Янги китоб
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган янги китоби шундай деб номланади.
Ўзбекистоннинг бугунги янги қиёфаси, мамлакатимизнинг жаҳон тараққиётида тутган ўрни ва мавқеи, муҳим халқаро ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаол иштироки, долзарб масалалар бўйича илгари сураётган кўплаб ташаббусларининг мазмун-моҳияти ушбу кенг қамровли, фундаментал асарда чуқур таҳлил ва далиллар, аниқ фикр-мулоҳазалар асосида теран ёритиб берилган.
Муаллифнинг кўп йиллик ижтимоий-сиёсий қарашлари, воқеликка янгича ва теран ёндашувларининг маҳсули бўлган китоб қуйидаги сўзлар билан бошланади:
“Тарих синовларидан ўтган ҳақиқат шуки, ўзини ўзгартиришга қодир бўлган, вақтни – имкониятга, имкониятни ютуққа, ютуқни тараққиёт пойдеворига айлантира олган халқ – буюк халқдир.
Бундай халқ, ҳеч шубҳасиз, ҳаётни ҳам, ижтимоий муҳитни ҳам ўзгартира олади, кўзлаган мурод-мақсадларига албатта эришади.
Мен ана шундай улуғ эътиқод билан яшаётган халққа раҳбар бўлиб, одамларни ҳаётдан рози қилиш, уларнинг қалбидаги эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқариш йўлида хизмат қилишни ўзим учун улкан шараф ва масъулият деб биламан”.
Дарҳақиқат, Президент Шавкат Мирзиёев серқирра фаолиятининг маъно-мазмунига айланган, кейинги етти йил давомида мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг марказида бўлиб келаётган миллий мустақиллигимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, одамларни ҳаётдан рози қилиш, инсон қадрини улуғлаш каби эзгу тушунчалар мазкур китобнинг бош ғояси, асосий лейтмотивини ташкил этади.
Ҳеч шубҳасиз, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган, Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегиясининг туб мақсади ва негизида мужассам бўлган ғоя ва интилишлар бугунги кунда мард ва олижаноб халқимизнинг фидокорона меҳнати, ақл-заковати билан реал воқеликка айланиб бормоқда. Китобни мутолаа қилиш жараёнида бу ҳақиқатни янада чуқур ҳис этамиз ва мана шундай тарихий ўзгаришлар даврида бу улуғвор ўзгаришларнинг нафақат гувоҳи, балки фаол иштирокчиси бўлиб яшаётганимиздан албатта фахрланамиз.
Жами 6 бобдан иборат китобнинг “Инсоният танлаган барқарор ривожланиш йўли” деб номланган дастлабки бобида муаллиф ўқувчи эътиборини ҳозирги замондаги асосий хавф-хатарларга қаратади. Бу таҳдидларни келтириб чиқарган омилларни атрофлича таҳлил этиб, уларни бартараф қилиш бўйича аниқ амалий ечимларни таклиф этади.
Асарнинг “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деб номланган иккинчи боби мамлакатимизда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган улкан ишлар ва уларнинг натижалари таҳлилига бағишланган. Муаллиф таълим, тарбия, илм-фан ва маданият, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, хусусан, камбағалликка қарши курашиш, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бугунги кунда Ўзбекистонда инсон қадрини юксалтириш, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, ҳаётий манфаатларини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотларнинг ажралмас бир қисмига айланиб, аниқ самара бераётганини ҳаётий мисоллар орқали кўрсатиб беради.
“Менинг энг катта ниятим – мамлакатимизда камбағаллик ва ишсизликка бутунлай барҳам беришдир, – деб ёзади Президентимиз. – Шундай кунлар келишига ишончим комил ва бунинг учун бор куч ва имкониятларимни, борлиғимни бағишлашга тайёрман”.
Албатта, тарихан қисқа муддатда мамлакатимизда изчил иқтисодий ўсишни таъминлаш, иқтисодий ривожланишга эришиш асосида халқимизнинг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди. Айниқса, солиқ, банк-молия тизимидаги янгиланишлар, жумладан, валюта бозорининг эркинлаштирилгани, нақд пул билан боғлиқ муаммоларнинг бартараф этилгани, халқаро молия операцияларининг жаҳон андозалари асосида амалга оширилаётгани, янги-янги инновацион, юқори технологик корхоналар барпо этилаётгани, замонавий коммуникация тизимлари, рақамли технологиялар ҳаётимизга жадал кириб келаётгани, тадбиркорлик учун кенг йўл очилаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Асарнинг “Янги Ўзбекистон: барқарор иқтисодий тараққиёт” номли учинчи бобида айнан шу йўналишдаги ислоҳотларга алоҳида урғу берилиб, бу борада эришилган натижалар сарҳисоб қилинади, яқин истиқболда қандай иқтисодий режа ва стратегик мақсадлар олдимизда тургани, уларни амалга ошириш учун нималар қилиш зарурлигига эътибор қаратилади. Бу масалалар “Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш”, “Тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш”, “Саноатни жадал ривожлантириш истиқболлари”, “Янги Ўзбекистон – рақамли иқтисодиёт сари”, “Аграр соҳани ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш”, “Янги Ўзбекистон: барқарор ва яшовчан туризм”, “Яшил энергетика” – барқарор тараққиёт гарови”, “Кучли ҳудудлар – кучли Ўзбекистон демакдир” каби мавзулар орқали атрофлича очиб берилади.
Халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида Янги Ўзбекистон меъмори сифатида эътироф этилаётган Президентимизнинг ушбу китобидаги “Сайёрамиз ва Янги Ўзбекистон экологик таҳдидлар қаршисида” деб номланган тўртинчи боб ҳам диққатга сазовордир. Муаллиф унда “ҳозирги даврда жаҳон миқёсида учта инқироз, яъни, иқлим ўзгариши, биохилма-хилликнинг қисқариши ва атроф-муҳит ифлосланиши, табиий ресурсларнинг камайиши шиддат билан давом этаётгани” ҳақида жиддий ташвиш ва ҳаяжон билан фикр юритади, жаҳон ҳамжамиятини ушбу таҳдидларга қарши биргаликда курашишга даъват этади.
Масалан, сув муаммоси Ўзбекистон олдида турган энг долзарб масалалардан биридир. Шавкат Мирзиёев бу борада мавжуд вазиятни тубдан ислоҳ қилиш, Яратганнинг бебаҳо неъмати бўлган сув ресурсларини тежаш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича илмий асосланган, тизимли чора-тадбирларни шу соҳани яқиндан биладиган етук мутахассис сифатида бирма-бир қайд этиб, трансчегаравий дарёлар сувидан халқаро қонунчилик асосида фойдаланиш, бу борада қўшни давлатлар билан ҳамкорлик масаласига алоҳида тўхталиб ўтади.
Мазкур бобдан ўрин олган “Орол фожиаси – умумбашарий фожиа”, “Мақсадимиз – аҳолининг қулай экологик муҳитда яшаш ҳуқуқини таъминлаш”, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси – экологик вазиятни барқарорлаштириш гарови”, “Иқлим муаммолари – барқарор ривожланиш йўлидаги энг катта таҳдид” сингари мавзулар таҳлил қилинган муҳим фикр ва мулоҳазалар соғлом фикрли ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмайди.
Маълумки, Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида иш бошлаган илк кунлардан бошлаб “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади”, деган олижаноб ғоя ва мақсадларни илгари суриб, Ўзбекистондаги катта-кичик барча раҳбарлардан ўз фаолиятини айнан шу мезонлар асосида олиб боришни талаб этди. Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда юз берган туб ўзгариш ва янгиланишлар, юртдошларимиз ҳаётидаги ижобий натижалар ана шундай халқпарвар сиёсат самарасидир.
Асарнинг “Халқ хизматидаги давлат – эл-юрт учун улуғ саодат” деб номланган яна бир муҳим бобида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат идоралари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти, коррупцияга қарши курашиш масалалари ҳақида атрофлича сўз юритилади.
Барчамизга аёнки, Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституциясида мамлакатимизнинг тинчликсеварлик ва тараққийпарварликка асосланган ташқи сиёсати қуйидаги энг муҳим тамойиллар билан мустаҳкамлаб қўйилган:
“Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик принципларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принцип ва нормаларига асосланади”.
Ушбу конституциявий норма Янги Ўзбекистон сиёсатида ўзининг тўлиқ амалий ифодасини топмоқда. Бугунги кунда республикамиз дунёга кенг очилиб, жаҳондаги барча тинчликсевар давлатлар билан тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаат асосида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини фаол олиб бораётган мамлакатга айланди.
Яқинда юртимизга ташриф буюрган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби жаноб Антониу Гутерриш ҳақли равишда эътироф этганидек, минтақамизда интеграция жараёнларини кучайтириш, “Марказий Осиё руҳи”ни шакллантиришда Янги Ўзбекистоннинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Бугун бу ҳақиқатни дунё ҳамжамияти тан олмоқда.
Китобнинг “Янги Ўзбекистон – хавфсиз ва тинчликсевар давлат” деб номланган сўнгги бобида “Янги Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати” ва умуман, бугунги сиёсий ва ижтимоий қиёфаси қандай бўлиши кераклиги “Янги Ўзбекистоннинг ўзаро ишонч ва ҳамкорликка асосланган иқтисодий дипломатияси”, “Ўзбекистоннинг янги сиёсати векторлари: ватандошлар билан ҳамкорлик ва мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш”, “Ҳарбий-жанговар қудрат ва юксак маънавий салоҳият – Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчи”, қўшни Афғонистон билан муносабатлар истиқболи “Бизга тинч ва барқарор, ўзаро манфаатли шериклик учун очиқ Афғонистон керак” каби мавзулар таҳлили орқали батафсил ёритиб берилган.
Хулоса қилиб айтганда, “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китобида мамлакатимизнинг бугунги тараққиёт суръатлари, унинг жаҳон майдонидаги тобора ортиб бораётган обрў-эътибори ва нуфузи, олис ва яқин истиқболга мўлжалланган мақсад ва вазифалари қандай мустаҳкам пойдеворга асосланиши, қандай омиллар ҳисобидан таъминланаётгани ҳар томонлама чуқур таҳлил қилинган. Ўзбекистондаги кўпқиррали сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий ислоҳотларнинг, мамлакатимиз ва жаҳон ҳамжамияти ўртасидаги муносабатларнинг бирон-бир йўналиши муаллиф эътиборидан четда қолмаган.
Ҳозирги замоннинг шиддатли ва зиддиятли тараққиёт тамойилларини мураккаб ва таҳликали давр нуқтаи назаридан тушуниш, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, келажакка катта ишонч билан қараб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнларида онгли ва бунёдкор фуқаро сифатида муносиб иштирок этишда, янги ватанпарвар авлодни тарбиялашда ушбу асарнинг аҳамияти беқиёсдир.
ЎзА
- Қўшилди: 24.07.2024
- Кўришлар: 2154
- Чоп этиш