Тарихимиз ҳар бир даврда кучли курашларга бой ўтганидан англаш мумкинки, бу юрт ҳимоясига шай ўғлонлар барча замонларда ҳам етишиб чиқаверган. Бизнинг чин маънодаги ғуруримиз саналган Соҳибқирон Амир Темур ҳақида гапирар эканмиз, ўз-ўзидан дунёни тан олдирган ҳарбий маҳоратини қайд этмаслик мумкин эмас.
Хўш, Соҳибқирон сиёсати ва ҳарб ишидаги маҳорати нимаси билан ажралиб туради? Тарих институти “Ҳарбий тарихни ўрганиш” маркази катта илмий ходими Низомиддин ГУЛБОЕВ билан Амир Темурнинг ҳарб тактикалари хусусида суҳбатлашдик.
– Мамлакат хавфсизлигини таъминлашда ҳарбий ишнинг ўрни беқиёс. Ҳарб соҳасида жанг санъатини моҳирона эгаллаган саркардалар ҳамма даврларда ўрнак бўлиб келган, – дея ўз фикрини бошлайди Низомиддин Гулбоев. – Бугунги кунда Янги Ўзбекистонни қуриш жараёнида давлатимиз ўз ҳарбий қудратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Зеро, ўзбек давлатчилигида ҳарб иши қадимдан ривожланиб, такомиллашиб келган. Бу борада ҳарбий қўмондонлар томонидан қўлланилган турли жанг санъати усуллари ҳозирги кунда ҳам дунёнинг ривожланган давлатларидаги олий ҳарбий билим юртларида ўрганилади.
Миллий ҳарб жанг санъати ва усуллари тарихи Томир хотун, Широқ, Маҳмуд Ғазнавий, Султон Малик Санжар, Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, Шоҳрух Мирзо, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Шайбонийхон, Абдуллахон ва бошқа моҳир қўмондонларнинг фаолияти орқали ўрганилади.
Бу борада Амир Темурнинг ҳарбий жанг санъатини мисол қилиб келтириш мумкин. Ўз даврида жанг санъатида турли янги усулларни ишлаб чиққан Амир Темур кучли империяга асос солди. Моҳирона жанг олиб бориш усулларини қўллаш орқали ўзидан бир неча баробар катта қўшинларни мағлуб этди. Хусусан, Амир Темур мўғулларни юртимиздан қувиб чиқарди, уч йиллик, беш йиллик ва етти йиллик ҳарбий юришларида душман қўшинларини тўла тор-мор этиб, кучли марказлашган давлатни бунёд этди. Соҳибқирон томонидан киритилган янги тартибдаги жанг олиб бориш усулларидан кейинги даврларда ҳам ҳукмдорлар фойдаланиб, кўплаб жанг тақдирини ўз фойдасига ўзгартириб юборганлигини тарихий манбаларда кўрамиз. Хусусан, Бобурийлар қўшинида, Шоҳрух, Муҳаммад Шайбонийхон, Абдуллахон II, Муҳаммад Раҳимхон I ва бошқалар томонидан ушбу жанг усуллари қўлланилган.
– Дунё тарихида ўтган саркардаларни биламиз, аммо оламшумул тарзда тан олинганлари унчалик ҳам кўп эмас. Саркардалик қандай маҳоратга таянади?
– Одатда, жангнинг муваффақиятли тугаши саркардаларнинг маҳорати, шижоати, мардлиги ва жасоратига боғлиқ бўлган. Қолаверса, бу ҳолат қўшин қисмларидаги саркардаларни ўз жойи ва ўрнига қўя олишликда қўшинга бошчилик қилган лашкарбошидан катта тажриба, билим ва ақлни, ҳушёрликни, ўзидан олдинги воқеаларни кўра олиш қобилиятига эга бўлишликни талаб қилган. Бундай хислатларни ўзида мужассамлаштирган Амир Темур лашкарга ишончли, тажрибали ва шижоатли саркардаларни қўя олганки, бу жангларнинг сўзсиз ғалабасини таъминлаб берган. Бу ҳақида “Темур тузуклари”да айтиладики: “Жанг кўрган, тажрибали сардор (лашкарбоши) улким, у урушнинг барча жумбоқларидан хабардор, қайси сипоҳ фавж (қисм)ини жангга ташлаб, қайси чигални қандай чора-тадбир билан тузатиш ва қай усулда жанг қилиш кераклигини билиши лозим. Тажрибали сардор ғаним (душман)нинг нияти ва режаларини, унинг қай усулни қўллаб, жангга кирмоқчилигини сеза билиши ва душманнинг ўша тадбирни қўллашига тўсқинлик қила олиши керак”...
Хусусан, Амир Темур ўзидан бир неча баробар катта қўшини бўлган мўғул ҳукмдори Илёс Хожа устидан ғалаба қозониб, Туронни буткул мўғуллардан тозалайди. “Темур тузуклари”да Амир Темур “... лашкаримни тартибга келтирдим. Уни етти фавжга бўлиб, йўлга тушдим. Тонг ёриша бошлаганда (Илёс Хожанинг) ҳировули бўлмиш Туғлуқ Сулдуз ва Кайхусравга етишдим. Икки ҳамла билан уларни енгдим ва (уларни) Илёс Хожа жойлашган Пули Сангингача қувиб бордим. Оқшом тушгач, ётган еримизда тўхтадик. Жанг майдони совиб қолмасдан, қизиғида Илёс Хожанинг қарийб ўттиз минглик лашкари устига тўсатдан босқин қилишга қарор қилдим... Тўғри чораю тадбир ишлатиб, Илёс Хожа лашкарини енгдим”, деб ўзининг ҳарбий маҳоратини, жангда қўллаган усулларидан бирини қайд этади.
Қуйидаги видеода суҳбатни батафсил томоша қилинг...
ЎзА мухбири
Абдулазиз РУСТАМОВ суҳбатлашди.
- Қўшилди: 09.04.2025
- Кўришлар: 286
- Чоп этиш