Дунё бўйлаб ҳар етти дақиқада бир ўсмир зўравонлик оқибатида вафот этади

Сўнгги йилларда болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонликлар сони ошиб бормоқда. Ҳар йили камида бир миллиард бола у ёки бу зўравонликка дуч келади. Бу дунё болаларининг ярми демакдир. Дунёдаги 2 ёшдан 4 ёшгача бўлган болаларнинг тўртдан уч қисми - тахминан 300 миллион нафари уйда ўз қаровчилари томонидан руҳий тазйиқ ёки жисмоний жазони бошдан кечиради.

Мавжуд маълумотларга кўра, 30 та мамлакатда бир ёшли болаларнинг тахминан 10 тадан 6 таси мунтазам равишда зўравонликка асосланган тарбия асосида вояга етмоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, дунё бўйлаб ҳар етти дақиқада бир ўсмир зўравонлик оқибатида вафот этади. Қайд этилишича, ногиронлиги бўлган болалар ногиронлиги бўлмаган болаларга қараганда зўравонликни бошдан кечириш эҳтимоли деярли тўрт баробар юқори. Тўртта ёш боладан учтаси ўз тарбиячилари томонидан мунтазам равишда зўравонликка асосланган равишда тарбия қилинади. Мактаб ёшидаги болаларнинг ярми - 732 миллион нафари мактабда жисмоний жазо тўлиқ тақиқланмаган мамлакатларда яшайди.   

Мамлакатда боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, боланинг ҳаёти ва соғлиғини, қадр-қимматини муҳофаза қилиш, унинг камситилишига йўл қўймаслик, ёш авлоднинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида қаралмоқда. Бугун болалар мажбурий меҳнатига бутунлай чек қўйилди, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун жавобгарлик кучайтирилди. Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди.   

Шунингдек, мактабгача таълим билан қамров даражаси оширилиб, мактаб таълим тизими тубдан ислоҳ қилинди. Иқтидорли болалар ўзларини намоён қила олишлари учун зарурий шарт-шароитлар яратилди. Президент мактаблари, махсус иқтидорли болалар мактаблари, ижод мактаблари ва “Темурбеклар мактаби” ташкил этилгани ҳам шулар жумласидан.   

Мавжуд қонунчиликда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда ота-оналарнинг иштироки ва уларнинг мажбуриятлари белгилаб қўйилган. Жумладан, ота-оналар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиши, уларга ғамхўрлик кўрсатиши ҳамда зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиши шартлиги, болаларни тарбиялашда уларни жисмоний жазолаш тақиқланиши назарда тутилган. Шу билан бирга, қонунда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, зўравонликка учраган болаларга ҳимоя ордери бериш ва бепул ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш лозимлиги қайд этилган.   

Соҳа вакилларининг таъкидлашича, зўравонлик туфайли жабрланган шахс ариза билан тегишли ваколатли органларга ёки судга мурожаат этиши, махсус марказларда, шунингдек телефон линияси орқали бепул ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиши мумкин.   

Шу билан бирга, зўравонликдан жабрланган болаларга ҳимоя ордери бериш тартиби йўлга қўйилди. Бу ҳимоя ордери ички ишлар органлари томонидан ўттиз кун муддатгача берилиши ва ваколатли давлат органи иштирокида жабрланувчига топширилиши айтилган. Агар таҳдид ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати зўравонликдан жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакили аризасига кўра, жиноят ишлари бўйича суд томонидан бир йилгача узайтирилиши мумкин.   

Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий йилнинг 31 майида қабул қилинган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган.   

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech