2024 йил 19 октябрда “Ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
– Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтиришга эътибор кучайди, – деди Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов. – Хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи тузилма – Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га нисбатан 2 баравар ошиб, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови 5 баробарга кўпайди. Ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлиги бўлган болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди.
Янги таҳрирда қабул қилинган Конституциянинг 46-моддасида ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга экани ва қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги қайд этилган.
Шунга кўра, Конституцияда меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлиши белгилангани мазкур соҳани ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш зарурлигини тақозо этди.
Шундан келиб чиқиб қабул қилинган мазкур қонун билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва болалар билан ишлаш бўйича ваколатлари белгиланди.
Шу билан бирга, эндиликда аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари мажбурий тартибда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан келишилади.
Қонунга ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан боғлиқ нормалар ҳам киритилди.
“Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида вафот этган шахснинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошларига ёки қонуний вакилига, улар бўлмаганда эса дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахсга дафн этиш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан нафақа берилади. Эндиликда бу Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан амалга оширилади.
Қонунчиликка Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан киритилаётган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан давлат божидан озод этилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда улар хотин-қизларнинг, болаларнинг, оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилалар манфаатларини кўзлаб судга мурожаат қилганда, давлат божидан озод этилади.
“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатларини тўлдириш билан боғлиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Қонун аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ҳимоя механизмларини такомиллаштиришга замин яратди. Эндиликда давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турлари кенгайтирилади. Жамиятда аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишда муаммо ва тўсиқларни бартараф этишга нисбатан муросасизлик муносабати шаклланади.
Шу билан бирга, қонун инсон ҳуқуқлари ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини ишончли тарзда ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилишга, ҳуқуқий механизмларни миллий қонунчилигимизда мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 31.10.2024
- Кўришлар: 598
- Чоп этиш