Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 19 октябрда қабул қилинган "Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорида таъкидланганидек,"Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади".
Инсонни улуғлаш ва инсонлар ўртасидаги ўзаро меҳр-муҳаббатни тараннум этиш Алишер Навоий ижоди марказидаги энг ҳаётий мавзулардан биридир. Буни улуғ шоирнинг ижодий ва амалий фаолиятида ўз аксини топган адолатпарварлик ғояси мисолида яққол кўриш мумкин.
Темурий шоҳ Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийга "Муқарраби ҳазрати султоний", яъни "Султон ҳазратларининг энг яқин кишиси" деган юксак унвон берган. Ҳазрат Навоий давлат арбоби сифатида фаолият юритганида ҳам, шоир ва мутафаккир мақомида сара асарлар битганида ҳам, у зотнинг асосий мақсади, аввало, инсоннинг мукаррамлигини улуғлаш ҳамда инсон манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишдан иборат бўлган.
Тарихий манбаларга кўра, Алишер Навоий Самарқандда машҳур олим Хожа Фазлуллоҳ Aбуллайс ҳузурида фиқҳ илмидан сабоқ олган. Бу ҳақда шоирнинг ўзи “Мажолис ун-нафоис” асарида шундай ёзган: “Фақир икки йил аларнинг қошида сабақ ўқуб эрдим, анча илтифотлари бор эрдиким, “фарзанд” дер эрдилар”.
Алишер Навоий асарларини мутолаа қилиш асносида, фиқҳий атамалар улуғ шоир томонидан жуда кенг маъноларда, айни вақтда, ниҳоятда аниқ ва жуда нуктадонлик билан қўлланганини кўрамиз. Масалан, Навоий “адл” сўзини адолат, ҳақлик, тўғрилик, ҳаққонийлик, инсоф тушунчаларини англатиш учун ишлатса, ўз навбатида, “адолат” сўзини ҳаққоният, инсофлилик, шафқатлилик, одиллик маъноларида қўллаган.
Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини, фиқҳ, яъни ҳуқуқ ва адолатнинг мазмун-моҳиятини Алишер Навоийдек теран ифода этган ижодкор жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Ҳазрат Навоийнинг инсоният тарихи ва унинг башарият олдидаги улуғ хизматларидан бири шундаки, у адолат ва одиллик туйғусини ҳар бир инсон, ҳар қайси халқ ва миллат интилиб яшайдиган олий мезон даражасига кўтарган, одамзодни ҳаётда адолатни қарор топтиришга, уни асраб-авайлашга чорлаб ўтган.
Алишер Навоийнинг “Назм ул-жавоҳир” асарида фиқҳ (ҳуқуқ) ва фақиҳ (ҳуқуқшунос) қадр-қиммати улуғланган шундай мисралар бор:
Қолғон киши касби илмдин заҳмат аро,
Фиқҳ ўргансун саъй ила ул меҳнат аро,
Илм ичра шараф фиқҳда бил нисбат аро –
Ким сарвар эрур фақиҳ бу уммат аро.
Ушбу мисраларда шоир ҳар бир кишининг фиқҳни – ҳуқуқни ўрганиши мақбул эканини уқтирган. Чунки фиқҳ илмлар ичида шарафлиси, фақиҳ – ҳуқуқшунос эса жамиятнинг сарвари, демакки энг етук вакилидир.
Ушбу рубоийнинг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англаш учун Алишер Навоийнинг “Назм ул-жавоҳир” асари ҳақида тўхталиш мақсадга мувофиқ. Маълумки, бу асар насрий усулда ёзилган муқаддима ва Ҳазрати Алининг 255 (айрим тадқиқотчиларга кўра – 268) рақам остида тартибланган арабча ўгитларининг туркий тилдаги талқинидан иборат.
Улуғ шоиримиз Ҳазрат Алининг “Наср ул-лаолий” (“Сочма дурлар”) деб номлаган ўгитлари мажмуасини таржима қилиб, уни “Назм ул-жавоҳир” (“Назм жавоҳирлари”) деб номлаганини айтган. Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаро айни мавзуда “Рисола” битгач, унга жавоб тариқасида ушбу асарни ёзишга қарор қилган. Кўриниб турганидек, Алишер Навоий асарининг номи сочма дурларни бир риштага – ипга жавоҳир сингари тизилганига ҳам ишорадир.
Ушбу асарда Навоий ҳар бир фикрини Қуръони карим суралари ва Ҳадиси шарифлардан келтирилган парчалар асосида исботлаган. Шу билан бирга, уларнинг таъсирчанлигини ошириш учун тўрт мисраси ҳам қофиядош – таронайи рубоийлардан фойдаланилган.
Шу ўринда “Назм ул-жавоҳир” асари ўзига хос тузилишга эга эканини қайд этиш лозим. Бу ҳақда фикр юритганда, даставвал, Ҳазрат Алининг араб тилидаги муайян фалсафий ўгити келтирилиб, сўнг эса унга туркий тилда рубоий шаклидаги талқин берилганига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Ҳазрат Навоий ўгит ва ҳикматларнинг тўғридан-тўғри таржимасини бериш билан чекланиб қолмаган. Аксинча, айни ўша ҳикматнинг мазмун-моҳиятига алоҳида рубоий бағишлаб, бадиий жиҳатдан бойитилган ўз фикрларини тақдим этган. Юқоридаги рубоий “Назм ул-жавоҳир” асарида 109-рақам билан келган ва у “Содат ул-уммат ил-фуқаҳоъу”, яъни “Фиқҳ уламолари халқ сарваридирлар”, деган ҳикматнинг туркий назмдаги талқини ҳисобланади.
Хуллас, мана шу биргина рубоий мисолида ҳам Алишер Навоий яшаган даврда, қолаверса, янада олис тарихимизда аждодларимиз ҳуқуқ илми ва ҳуқуқшуносликни нечоғлик улуғлаганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Демакки, ота-боболаримиз азалдан ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билишган ва муносиб қадрлашган, ҳуқуқни ўргатиш ҳамда ўрганишни эса астойдил рағбатлантиришган.
Ҳазрат Навоий 1494 йилда туркий тилдаги мактубларини тўплаб "Муншаот" ("Мактублар") мажмуасини тузганини таъкидлаш лозим. "Муншаот"да алоҳида қайд этилганидек, "Ҳар куни мунтазам равишда кишиларнинг арз-доди эшитилса, кечқурунлари аркони давлат билан мол-мулк ишлари муҳокама этилса, давлат арбоблари кунлик ишларидан ҳисоб бериб турсалар, бўш вақтларда кутубхонада қироат қилинса, вазирларга тарихий китоблар, хусусан, "Зафарнома"ни такрор-такрор ўқиб туришга буюрилса, девон беклари маҳкамада фуқаролар иши тўғри ечим топишига бош-қош бўлсалар, мажлислар тартиб билан ўтказилса, тайин этилмаган кишилар унга киритилмаса, чегараларнинг дарвозалари қаттиқ қўриқланса, бошқа юртлардан келган бозиргонлар, савдогарларга ҳурмат-эътибор кўрсатилса, улардан солиқ қонунлар асосида олинса, қозилар ҳар бир ишни адолат тарозусига қўйиб ҳал этсалар, бу ҳолат бутун мамлакатга жорий этилса, давлатни идора этишда бундай амаллар энг мақбул иш бўлади".
Агар синчиклаб қаралса, Навоий бобомизнинг ушбу ўгитлари қатра-қатрасигача Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясининг туб моҳиятига сингдириб юборилгани аёнлашади. Энг муҳими, тўрт йилдан буён мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ушбу дастуриламал ҳужжат оқилона ва самарали эканини амалда тасдиқламоқда.
Давлат раҳбари 2017 йил 13 июнда ва 2020 йил 30 июнда мамлакатимиз судьялари билан учрашувда уларнинг олдига «Судларни адолат қўрғонига айлантирайлик», деган талабни қўйди. Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида эса Алишер Навоий ҳазратлари: «Зулм қилма, инсофли бўл, халқ учун адл қасри, яъни адолат қўрғони бунёд эт», деб йўл-йўриқ кўрсатиб кетганига яна бир бор эътибор қаратди.
Аслида ҳам, Навоий бобомиз ўша даврдаёқ шундай деб шеър битган:
Зинҳорки, зулм риштасини уз,
Инсоф ила адл қасрини туз.
Бу мисралар Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган: «Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак», деган ғоя билан ниҳоятда уйғун ва ҳамоҳанг.
Улуғ шоирнинг шундай бир ҳикмати бор:
Бок йўқ ар кечроқ ўлур қатл иши,
Ўлса, сўзинг бирла тирилмас киши.
Навоий демоқдаки, ўлдирилмоқчи бўлган айбдорни ўлдиришнинг кечикиши зарарсиз, чунки ўлдириб қўйилгач, сўз билан уни тирилтириб бўлмайди.
Инсон ҳаётлигида дунёни яхшиликка томон ўзгартиришга қодир бўлади. Навоийнинг фикрича, инсон умри капалак умридек ниҳоятда қисқа. Инсон дунёга келар экан, шу қисқа умрининг қадрига етиши, яъни илм ва ҳунар ўрганиши, ўзида энг яхши фазилатларни мужассам этиши, комил инсон бўлиб тарбия топишга астойдил интилиши шарт.
Ҳазрат Навоийнинг нафақат бой ва серқирра ижоди, балки бутун умр йўли биз, ворислари учун катта ибрат мактабидир.
Акмал САИДОВ,
академи
("Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси, 2021 йил 5 февраль)
- Қўшилди: 05.02.2021
- Кўришлар: 4365
- Чоп этиш