Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибияти Аргентина Президенти Хавьер Милейнинг мусулмонларга, қадимий ислом цивилизациясига нисбатан тажовузкорона баёноти, хусусан “ислом терроризми”, “ислом ақидапарастлиги” каби ибораларни кўп қўллашидан хавотир ва норозилик билдирди.
ИҲТ Бош котибияти ҳамда ташкилотга аъзо давлатлар анъанавий дўст, ҳамкор, умумий иқтисодий манфаатга эга мамлакат етакчиси терроризмни ислом билан боғлашини кескин қоралайди.
Тузилма давлат раҳбари ёки мансабдор шахснинг динларга, халқлар эътиқодига ҳурматидан фарқли ўлароқ, терроризмнинг бирор шаклини, босқинчиликни ислом ёки бошқа дин билан боғлашини қатъиян рад этувчи принципиал позициясини таъкидлайди. Ва шу нуқтаи назардан нафрат, муросасизлик, салбий қиёфа шакллантиришга уриниш, дин қиёфасини бузишнинг ҳар қандай кўринишига қарши туришга, дин, цивилизация ва маданиятлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга чақирди.
ИҲТ Бош котибияти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг “динлар обрўсига туҳмат қилишга қарши кураш” тўғрисидаги тегишли резолюциясини, жумладан Бош Ассамблея 2022 йил 15 мартда эълон қилган резолюцияга мувофиқ, 15 март Исломофобияга қарши кураш халқаро куни сифатида эълон қилинганини яна бир бор эслатди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА
- Қўшилди: 03.06.2024
- Кўришлар: 1464
- Чоп этиш