Ҳар йили 600 миллиондан ортиқ инсон озиқ-овқатдан заҳарланиш натижасида соғлиғига зарар етказади

Бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги дунё миқёсида долзарб муаммога айланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили 600 миллиондан ортиқ инсон озиқ-овқатдан заҳарланиш натижасида соғлиғига зарар етказади, 420 минг нафари эса ҳаётдан кўз юмади. Бу нафақат соғлиқ, балки иқтисодий тараққиёт учун ҳам жиддий таҳдид ҳисобланади.

Янги Ўзбекистон шароитида бу борадаги ислоҳотлар тизимли тус олмоқда. Хусусан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқ саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида республикада кенг кўламли халқаро лойиҳа бошланган. 2025 йилнинг 8–10 апрель кунлари Тошкент шаҳрида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамкорлигида “Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини кучайтириш ва савдосига кўмаклашиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари назорати тизимини баҳолаш” лойиҳасининг кириш семинари ва техник тренинглари ўтказилиши ҳам бунинг айни исботи.

Мазкур лойиҳа доирасида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги тизимини далилларга асосланган кўп томонлама ёндашув асосида таҳлил қилиш, назорат органлари мутахассисларининг салоҳиятини ошириш, миллий стратегиялар ва ҳаракат режасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаровнинг таъкидлашича, лойиҳа хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва тарқатишга оид самарали механизмларни аниқлашга, шунингдек халқаро стандартларга асосланган таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Айтиш жоизки, хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларини таъминлаш бугунги глобал таҳдидлар — иқлим ўзгариши, ишлаб чиқариш занжирларининг мураккаблашуви ва тизимларнинг глобаллашуви фонида янада долзарб тус олмоқда. Шу боис, Ўзбекистонда ушбу соҳадаги ислоҳотларга илмий асосланган ва хавфга йўналтирилган ёндашув жорий этилмоқда.

ФАО мутахассиси Мери Кенни Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича олиб борилаётган қонунчилик ислоҳотларини юқори баҳолаб, ушбу ташаббуслар назорат тизимининг самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Лойиҳа якунида ишлаб чиқиладиган миллий озиқ-овқат хавфсизлиги стратегияси ва ҳаракатлар режаси мамлакатда замонавий, барқарор ва халқаро талаблар асосида фаолият юритувчи назорат тизимини шакллантиришга замин яратади. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш, экспорт ҳажмини ошириш ва халқаро бозорларда Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкор сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech