Давра суҳбати мавзуси: Ўзбекистоннинг БМТ 75-сессиясидаги ташаббуслари

2020 йил 28 сентябрь куни Тошкент давлат юридик университетида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги ташаббуслари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Видеоконференция алоқа шаклида ўтказилган тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий ваколатхонаси экспертлари, юртимиз олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этди.

Иштиркчилар давлатимиз раҳбарининг яқинда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясидаги нутқининг моҳияти ва аҳамиятини атрофлича таҳлил қилдилар.

Асосий эътибор ушбу нутқда минтақавий ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, инсон ҳуқуқларига риоя этишни қўллаб-қувватлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш каби глобал ва минтақавий миқёсдаги долзарб масалалар юзасидан илгари сурилган ташаббуслар мазмунига қаратилди.

Онлайн давра суҳбатида асосий маърузачи - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов БМТ 75-сессиясида илгари сурилган Ўзбекистон ташаббусларининг асосий жиҳатларига тўхталди.

Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ фаолиятининг устувор йўналишлари - тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, барқарор иқтисодий тараққиёт ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича миллий, минтақавий ва глобал аҳамиятга эга таклифлар берилганлиги алоҳида таъкидланди. Ушбу таклифлар ҳар уч сектор - давлат, бизнес ва фуқаролик жамияти секторларини қамраб олади.

Давра суҳбатида, шунингдек БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Хелена Фрейзер сўзга чиқиб, мавзу бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг нафақат тўлақонли субъекти, балки халқаро норма ижодкорлиги бўйича ташаббускорликда дунё миқёсида етакчи давлатлардан бирига айланганлиги қайд этилди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг халқаро ҳамжамиятнинг энг олий минбаридан Пандемиялар шароитида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги кодекс қабул қилишга оид ташаббуси жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани бу фикрни яна бир бор тасдиқлайди.

Шунингдек тадбир иштирокчилари Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишда олимлар, экспертлар ва кенг жамоатчиликнинг фикрини инобатга олиш муҳимлигини таъкидладилар. Мазкур муҳим ташаббусларни амалга оширишга оид саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва ўзаро фикр алмашиш мақсадида шу каби тадбирларни кўпроқ ташкил этишга келишиб олинди. 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech