Шу йил 12-13 август кунлари ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми бўлиб ўтади. Форум ташкилотчиси Ўзбекистон Ҳукумати ҳисобланиб, анжуманни ўтказиш масъулияти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази зиммасига юкланган.
Видеоконференция шаклида ўтказиладиган ушбу форум инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган иккинчи халқаро анжумандир. "Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми" деб номланган биринчи халқаро анжуман 2018 йил 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган.
Унинг иштирокчилари томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинган. Мазкур Декларацияни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 2019 йил 6 февралда БМТ 73-сессиясининг ҳужжати сифатида тасдиқлаган.
Осиё Форуми якунида мазкур халқаро анжуманнинг муҳимлиги ва зарурлигини ҳисобга олган ҳолда, уни ҳар икки йилда бир марта мунтазам равишда ўтказиб туриш ҳақида келишиб олинган.
Бу галги Самарқанд Форумининг асосий мақсади – ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга тааллуқли мавжуд халқаро ҳамда минтақавий механизмларни таҳлил қилишдан иборат. Мунозаралар жараёнида ушбу соҳадаги халқаро ҳужжатларни такомиллаштириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.
Кун тартибига, шунингдек БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича бутунжаҳон дастурини амалга оширишда ёшларнинг ўрни масаласи киритилган. Шу билан бирга, ёшлар ҳуқуқларини таъминлашдаги энг муҳим муаммолар муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Самарқанд Форумида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳаси биринчи марта жаҳоннинг етакчи экспертлари муҳокамаси учун тақдим қилинади. Ушбу Конвенция лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги таклифига мувофиқ тайёрланган.
Конвенция - том маънодаги янги ҳужжат бўлиб, унда ёшларнинг ҳозирги замонда дунё миқёсида эътироф этилиши зарур бўлган ўзига хос ҳуқуқлари ўз аксини топган. Бу халқаро ҳужжатнинг қабул қилиниши жаҳондаги барча давлатлар томонидан ёшлар масалаларига бўлган эътиборни тубдан кучайтиради. Ёшларнинг алоҳида ҳуқуқларига жиддий эътибор қаратилиши, ўз навбатида, навқирон авлод вакилларига манзилли кўмак кўрсатишда муҳим омил бўлади.
Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенция лойиҳаси ўзбек, рус ва инглиз тилларида муҳокама учун форумнинг расмий сайти (http://www.asianforum.uz/) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг расмий (http://insonhuquqlari.uz/) сайтида жойлаштирилган.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, институционал сиёсий жараёнларда ва сиёсат соҳасида ёшларнинг шахсан ёки вакиллари орқали иштироки, дунё миқёсида бошқа ёш тоифалари билан ўзаро қиёслаганда, қуйи даражадалигича қолмоқда. Ёш авлод вакиллари сиёсий институтларда, хусусан, парламент, сиёсий партиялар ва давлат бошқаруви органларида зарур даражада ўз вакилларига эга эмас.
Бу, ўз навбатида, ёшларнинг расмий тузилмалар, сайлов жараёнлари, етакчилар ва сиёсатчилардан узоқлашишига ҳамда уларга нисбатан ишончсизлиги ортишига олиб келади. Ёшларнинг, айниқса, сиёсий жараёнларда иштирок этишини таъминлаш йўлидаги асосий муаммолардан бири - ҳуқуқий тўсиқлардир. Давлат лавозимларини эгаллаш учун интилаётган ёшлар аксар ҳолларда ана шундай ғовларга дучор бўлмоқда.
Дунё миқёсида олиб қаралса, 30 ёшгача бўлган парламент аъзоларининг сони атиги салкам 2,2 фоизни ташкил этади. Парламентлараро иттифоқ маълумотларига кўра, жаҳон мамлакатлари парламентлари таркибида ёшлар вакиллари етарли миқдорда эмаслигининг муайян сабаблари мавжуд.
Авваламбор, давлат лавозимларида ишлаш учун талаб этиладиган энг кичик ёш аксарият ҳолларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлишнинг энг кичик ёшига нисбатан анча юқоридир. Бунинг оқибатида ёшлар тегишли давлат мансабларида ишлаш ҳуқуқига эга бўлишни 25, 35 ёки баъзи ҳолларда 45 ёшгача кутишларига тўғри келади.
Бундай ҳолат дунё парламентларининг юқори палаталарига кўпроқ тааллуқлидир. Чунки бу лавозимларга сайланиш ҳуқуқига эга бўлиш учун имкон қадар юқори ёш чекловлари ўрнатилган.
Шу кунгача Самарқанд Форумида иштирок этиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгаши, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Африка Иттифоқи тизимидаги ёшлар тузилмалари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро, минтақавий ва миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлар, жами 300 дан ортиқ киши ихтиёр билдирган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти, Ёшлар ишлари бўйича агентлик, ёшлар ташкилотлари вакиллари ҳам фаол иштирок этиши кутилмоқда.
Ғ.Мирзаев
- Қўшилди: 07.08.2020
- Кўришлар: 3967
- Чоп этиш