“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг ёшлар ҳуқуқларига бағишланган махсус сони

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилда Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 70 йиллигига бағишлаб Инсон ҳуқулари бўйича Осиё анжуманини ўтказиш ташаббускори бўлган эди. Ушбу ташаббус Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби А.Гуттериш томонидан қўллаб-қувватланган эди.

2018 йилда бўлиб ўтган Осиё анжумани инсон ҳуқуқларининг жаҳон амалиётига “Самарқанд руҳи”ни киритди. Ушбу халқаро тадбир якунлари асосида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий ҳамкорликни янада мутаҳкамлаш мақсадлари кўзланиб,  Самарқандда Осиё анжуманини ҳар икки йилда ўтказиб туришга қарор қилинган эди.

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг 3-сони махсус ана шу Самарқандда 2020 йил 12 августда ўтказиладиган, “БМТ-75” ташаббуси доирасида ташкил қилинган Самарқанд форуми ва Халқаро ёшлар кунига бағишланди.

Журналнинг ушбу сонида “Янги Ўзбекистон – янги парламент” рукни остида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг раиси Танзила Нарбоеванинг “Олий Мажлис Сенати: яқин ва узоқ истиқболимиздаги фаолиятимизнинг бош мезони – халқ фаровонлигини юксалтиришдир” сарлавҳали мақоласи эълон қилинган.

Муаллиф бугунги кунда сенаторлардан мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларда  шунчаки кузатувчи бўлиб четда туриш эмас, аксинча, ана шу янгиланишларнинг фаол иштирокчиси, ташаббускорига, парламент назорати институтининг муҳим субъектига айланиш талаб этилаётганига урғу берган. Бунинг учун парламент юқори палатасининг иш услубини тубдан ўзгартириш, ижтимоий сиёсатннг аҳоли манфаатларига хизмат қилишига эришиш, халқаро алоқалар ва парламентлараро муносабатларни янги мазмун билан бойитиш, коррупцияга қарши курашни кучайтириш, халқ билан мулоқот ва жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш вазифалари батафсил таҳлил этилган ва уларни амалга ошириш ғоялари илгари сурилган.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси билан чиққан эди.  Самарқанддаги иккинчи Осиё анжумани кун тартибидаги асосий масала ҳам ана шу жуда муҳим халқаро ҳужжат лойиҳасини атрофлича муҳокама қилишдир.  Журналда эълон қилинган мақолаларнинг аксарияти ҳам ана шу мазудадир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Баҳтиёр Мирбобоев ўз таҳлилий мақоласида фуқаролар, шу жумладан ёшлар ҳуқуқлари таъминланишининг конституциявий-ҳуқуқий кафолатларига аниқлик киритган. Муаллиф айниқса ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари камситилишига йўл қўймаслик муҳимлигини уқтиради.

Шуниси эътиборлики, журналда халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг нуфузли раҳбарлари ёшлар ҳуқуқларининг турли  муаммолари бўйича таҳлилий мақолалари билан қатнашганлар. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Ришард Коменда ёшлар ҳуқуқлари масаласи кўп йиллар давомида БМТ кун тартибидан тушмай келаётганига эътиборни қаратади. Чунки ёшлар жаҳон аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил этади ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш барча давлатлар учун долзарбдир. Хусусан Ўзбекистонда аҳолининг 60 фоизидан ортиғини 35 ёшгача бўлганлар ташкил этади.

Р.Коменда ўз мақоласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ёшлар стратегиясини амалга оширишда Ўзбекистонни фаол давлатлардан бири эканлигини алоҳида таъкидлайди.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ёшлар анжуманининг бош директори Расул Омаровнинг журналда эълон қилинган мақоласида Ислом ҳамкорлик ташкилолтининг ёшлар стратегияси батафсил баён этилган. Ислом ҳамкорлик ташкилолтининг ёшлар стратегиясида ёшларнинг миллий даражада эҳтиёжларини қондириш воситаларидан фойдаланиш, ўзаро қўллаб-қувватлаш механизмларини ишга солиш, ёшлар билан мулоқотни йўлга қўйиш концепцияси мужассамлашган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича гуруҳ раҳбари Чаронис Жорж Константинос эса ўз мақоласида демократик жамият барпо этиш ва Барқарор ривожланишга эришишда ёшларнинг ролини очиб берган. Муаллиф ёшларнинг ўз мамлакатлари сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишлари, сайлаш ва сайланишдаги,  ўз тақдирларига тааллуқли қарорлар қабул қилишда иштирок этишларидаги чегаралашлар, меҳнат қилиш ҳуқуқларининг таъминланмаётганлиги ва бошқа  мавжуд  қатор муаммолар, уларни ҳал қилиш йўлларига диққат-эътиборни жалб этади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, академик Акмал Саидов ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директорининг биринчи ўрибосари, юридик фанлари  доктори Мирзатилла Тиллабоевнинг “Ёшлар ҳуқуқлари: халқаро, минтақавий ва миллий стандартлар” мақоласида ёшларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга доир халқаро ва минтақавий ҳужжатлар чуқур таҳлил қилинган. Муллифлар, шунингдек БМТнинг Ривожланиш мақсадлари ва Ўзбекистонда ёшлар сиёсатини амалга оширишнинг устувор йўналишлари, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишинг истиқболларига ҳам батафсил тўхталганлар.

Муаллифлар Алишер Хурсандов, Шоҳжаҳон Рашидов, Эркин Эрназаров, Зафар Шакаровларнинг Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари, айрим хорижий давлатларда ёшларга оид давлат сиёсатини амалиётга жорий этиш механизмлари, ёшларнинг ўз салоҳиятларини намоён қилишлари учун зарур ҳуқуқий асослар, ёшларнинг меҳнат қилиш  ҳуқуқлари халқаро  нормаларига доир мақолаларида ҳам долзарб масалалар кўтариб чиқилган.

Журналнинг ушбу сонида шунингдек ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларнинг ахборот оқимидан самарали фойдаланишларини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш ва бошқа мавзулардаги илмий мақолалар эълон қилинган.

Эркин Эрназаров,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech