Мамлакатимизда кенг миқёсда нишонланаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” ёши, миллати, касбидан қатъий назар, барча миллат ва элат вакиллари учун ўзига хос байрам сифатида ёдда қолмоқда.
Ушбу ҳафталик тадбирларида Тошкентдаги “Свiтанaк” беларусь миллий маданий маркази вакиллари ҳам фаол қатнашмоқда.
– Ўзбекистон кўп миллатли, конфессияли, одамлари турфа тилларда сўзлашадиган мамлакат, – деди Тошкентдаги “Свiтанак” беларусь миллий маданий маркази раиси Галина Татаренко. – Бизнинг ҳаётимиз, тақдиримиз шу муқаддас диёр билан узвий боғланиб кетган. Умр йўлимизни Ўзбекистондан айро тасаввур этолмаймиз.
Табаррук ўзбек диёрида қадим-қадимдан турли миллат ва элат вакиллари ягона, аҳил оила фарзандларидек яшаб келмоқда. Болалигимда мактабда чуваш, мордвин, татар, қозоқ ва бошқа кўплаб миллат ва элат болалари билан биргаликда таълим олар эдик. Ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам мактабда, маҳаллада, умуман ҳеч жойда, ҳеч қачон миллат ажратишмаган. Бу ўзбек халқининг миллий табиатидани энг олижаноб хислат бўлса керак.
Бизнинг марказимиз ҳам ўз фаолияти давомида дўстлик, аҳиллик, ҳамжиҳатликни таъминлашга катта эътибор қаратмоқда.
Ўзбекистонда кўплаб диний конфессия вакиллари бор. Бу ерда муҳташам масжидлар билан бирга, рус черкови, поляк, немис, яҳудий ва бошқа миллатлар учун ибодатхоналар бор. Умуман олганда, ўзбеклар жуда оқкўнгил, очиқкўнгил, меҳрибон, меҳмондўст халқ. Ўзбек диёридаги меҳрли, ўзаро аҳил ва ҳамжиҳат муҳит юртимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг асосий омили саналади.
Бизда ҳеч қачон Ўзбекистондан кетиш нияти бўлмаган. Азиз диёримизга келган меҳмонлар бу ердаги самимий ва дўстона, меҳрли муҳитдан ҳайратда қоладилар.
Марказимиз 1993 йилда ташкил этилган. "Свiтанак" ўзбек тилида "Тонг" демакдир. Марказимиз томонидан дўстлик фестиваллари, турли ижодий-мусиқий кечалар, танловлар, китобхонлик байрамлари, викториналар мунтазам ўтказиб келинади. Наврўз, Мустақиллик каби байрамлар биз учун ҳам жуда қадрли.
Ўтган йили миллий маданий марказимиз ташкил топганига 30 йил тўлди ва биз бу санани республика миқёсида нишонладик. Бу эса мамлакатимиздаги ҳар бир миллий маданий марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътибори ва ғамхўрлигидан эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 14.11.2024
- Кўришлар: 279
- Чоп этиш