Гутерриш: БМТ тоза энергиядан адолатли фойдаланишни тарғиб этади

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Aнтониу Гутерриш Бокуда бўлиб ўтган Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенция (COP29) иштирокчилари конференцияси сессияси доирасида ташкил этилган юқори даражадаги учрашувда адолат ва тенглик асосида энергия алмашинувини таъминлаш масаласини ҳам кўтарди. Унинг таъкидлашича, тузилма ушбу муаммони ҳал этиш бўйича алоҳида шуғулланмоқда.

– Қайта тикланадиган энергия инқилоби жуда тез суръатда кучаймоқда ва бу жараёнда муҳим минераллар асосий ўрин тутади, – деди БМТ раҳбари. – Ўтган йил электр тармоғи ва қайта тикланадиган энергия манбаларига йўналтирилган сармоя миқдори биринчи марта қазиб олинадиган ёнилғига сарфланган маблағдан ошди. Мамлакатлар 2030 йилга бориб мазкур фарқни яна уч баробар оширишни мақсад қилган. Табиийки, шунга мос равишда энди муҳим минералларга талаб ортади. Бу ресурсларга бой ривожланаётган мамлакатлар учун ажойиб имконият.

Гутерриш глобал ресурслардан фойдаланиш масаласига ҳам ишора қилди:

– Жамоалар эксплуатация қилинмоқда, ҳуқуқ поймол этиляпти ва атроф-муҳит вайрон бўляпти. Ривожланаётган мамлакатлар қиймат занжири тубига сурилмоқда, айримлар эса ўз ресурслари ортидан бойимоқда.

Таъкидланишича, БМТ ҳамжамиятни мустаҳкамлаш, масъулиятни ошириш йўли билан тоза энергиядан адолатли фойдаланишни таъминлашга ҳаракат қиляпти. Энергияни конвертация қилиш учун муҳим минералларга талаб ошгани сайин, саъй-ҳаракат ҳам кучайиши керак. Тоза энергия пайдо бўлиши билан муҳим минералларга эҳтиёж ортади.

Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) раҳбари Фотиҳ Бирол ҳам иқлим муаммоси ва иқтисодий рақобатбардошлик каби омиллар таъсирида тоза энергияга ўтиш жараёни кўпчилик кутганидан тезроқ кечаётганини айтди. У электр энергиясига талаб ортаётгани сабабли, кўмир замонидан нефть ва табиий газ даврига, энди эса электр энергияси асрига ўтилаётганини таъкидлади.

– Сўнгги ўн йил ичида жаҳонда электр энергиясига талаб энергиянинг бошқа турларига нисбатан икки баробар кўп кучайди, – дейди Бирол. – Кейинги 10 йил ичида бу ўсиш яна олти баробар тезлашади. Бу электр транспорт воситалари, тоза энергия манбалари ва иситиш-совутиш тизимидан фойдаланиш ортиши натижасида юзага келадиган талабни қондириш кераклигини англатади.

ХЭА етакчиси айтишича, тоза энергияга эҳтиёж ҳам муҳим минералларга талабни англатади. Тоза энергия таъминоти занжири анъанавий муқобил йўлга қараганда анча мураккаб. Шунинг учун айни масалада тўғри ва адолатли бозорни шакллантириш алоҳида эътиборни тақозо этади.

Шу нуқтаи назардан ривожланаётган мамлакатлар муҳим фойдали қазилмаларга келгуси талабни кўриб чиқиш ва савдо келишувларини шунга мос равишда тузатишга чақирилди.

Яъни, бу жараёнда хом ашёни маҳаллий шароитда тозаш ва қайта ишлаш муайян ресурсларга эга ривожланаётган мамлакатлар учун яхшигина имкониятлиги таъкидланди.

Г.Сатторова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech