"Биз хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлидаги умумий хатарларга қарши янгича ёндашувлар асосида ва яқин ҳамкорликда ишлашимиз зарур". Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида ушбу фикрни алоҳида таъкидлади.
Бу бежиз эмас. Чунки БМТ Бош котиби ҳам жорий йилнинг январь ойида худди шу юксак минбардан туриб, инсоният келажагига таҳдид солаётган "тўрт чавандоз" - тобора кучайиб бораётган глобал геостратегик танглик, иқлим ўзгаришлари, халқаро майдондаги ишончнинг инқирозга юз тутгани ва рақамли технологияларни татбиқ этишнинг салбий оқибатлари ҳақида гапирганди.
Антониу Гутерришнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган маърузасида қайд этилганидек, "панада яна бир чавандоз пайт пойлаб турган экан" ва бу COVID-19 пандемиясидир. Бош котиб жаҳон ҳамжамиятини ана шу "беш чавандоз"ни мағлуб этиб, ўзимиз истаган тинч, инклюзив ва барқарор дунёни ўзаро ҳамжиҳатликда барпо этишга чақирди.
Коронавирус пандемияси, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатди. Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, ўртамизда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини исботлаб тургани аён ҳақиқатдир.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклифини илгари сургани ғоят муҳим аҳамиятга эга. Ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши кўзда тутилмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллик юбилейи ҳақида сўз борганда, 1945 йилда тузилган мазкур энг универсал халқаро ташкилот ўтган даврда дунёда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида муҳим ташаббусларни илгари суриб келаётганини алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. Мустақил Ўзбекистон БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида жаҳон миқёсидаги ва минтақавий масалаларни ҳал этишда ушбу нуфузли халқаро ташкилот билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Бу борада қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни илгари суриш, БМТ билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган ва изчиллик билан амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, «Ўзбекистон БМТнинг Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий шартномаларнинг мақсад ва тамойилларига содиқ ҳамда ўз зиммамизга олган мажбуриятларимизни оғишмасдан бажариб келмоқдамиз”.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таъбири билан айтганда, “Олдимизда турган муаммоларни ҳеч бир мамлакат, ҳеч қайси жамият якка ҳолда ҳал эта олмайди ва шунинг учун барча саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз зарур. Биз нафақат сўзлашимиз, балки тинглашимиз ҳам лозим”.
Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон БМТ Бош котибининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топганига 75 йил тўлиши муносабати билан «БМТ 75 ёшда: келажакка нигоҳ» мавзуидаги туркум Глобал мунозаралар уюштириш ташаббусини тўла қўллаб-қувватлади. Мамлакатимизда ўтган даврда айни мавзуда бир туркум Глобал мунозаралар ташкил этилди.
Маълумки, бундан беш йил аввал БМТга аъзо-давлатлар 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш кун тартибини қабул қилди. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича Миллий индикаторлар муваффақият билан амалда татбиқ этилмоқда.
Албатта, дунёда COVID-19 пандемиясининг тарқалиши Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда инсон ҳуқуқларига риоя этилишига ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Халқаро ташкилотлар коронавирусга қарши курашнинг инсон ҳуқуқларига, айниқса, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларига таъсирини юмшатишга қаратилган чораларни амалга оширишга чақирмоқда.
Ўзбекистонда ушбу хатарни бартараф этиш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда. Хусусан, 14 июлда “Пандемия ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида миллий он-лайн мулоқот ташкил этилиб, унда парламент палаталари, вазирликлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, мазкур тадбирда БМТ агентликлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Бошқармаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Бундан олдин, 24 июнда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ташаббуси билан БМТ ва ЕХҲТ расмий вакиллари Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги Ўртасарой карантин марказига ташриф буюрган эди.
Мамлакатимиз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича биринчи ихтиёрий Миллий шарҳини парламент ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказди. Айни пайтда ушбу Миллий шарҳ БМТнинг Иқтисодий ва Ижтимоий кенгашига тақдим этилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йил сентябрдаги Барқарор ривожланиш бўйича саммитида қабул қилинган 70-сон резолюциясига билан 17 та Барқарор ривожланиш мақсади тасдиқланган. Шу асосда 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг Миллий мақсад ва вазифалари ҳам тасдиқланди ва амалга оширилмоқда.
Барқарор ривожланиш мақсадларида (БРМ) белгиланган 169 та вазифанинг 92 фоизи инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатлар билан бевосита боғлиқдир. 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартиби “инсон ҳуқуқларини барча учун амалга оширишга интилиш” тамойили ижросига қаратилган бўлиб, БРМ мақсадларнинг аксарияти инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатлар қоидаларини ўзида акс эттиради.
Хусусан, Барқарор ривожланишнинг “Тинчлик, адолат ва самарали институтлар” деб номланган 16-мақсади шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни қамраб олган. Ушбу мақсад асосан шахсий хавфсизлик, одил судловга эришиш ва асосий эркинликлар соҳасидаги институционал ислоҳотларни кўзда тутади.
Халқаро ҳамжамият ушбу ниҳоятда мураккаб мақсадга эришиш жараёнида “ҳеч ким ортда қолмайди” тамойилини якдиллик билан амалга оширмоқда. Бу, ўз навбатида, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тенглик ва камситилмаслик тамойилларини тўлиқ ифода этади.
Барқарор ривожланиш мақсадларининг инсон ҳуқуқларига риоя қилишга асосланиши, албатта, уларнинг аксарият қисми инсон ҳуқуқлари бўйича миллий, минтақавий ва халқаро механизмлар томонидан мониторинг қилинишини англатади. Бинобарин, ҳар йили давлатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари мониторинги бўйича турли механизмлари орқали ўртача 70 тадан кўпроқ тавсия олади.
Универсал даврий ҳисобот механизми доирасида 2007 йилдан бошлаб, БМТга аъзо 193 та давлат учун 68 мингтадан ортиқ тавсия ишлаб чиқилган. Ушбу тавсияларни тизимли ва самарали амалга ошириши учун давлатлар уларни БРМнинг мақсадларига оид тематик гуруҳларга боғлаб ижро қилмоқда.
Бу муҳим жараённи Ўзбекистон мисолида таҳлил қилсак, БМТнинг шартномавий қўмиталари, махсус маърузачилари ҳамда Универсал даврий ҳисобот механизми доирасида мамлакатимизга 868 та тавсия билдирилган. Шундан 460 таси, яъни 53 фоизи бевосита БРМ билан боғлиқдир.
Жумладан, 2018 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан кўриб чиқилган Учинчи ҳисобот бўйича 212 та тавсиянинг аксарият қисмини БРМнинг сифатли таълим, гендер, муносиб меҳнат, камбағалликни қисқартириш ва одил судловга доир мақсадлари қамраб олади. Олий Мажлис палаталари томонидан ушбу тавсияларни бажариш мақсадида Миллий ҳаракат режаси тасдиқлангани диққатга лойиқдир.
Янги Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича янги халқаро шартномалар қабул қилиниши ташаббуси билан чиқмоқда. Бундай ташаббусларнинг амалий ифодасини, жумладан, кейинги даврда БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилингани, шунингдек БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳаси ишлаб чиқилгани мисолида кўриш мумкин. Юртбошимиз 75-сессиядаги нутқида мазкур ҳужжатни қабул қилиш заруратига халқаро ҳамжамият эътиборини яна бир бор қаратди.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, 2019 йил февраль ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг юқори даражадаги Сегменти доирасида Ўзбекистон 2021-2023 йилларда ушбу Кенгашга аъзо бўлиш учун ўз номзодини илгари суриши тўғрисида баёнот берган. Шундан сўнг мавжуд тартиб-қоидаларга асосан номзодлик БМТ Бош Ассамблеяси рўйхатидан ўтказилди ва дипломатик саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 60/251-сонли резолюциясига мувофиқ, 2019 йил октябрь ойида БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларда тақдим этиладиган Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар" ҳужжати тадқим этилди. Ихтиёрий мажбуриятларнинг қисқача таҳлилига тааллуқли яна 2 та ҳужжат ҳам тайёрланди.
Ўзбекистон тақдим этган "Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар"да мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ютуқлар ва амалага оширилаётган ислоҳотлар билан бирга, бу борада келгусида бажариладиган вазифалар ҳам акс эттирилган. Халқаро, минтақавий ва миллий доираларда Ўзбекистоннинг истиқболдаги мажбуриятлари ва режалари батафсил тавсифланган.
Ушбу мажбуриятларни 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартиби доирасида амалга ошириш белгиланган. Бугун режадаги айрим ихтиёрий мажбуриятларни бажаришга киришилганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Хусусан, БРМ ҳамда БМТнинг барча тузилмалари тавсвияларини инобатга олган ҳолда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси тасдиқланди. Ушбу Стратегия тўғрисидаги маълумот БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессияси расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.
Ўзбекистон Президентининг Фармони билан БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари қарорларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда парламент томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Барча таълим муассасаларидаги таълим жараёнига “Инсон ҳуқуқлари” махсус ўқув курси киритилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни мониторинг қилиш бўйича парламент ваколатлари кенгайтирилди:
- май ойида илк бор парламент палаталари томонидан махсус ахборот кўриб чиқилди;
- инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ органлари тавсияларини бажариш бўйича “йўл хариталари”ни тасдиқлаш амалиёти шакллантирилди, натижада бугунги кунга қадар 5 та “йўл харитаси” тасдиқланди;
- ҳозирда инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент комиссияси тузиш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Дарвоқе, Ўзбекистоннинг БМТ минбаридан янграган яна бир янги ташаббуси: Президентимиз Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
Ўзбекистон Президентининг бу ва бошқа ташаббуслари ҳам халқаро ташкилотлар, хусусан, Парламентлараро иттифоқ бош котиби М.Чунгонг томонидан қўллаб-қувватлангани эътиборга моликдир. Зеро, Парламентлараро иттифоқ энг кекса халқаро парламент ташкилоти бўлиб, бундан 130 йил олдин, яъни 1889 йилда ташкил топган.
Бугунги кунда нуфузли ташкилот дунёнинг 179 та мамлакати парламентлари ва 13 та парламентлараро ташкилотни бирлаштирган. Парламентлараро иттифоқнинг мақсади парламентаризмнинг ривожланиши, инсон ҳуқуқлари ва аёл парламентарийлар ҳуқуқларига риоя қилиниши, шунингдек миллатлараро тинчлик ўрнатиш ҳамда халқаро хавфсизликни сақлаш ишларига кўмаклашишдан иборат.
Ташкилот қароргоҳи Женева шаҳрида жойлашган бўлиб, БМТ билан яқин ҳамкорлик қилади ва мазкур халқаро ташкилотнинг мақсад-вазифаларини қўллаб-қувваталайди. Ташкилот вакиллари БМТ органлари, жумладан БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича органлари ва шартномавий қўмиталарининг йирик тадбирларида иштирок этади.
Ўзбекистон Парламентлараро иттифоққа аъзолигини ушбу ташкилотнинг 2017 йилги 137-Ассамблеясида тиклаган. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон парламенти аъзоси мазкур ташкилотнинг вице-президенти лавозимига сайланган.
Парламентлараро иттифоқ расмий сайтида таъкидланганидек, «Парламентлараро иттифоқ Ўзбекистон парламентининг халқаро стандартларни миллий даражада татбиқ этишга қаратилган янги чора-тадбирларини қутлайди».
Парламентлараро иттифоқ тавсияларига мувофиқ, Ўзбекистон парламенти аъзолари томонидан яқинда бир қатор халқаро ва миллий ташкилотлар вакиллари иштирокида видеоконференция ўтказилди. Унда БМТ Бош Ассамблеяси 1966 йили қабул қилган ва 1976 йили кучга кирган кўп томонлама шартнома – Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг бажарилиши билан боғлиқ жараёнлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон парламенти инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласини тобора фаоллик билан илгари сураётгани Парламентлараро иттифоқнинг алоҳида эътиборида турибди. Хусусан, 2018 йилда инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши ва БМТ тавсияларининг бажарилиши устидан парламент назоратини ўрнатиш механизми ишлаб чиқилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси БМТ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари билан ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режасини қабул қилди ва ўз тарихида илк бор инсон ҳуқуқлари бўйича дастлабки парламент маърузасини чоп этди.
Жорий йилнинг 20 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2018 йил 4 майдаги Қўшма қарори билан тасдиқланган дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, соҳадаги таклиф ва тавсияларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ижроси юзасидан парламент эшитуви ўтказилди. Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган ушбу парламент эшитувида бошқа халқаро ташкилотлар каби Парламентлараро иттифоқ вакили ҳам иштирок этди.
Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича ҳалқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисидаги Ахбороти ҳам биринчи маротаба эшитилди.
Яна бир муҳим жиҳат: "фуқаросизлик" муаммоси кейинги ўн йилликлар давомида Парламентлараро иттифоқ фаолиятининг устувор соҳаси бўлиб келган. 2018 йилда Парламентлараро иттифоқ БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари билан ҳамкорликда сиёсатчилар ва қонун чиқарувчилар учун "Фуқаросизлик ҳолатларини камайтириш ва унга барҳам бериш борасида фуқароликка доир қонучилик соҳасидаги илғор тажриба" номли раҳбарий қўлланмани нашр эттирди.
Бу ҳужжат фуқаросизлик билан боғлиқ янги ҳолатларнинг самарали олдини олиш ва уни камайтириш учун кўмаклашишга қаратилган. Шу маънода, Президентимизнинг 75-сессиядаги нутқида қайд этилганидек, жорий йилнинг ўзида 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилгани алоҳида эътиборни тортади.
Шундай қилиб, давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларимиз натижасида янги Ўзбекистон шаклланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди.
Бунда, мамлакатимизнинг нафақат ҳамкор мамлакатлар билан икки томонлама, балки халқаро ва минтақавий нуфузли ташкилотлар билан кўп томонлама ўзаро яқин шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлидан изчил одимлаётгани муҳим аҳамият касб этади.
Мирзатилло Тиллабоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари
("Янги Ўзбекистон" газетаси, 2020 йил 10 октябрь)
- Қўшилди: 20.10.2020
- Кўришлар: 4057
- Чоп этиш