Ғалаба боғи фалсафаси: Ватанга муҳаббат ва садоқат, жасорат ва матонат рамзи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 9 сентябрда “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга имзо чекди.

Халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти билан Тошкент шаҳрида муҳташам Ғалаба боғи барпо этилиши замирида Ўзбекистон халқининг жанг майдонларида ва фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсади мужассам. Бундай улуғвор мақсадни рўёбга чиқариш учун айнан Президентимиз Ғалаба боғининг ташаббускори, муаллифи ва бош бунёдкори бўлиб майдонга чиққани таҳсинга сазовор.

2020 йил 9 май — Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан янги тарихий маълумотлар ва ҳар жиҳатдан пухта ишланган лойиҳалар асосида бунёд этилган Ғалаба боғининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Президентимиз таъбири билан айтганда, "бу бетакрор мажмуа қаҳрамон халқимизга муносиб бўлиб, ҳам меъморий жиҳатдан, ҳам тарихий-маънавий жиҳатдан ғоят ноёб ва маҳобатли обида бўлиб қад ростлади".

Ушбу таърифда Ғалаба боғи "бетакрор" ва "ғоят ноёб" дея эътироф этилгани бежиз эмас. Чунки камина ҳам дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатида шу мавзуда ташкил этилган боғ ва музейларнинг бир қанчасини ўз кўзи билан кўрган, бошқалари билан эса Интернет орқали атрофлича танишган.

Ўзбекистоннинг Ғалаба боғи, айтайлик, Россия, Беларусь, Украина, Польша, АҚШ, Исроил каби бошқа бир қанча давлатлардаги улкан мемориал комплексларга мутлақо ўхшамайди. Улар ўртасидаги фарқли жиҳатлардан асосийси шуки, хорижий мамлакатларнинг биронтасидаги мемориал мажмуада ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларидаги жасорати ва фронт ортидаги матонати Тошкентда бунёд этилган Ғалаба боғидаги сингари кенг кўламда, ҳаққоний ва адолатли равишда кўрсатиб берилмаган.

Шу ўринда Ўзбекистон Президенти Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган парадда иштирок этганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бинобарин, 1945 йилда ғалабанинг биринчи марказий паради 24 июнь санасида ўтказилгани боис 2020 йил ҳам бундай тантана учун айнан шу кун танланди.

Мазкур тарихан муҳим воқеани биргаликда нишонлаш мақсадида Россия ҳукумати музаффар мамлакатлар раҳбариятлари номига таклифномалар юборди. Ўзбекистон ҳам, албатта, ўша ғолиб давлатлар сирасида. Халқимизнинг ўша машъум урушда муваффақият учун қўшган ҳиссаси, ҳеч муболағасиз, улкандир.

Хусусан, сўнгги пайтларда олиб борилган тадқиқотлар натижасида Ўзбекистондан 2 миллионга яқин киши урушга сафарбар этилгани аниқланди. Фронт ортида ҳам ўзбекистонликлар кўрсатган матонат келажак авлодларга чексиз фахр ва ифтихор бағишлайди. Шу боис мамлакат вакиллари ғалабанинг 75 йиллик шонли санаси муносабати билан Москва шаҳрида ўтказиладиган тантанага таклиф этилди.

Экспертлар фикрига қараганда, мустақил Ўзбекистон Президентининг илк бор қатнашиши параднинг нуфузини сезиларли даражада оширди. Ўзбекистон ҳарбийлари мазкур тадбирда мамлакат мустақилликка эришганидан кейин биринчи бор иштирок этгани ҳам катта аҳамият касб этди.

Чиндан ҳам, халқимизнинг Иккинчи жаҳон уруши даврида қонли жанггоҳларда ва фронт ортида кўрсатган қаҳрамонлиги шу қадар юксакки, фашистларга қарши бу урушда қозонилган буюк Ғалабани Ўзбекистонсиз, ўзбек халқисиз асло тасаввур  қилиб бўлмайди.

Ўз навбатида, 1945 йилдан кейинги 75 йил мобайнида Ўзбекистонда Ғалаба боғидек ҳашаматли ва маҳобатли мажмуа бунёд этилмагани ўзбек халқининг Ғалабага эришишдаги жасорати ва матонати муносиб баҳоланмаганидан дарак беради. Ана шу тарихий адолатсизликка барҳам бериш учун 2019 йил 9 май куни Президентимиз улкан боғ барпо этиб, халқимиз қаҳрамонлигини абадийлаштириш ташаббусини илгари сурди.

Ғалаба боғининг бош ғояси Ўзбекистон Президентининг «Биз барчамиз, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз фашизм балосига қарши курашда жасур аждодларимиз, кўпмиллатли Ўзбекистон халқи кўрсатган мардлик ва матонатни асло ёдидан чиқармаслиги керак» деган сўзларида ўзининг яққол ифодасини топган.

Ғалаба боғи концепцияси давлат раҳбарининг 2019 йил 23 октябрдаги қарорига асосан тасдиқланди. Мазкур бадиий-меъморий концепцияни тайёрлашда Президентимизнинг 2017-2019 йилларда қабул қилинган Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорлари талабларидан келиб чиқилди.

Бунда давлат раҳбарининг Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимлардаги маърузаларида билдирган ғоя ва фикрларига ҳам таянилди. Мамлакат илмий-ижодий жамоатчилигининг таклифлари инобатга олинди. Бир қатор хорижий мамлакатлар тажрибаси, уларда шу йўналишдаги барпо этилган боғ ва хиёбонлар, монументлар, мемориал мажмуалар ижодий ўрганилди.

Давлатимиз раҳбари бу борадаги лойиҳалар билан бир неча бор танишди. Мажмуа тарҳининг кичик деталигача Президентимизнинг синч­ков нигоҳидан ўтди, бойитилди, ўзига хос компо­зиция яратилди. Шундан сўнг Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 14,7 гектар жой ажратилиб, улкан қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Бу маҳобатли тарихий мажмуани қисқа вақт ичида, айниқса, карантин шароитида якунланлангани ҳам улкан жасорат намунасидир. Лекин, барча қийинчиликларга қарамасдан, моҳир қурувчи ва меъморлар, муҳандислар, турли соҳа мутахассислари, рассом ва ҳайкалтарошлар, азамат ёшларимиз бу вазифани ўзлари учун савобли бир иш деб билиб, туну кун фидокорона меҳнат қилдилар.

Янги тарихий маълумотлар ва ҳар жиҳатдан пухта ишланган лойиҳалар асосида “Шон-шараф” давлат музейи, “Матонат мадҳияси”,  “Мангу жасорат”, "Кўз ёши" монументларини ўз ичига олган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.  Халқимизнинг қонли жанглардаги мардлигини, фронт ортидаги машаққатли меҳнати ва фидойилигини акс эттиришга бағишланган кенг кўламли тарихий-бадиий экспозициялар яратилди.

Ғалаба боғидаги ҳар бир объект ва қурилма, музей экспонатлари халқимиз, айниқса, ёшларни урушнинг даҳшатли оқибатларини ҳеч қачон унутмасликка чорлаб туради. Ғалаба боғи навқирон авлодларимизни бугунги тинч ва осуда ҳаётни ардоқлаш ҳамда мустақилликнинг қадрига етишга, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, Ватан ҳимоясига тайёр туриш руҳида тарбиялашда улкан аҳамият касб этади.

Ғалаба боғида Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонлар тарих билан ҳамнафас бўлиб, ўтганлар хотирасини ёд этиши, уларга ҳурмат бажо келтириши учун тегишли шароитлар яратилган. Шу билан бирга, зиёратчиларнинг мазмунли дам олиши, оммавий маданий тадбирлар, ижодий учрашувлар, адабий кечалар ўтказиш учун барча қулайликлар муҳайё этилган.

Президентимиз куни кеча қабул қилган янги қарори билан бу борада Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг учта муҳим таклифини, яъни:

биринчидан, Мудофаа вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси шаклидаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ташкил этиш;

иккинчидан, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ҳудудида Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маърифат маркази, Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти, Ҳарбий оркестрлар хизмати, Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамблини бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш;

учинчидан, Мажмуа ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларини маъқуллади.

Янги Ўзбекистонга муносиб ушбу янгича дадил қадамлар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда улкан аҳамият касб этади.

Қарорда “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг фаолиятини самарали ташкил этиш, унинг таркибидаги “Шон-шараф” давлат музейи фондини доимий равишда бойитиб бориш, ушбу йўналишда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва келажак авлод учун архив ҳужжатлари ва ашёларни сақлаб қолиш, ёшларни юксак гуманизм ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини янада такомиллаштиришнинг устувор вазифалари белгилаб берилган.

 Президентимизнинг бу борадаги одилона ва оқилона сиёсати “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси мутасаддилари учун муносиб ўрнак ва намуна бўлиши лозим. Фикримиз тасдиғи учун биргина ҳаётий мисол келтирамиз.

Яқин ўтмишимизда Иккинчи жаҳон урушининг буюк ва жасоратли қаҳрамони Собир Раҳимовнинг номи туман ва метро станциясидан ўчирилгани, ҳатто пойтахтдаги ҳайкали ҳам кўчирилгани тарихга, тари­хий хотирага нисбатан ҳурматсизлик бўлган эди. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу хатони тўғрилаш ва тарихий адолатни қарор топтириш учун 4 та босқичдан иборат изчил сиёсатни амалга оширди ва Собир Раҳимов номи ҳақли равишда юртимизга қайтди.

Биринчи босқичда - давлат раҳбари 2011 йил қишида Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғига кўчирилган Собир Раҳимов ҳайкалининг ўз жойига қайтарилиши ҳақидаги қарорини 2018 йил 2 май куни маълум қилди. Ўша куни Наманган вилоятида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Президенти ҳайкалнинг ўз жойига қайтарилишини тарихий адолатнинг тикланиши деб атадилар.

Иккинчи босқичда - Собир Раҳимов ҳайкали 2018 йили Хотира ва қадрлаш куни арафасида тарихий жойига қайтарилди. Шу муносабат билан ёдгорликнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Учинчи босқичда - Президентимиз орадан бир йил ўтгач, яъни 2019 йили Хотира ва қадрлаш кунида генерал-майор Собир Раҳимов ҳайкали қаршисида Ғалаба боғи барпо этилиши ҳақидаги ташаббусни илгари сурдилар.

Тўртинчи босқичда - 2020 йил 9 май куни Тошкент шаҳрида Ғалаба боғи ва унинг таркибида бунёд этилган “Мангу жасорат” монументи очилди. Бу монументни кўрган киши генерал Собир Раҳимов каби ҳарбий қўмондонларимиз, ўзбекистонлик ботир жангчиларнинг хотираси эл-юрт ёдидан ўчмаслиги­ни тушуниб етиши аниқ.

Халқимизнинг муносиб фарзанди, қаҳрамон ўғлони Собир Раҳимов хотирасини тиклаш бўйича амалга оширилган эзгу ишлар юртдошларимиз томонидан миннатдорлик билан қабул қилинди.

Президентимиз Қарорида, шунингдек “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг асосий вазифалари қайд этилган. Мажмуа, авваламбор, Иккинчи жаҳон уруши жангларида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган халқимизнинг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини илмий асосда ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиши зарур.

Шу ўринда айрим таклифларни билдиришни лозим топдик. Гап шундаки, Ғалаба боғи қурилиши билан боғлиқ бунёдкорлик ишлари авж олган бир паллада Президентимиз кўрсатмасига кўра мамлакат архивларидаги илгари ёпиқ бўлган тарихий ҳужжатлар батафсил ўрганиб чиқилди.

Жуда оз фурсатда катта илмий тадқиқотлар қилинди. Ўзбекистон халқининг Ғалабага қўшган ҳиссасини янада чуқурроқ ўрганиш борасида муҳим самараларга эришилди. Чет эллардаги архив ташкилотлари, музейлар, олимлар билан ҳамкорлик натижасида ҳам қаҳрамон аждодларимиз ҳақида янги маълумотлар қўлга киритилди.

Ушбу янги маълумот ва фактлар 2019 йил 9 майгача фойдаланиб келинган далиллардан фарқ қилади. Содда қилиб айтганда, Ўзбекистондан урушда иштирок этганлар, орден-медалларга сазовор бўлганлар, ярадор ва ҳалок бўлганлар, асирликка тушганлар, бедарак йўқолганлар - шу каби кўплаб мезонлар билан боғлиқ рақамлар анчагина камайтириб кўрсатилгани аён бўлди. Мисол учун:

  • Ўзбекистондан урушда иштирок этганларнинг сони шу пайтгача биз ўрганиб қолган маълумотдагидан 517 минг 430 нафар кўпдир.
  • Жанггоҳларда ҳалок бўлган юртдошларимизнинг сони эскирган рақамлардагидан 142 минг 641 нафарга кўпайган бўлса, аксинча, бедарак йўқолганлар сони 105 минг 19 нафарга камайганини кузатиш мумкин. Бу ижобий ҳол бўлиб, урушдан кейинги даврда юз мингдан зиёд юртдошимизнинг дараги топилганидан далолат беради.
  • Республикамизда уруш аввалида жамланиб, тўлиқ жиҳозланган миллий бўлинма ва бригадалар миқдори янги маълумотларда 35 тага ортган. Бу бежиз эмас. Чунки дастлаб Ўзбекистонда 389, 12, 162 ва 69-ўқчи дивизиялар, 21 ва 44-кавалерия дивизиялари, 128-гвардиячи Туркистон тоғ-ўқчи дивизияси ва бошқа ҳарбий қисмлар тузилган.

Ҳарбий ҳаракатлар даврида ушбу қисмларнинг деярли ҳаммаси жанговар орденлар билан мукофотланган. Кейинчалик улар ўзлари фашистлардан озод қилган шаҳарларнинг номлари билан аталадиган қисмларга айланган.

  • Ўзбекистонга эвакуация қилинган одамлар сони — эски рақамларга нисбатан 500 000 нафарга, кўчириб келинган болалар сони эса 50 000 нафарга кўп экани аниқланган. Дарвоқе, уруш даврида юртимизга эвакуация қилинган саноат корхоналари сони ҳам 47 тага ортган.
  • 1943-1945 йилларда юртимизга депортация қилинганларнинг сони шу пайтгача билганимиздан 397 минг 925 нафар кўп экан.

Биз бу ўринда фақат инсон омилига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган далилларнигина келтирдик. Бинобарин, эндиликда уруш йилларида Ўзбекистон саноати томонидан фронтга етказиб берилган ҳарбий товарлар миқдорини ҳам янги ва эски рақамларни қиёслаш орқали ўрганиш имконига эгамиз.

Биргина мисол: шу пайтга қадар Ўзбекистон фронтга етказиб берган самолётлар миқдори 303 тага, миналар — 800 мингтага, парашютлар — 90 мингтага камайтириб кўрсатилган.

Бундан ташқари, 2020 йил 1 майгача маълум бўлмаган янги далиллар ҳам аниқланди. Хусусан, Ўзбекистондаги госпиталларга фронтдан 485 минг нафар ярадор ва беморлар келиб тушган. Табиийки, уларни даволаш ва парваришлаш шифокорларимизнинг зиммасида бўлгани ҳолда, боқиш ва оёққа турғазиш вазифаси халқимизнинг елкасига юкланган.

Ўз навбатида, касаллиги ва олган жароҳати туфайли ишга яроқсиз деб 47 минг 46 нафар ногирон госпиталлардан чиқарилганига доир аниқ маълумотга эндигина эга бўлиб турибмиз. Бу уруш ногиронларининг яшаши ва даволаниши қандай кечгани ҳақидаги маълумотларни ҳам атрофлича ўрганиш керак бўлади.

Шундай қилиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан аниқлаштирилган ушбу далил ва рақамлар ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабага қўшган ҳиссасини янгидан баҳолашни тақозо этади. Бу борадаги амалий таклифларимиз қуйидагилардан иборат:

Биринчи таклиф: халқимизнинг Ғалабага қўшган ҳиссасини акс эттирувчи 2020 йил 1 майгача аниқланган далил ва рақамларни кенг тарғиб этиш лозим.

Иккинчи таклиф: барча тарғибот ва ташвиқот манбаларидаги 2019 йил 9 майгача бўлган рақамлар янгилари билан ўзгартирилишини таъминлаш керак.

Учинчи таклиф: айни йўналишдаги ўрганиш ва тадқиқотларни изчил давом эттирган ҳолда, аниқланган янги маълумотлардан кенг жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб боришни йўлга қўйиш зарур. Бундай маълумотларнинг Президент қарорида доимий нашр этилиши кўрсатилган салмоқли тўпламларда акс эттирилиши мақсадга мувофиқдир.

Хулоса қилиб айтганда, Ғалаба боғи Ватанга муҳаббат ва садоқат, жасорат ва матонат рамзидир. Ушбу  боғ ўз ҳаётини тинчлик ва озодлик учун фидо қилган инсонларнинг ўлмас жасорати ва ёрқин хотираси олдида Ўзбекистон Президенти ва ўзбек халқига хос юксак ҳурмат-эҳтиромнинг амалий намунаси бўлиб қолади.

 

Акмал Саидов,

академик

 

("Янги Ўзбекистон" газетаси, 2020 йил 15 сентябрь)

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech