “Давлат тили тўғрисида”ги қонун ижроси, афсуски, кўп йиллар давомида деярли ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Қонун ижросини назорат қилишга масъул бўлган парламент ҳузуридаги Доимий тил комиссияси ҳамда Атамашунослик қўмитаси фаолияти эса тугатиб юборилган эди.
Мазкур далилларнинг ўзиёқ ўтган даврда бу соҳада ҳатто ортга кетишлар ҳам юз берганини кўрсатади. Аслида ҳам, кейинги 30 йил давомида давлат ва жамиятда тилнинг ижтимоий онгни шакллантирувчи муҳим омил эканига, инсон қайси тилда сўзласа ва фикрласа, ўша тилдаги мафкурага мойил бўлишига етарлича аҳамият қаратилмаганидан кўз юмиб бўлмайди.
Шу маънода, Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичи – миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда яшаётган, Ўзбекистонимизни ягона ва аҳил оила деб биладиган турли миллат ва элатлар вакиллари ҳам ўзбек тилини ўрганишга катта қизиқиш ва истак билдираётганлари айниқса эътиборлидир.
Хулоса қилиб айтганда, она тили миллатнинг руҳи, борлигимиз ва бирлигимиз, давлат тимсоли эканини эътиборга олган ҳолда, уни асраш ва ривожлантириш ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчи ҳисобланади. Бу борада Юртбошимизнинг Ўзбекистон тарихида илк бор БМТ минбаридан жаҳон ҳамжамиятига ўзбекча, яъни давлат тилида мурожаат қилгани барчамиз учун юксак намуна ва муносиб ўрнакдир.
Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, "неча асрлар оша аждодларимиздан бизга безавол ўтиб келаётган она тилимизнинг равнақи ва истиқболи ҳақида қайғуриш – бу миллатнинг ўзлигини англаши, унинг маънавий камолотини юксалтириш учун кураш демакдир. Давлат тилининг обрў-эътибори – бутун халқ, бутун жамиятнинг обрў-эътиборидир".
Ғулом Мирзо
("Куч - адолатда" газетаси, 2020 йил 23 октябрь)
- Қўшилди: 26.10.2020
- Кўришлар: 4625
- Чоп этиш