Халқ иродаси, эзгу ниятларига ҳамоҳанг тарзда ўз тараққиёт стратегиясини шакллантирган давлат эл фаровонлиги учун ортга қайтмас вазифаларга киришган саналади. Бунинг учун энг муҳим мақсад ва вазифалар, аввало, Асосий қонунимиз – Янгиланган Конституцияда мустаҳкамланди.
Маълумки, улуғ аждодларимиз қалбида бўлган эзгуликлар бугун юртдошларимиз кўнглида ҳам адолат, ҳақиқат, иймон, бағрикенглик ва тантилик руҳида жўш урмоқда. Янгиланган Конституцияда Ўзбекистон “ижтимоий давлат” деган тамойил муҳрланиб, давлатнинг бу соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар уч бараварга ошди.
2040 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 50 миллионга етиши кутилмоқда, жамиятнинг ярмидан кўпини эса ёшлар ташкил қилади. Уларга муносиб ҳаёт шароити яратиш учун эса барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозим.
Бунинг учун аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш, амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи тузилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Ташкилотнинг асосий вазифалари этиб, оғир ҳаётий вазиятга тушган аҳоли билан манзилли ишлаш ва уларга ижтимоий хизмат, ёрдам кўрсатиш, ҳимояга муҳтожларга кўмаклашиш белгиланди.
Бу элимизга хос азалий қадриятларнинг яна бир бор жонланишига туртки бўлди. Маълумки, бобо ва бувиларимиз ҳимояга муҳтож қўшнилар ҳолидан хабар олиш, уларга қалбан яқин бўлиб, эҳтиёжларини таъминлашга кўмаклашишни энг улуғ савоб амаллардан, дея санашган.
Айни йўналишга давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори бугун ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳаётига янгича ёруғлик бағишламоқда. 2024 йил 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун кенг имкониятлар яратилиши юзасидан вазифалар, тизимни кучайтиришга доир янги ташаббуслар айтилди.
Жумладан 2025 йилда 1 миллион 200 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалаларини ҳал қилиш ва яшаш шароитини яхшилаш зарурлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, бу борада яхши тажрибалар бор. Масалан, Тайлоқ ва Косонсой туманларида “Илк ривожланиш марказлари” очилиб, камбағал оиладаги ва ногиронлиги бўлган 4 минг 200 нафар болага боғча таълими берилган. Энди эса камбағаллик юқори мингта маҳаллада яна биттадан оилавий боғча фаолияти йўлга қўйилади. Оилавий боғча ўринларининг 15 фоизига камбағал оила фарзандлари қабул қилинади ва боғча тўлови қисман қоплаб берилади.
Бу аслида болаларнинг ота-оналари учун ҳар томонлама қулай имконият демакдир. Чунки улар фарзандини парваришлаш билангина банд бўлмай, жамият ҳаётида фаол бўлиш, касб-ҳунарлар билан шуғулланишига шароит яратилади. Шу тарзда оилаларда розилик кайфияти пайдо бўлади. Хиссий хомушликлардан фориғ бўлишига имкон берадиган иш билан чалғиш, сиқилишлардан узоқ бўлишга олиб келади.
Шунингдек, йиғилишда ногиронлиги бор болаларни таълим билан қамраб олиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда ҳар бир туманда биттадан боғчада инклюзив таълим гуруҳи очилиши айтилди. Ҳаракати чекланган болаларнинг мактабга келиб-кетиш харажатининг 75 фоизини қоплаш тизими жорий қилинади. 1 сентябргача 954 та мактабда инклюзив синф ташкил қилиниб, яна 1 минг 800 нафар ногиронлиги бор боланинг таълимига шароит яратилади.
Бундай мақсадли имкониятлар ва ислоҳотлар ортида жамиятнинг ҳар бир аъзоси тенг эканлигига ишора бор. Ногиронлиги бор болалар онги илмга муҳтож бўлган вақтда уни умидли мақсадлар йўлида тенгдошлари қатори йўналтиришга давлатимиз томонидан шароит яратилаётган экан, бу, ўз ўрнида, Ўзбекистоннинг инсонпарварлик мақсадларини очиқ намоён этади.
Инсон қандай вазиятда бўлмасин, унга берилган биргина имконият ҳам юксак мақсадлар томон ҳаракат қилиши кераклигини уқтиради. Умид билан яшаш муқаддас ислом таълимотида ҳам энг улуғ амаллар сирасида қайд этилади.
Ҳазрати Алишер Навоий бундай эзгу амалларга берган таърифида унинг ортидан бўладиган мукофотни қайдларида бежиз муҳрламаган:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борки, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА
- Қўшилди: 03.01.2025
- Кўришлар: 424
- Чоп этиш