Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугун дунёда 1 миллиарддан ортиқ одам ногиронликдан азият чекади. Бу дунё аҳолисининг тахминан 15 фоизини ташкил этади. Сурункали касалликларнинг кучайиши ва қарилик сабаб уларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистонда ҳам бундай шахслар сони кам эмас.
Мамлакатимиздаги аксарият ҳудудларда инфратузилмалар ногиронлар учун мослаштирилмаган эди. Уларни жамиятнинг муҳим жабҳаларига жалб қилинишида бир қатор жиддий тўсиқлар салбий таъсир ўтказиб келган.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 июлдаги “Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 18 июлдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ногиронлиги бўлган шахсларнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини янада самаралироқ ҳимоя қилиниши борасида бир қатор зарурий чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Хусусан, 2024 йил 1 октябрдан реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳалари техник қисми ногиронлиги бўлган шахсларга шароитлар яратиш бўйича шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан мажбурий экспертизадан ўтказилади.
Ҳар йили “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси маблағларининг камида 10 фоизи чорраҳаларда ногиронлиги бўлган шахслар (пиёдалар) учун хавфсиз ва тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига йўналтирилади.
2025 йил 1 январдан белгиланган фаолият турлари бўйича лицензия беришда объектда шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларга тўсиқларсиз муҳит яратилгани бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосасини олиш талаб қилинади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Ногиронлиги бўлган шахсларнинг функционаллигини баҳолаш бошқармаси мутахассиси Беҳзодбек Абдуҳакимов юқорида қайд этилган ҳужжатлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида гапирди.
Интервьюнинг тўлиқ шаклини ЎзАнинг You Tube канали орқали кўришингиз мумкин.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА
- Қўшилди: 01.08.2024
- Кўришлар: 1175
- Чоп этиш