Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорлик ва амалий мулоқотни ривожлантириш учун доимо тайёрмиз

Сўз - Миллий маслаҳатлашув иштирокчиларига

2020 йил 12 август куни Тошкент шаҳрида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни амалга оширишга бағишланган Миллий маслаҳатлашув ўтказилишининг ўзига хос рамзий маъноси бор. Чунки, ушбу тадбир:

биринчидан, мамлакатимиз тарихида илк маротаба – Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайлангани муносабати билан бўлиб ўтмоқда;

иккинчидан, БМТ Бош котиби Антонио Гутериш  чақириғига жавобан, Ўзбекистон томонидан «БМТ 75 ёшда: келажакка нигоҳ» ташаббуси доирасида ташкил этилмоқда;

учинчидан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг учинчи ва тўртинчи йўналишлари ижроси доирасида ўтказилмоқда.

Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланганининг тарихий аҳамияти қуйидагилардан далолат беради.

Биринчидан. Мамлакатимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайлангани - Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мақсад этиб белгилаганидек ва ўзи орзу қилгандек яшашга интилаётган, Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатиб берилган ёруғ истакларига яраша янгидан-янги самараларга эришаётган янги Ўзбекистон халқи қўлга киритган яна бир оламшумул ютуқдир.

Иккинчидан. Бу улкан ютуқ - Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ушбу соҳада давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантириш, халқаро майдонда мамлакат нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганининг ёрқин далолатидир.

Учинчидан. Ўзбекистоннинг мутлақо янгиланган ташқи сиёсатини амалга ошириш, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан муносабатларни ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш масалаларига алоҳида урғу берилаётгани халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилгани ҳамда қўллаб-қувватланаётганининг ўзига хос ифодасидир.

Тўртинчидан. Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, "Жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларимиз натижасида янги Ўзбекистон  шаклланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди".

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳақида сўз борганда, авваламбор, ушбу ташкилот 2006 йилда ташкил этилганини ва БМТ Бош Ассамблеясининг органи ҳисобланишини таъкидлаш лозим. У ўз мажлисларини мунтазам, йилида камида уч марта ўтказади.

Ушбу сессиялардан бири асосийси саналади ва унинг иши ўн ҳафта давом этади. Кенгаш аъзоларининг учдан бир қисми талаби асосида, жумладан, муайян мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ташвишли аҳволни ўрганиш мақсадида махсус фавқулодда сессиялар ҳам чақирилиши мумкин.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши қароргоҳи Женева шаҳрида жойлашган. Кенгашга 47 та давлат аъзодир.

БМТ Бош Ассамблеяси сессияси делегатлари 13 октябрь куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 15 та аъзо давлатни сайлади. Улар сафида Ўзбекистон, шунингдек Буюк Британия, Боливия, Хитой, Габон, Кот-д'Ивуар, Куба, Малави, Франция, Покистон, Мексика, Непал, Россия, Сенегал ва Украина бор. Янги аъзоларнинг ваколати 2021 йил 1 январдан бошланади.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши жаҳон бўйлаб бу борадаги вазиятни назорат қилиб, ҳукуматларга кўрсатма ва тавсиялар бериб боради. Энг муҳими, мазкур Кенгашга аъзо ҳар бир давлат ўз мажбуриятларини ёдда тутиши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари билан боғлиқ мезонларга амал қилишда намуна бўлиши лозим.

Шу маънода, Ўзбекистоннинг БМТ органига аъзолик учун интилгани бежиз эмас. Бу самарадор саъй-ҳаракат давлатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзосига юклатиладиган мажбуриятларни астойдил бажариш ва инсон ҳуқуқларини глобал миқёсда ҳимоя қилишга қатъий бел боғлаганидан далолатдир.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларга сайланиши учун Ўзбекистон номзодини илгари суриш вазифаси давлатимиз раҳбари томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгилаб берилганди.

Шу асосда ўтган даврда  комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва изчиллик билан амалга оширилди. Хусусан, мавжуд тартиб-қоидаларга асосан номзодлик БМТ Бош Ассамблеяси рўйхатидан ўтказилди ва дипломатик саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди.

2019 йил октябрь ойида эса, БМТ Бош Ассамблеясининг 60/251-сонли резолюциясига мувофиқ, БМТнинг "Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларда тақдим этиладиган Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар"  ҳужжати тадқим этилди.

Мазкур ҳужжатлар БМТ Бош Ассамблеяси ва Инсон ҳуқуқлари кенгашида ҳамда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари орқали аъзо-давлатлар ўртасида кенг тарқатилди.

Ўзбекистон тақдим этган "Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар"да мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ютуқлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бирга, бу борада келгусида бажариладиган вазифалар ҳам акс эттирилган. Халқаро, минтақавий ва миллий доираларда Ўзбекистоннинг истиқболдаги мажбуриятлари ва режалари батафсил тақдим қилинган.

Ушбу мажбуриятларни 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартиби доирасида амалга ошириш белгиланган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунга қадар режадаги айрим ихтиёрий мажбуриятларни бажаришга киришилган.

Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси бўлишидан кўзлаган мақсади эзгу ва холис. Биз мамлакатимизда ҳам, жаҳон миқёсида ҳам ҳуқуқ ва қонун устувор бўлиши, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳар томонлама таъминланиши, ҳимоя қилиниши ва рағбатлантирилиши тарафдоримиз.

Ўз навбатида, Миллий маслаҳатлашувдан кўзланган мақсад – Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни амалга ошириш  бўйича фаолияти юзасидан 2 та асосий масалани муҳокама қилишдир.

Биринчи масала – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши Универсал даврий ҳисобот бўйича билдирилган тавсияларни бажариш бўйича Оралиқ маъруза лойиҳаси муҳокама қилинади.

Иккинчи масала – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашининг  Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалар бўйича махсус маърузачиси Д.Гарсия-Саяннинг Ўзбекистонга ташрифи юзасидан тайёрланган тавсияларни бажариш бўйича Миллий ҳаракат режаси лойиҳаси кўриб чиқилади.

Шунингдек, тадбир доирасида Инсoн ҳуқуқлари бўйича Ўзбeкистoн Рeспубликаси Миллий маркази билан EXҲТнинг Дeмoкратик институтлар ва инсoн ҳуқуқлари бўйича бюрoси ҳамда EXҲТнинг Ўзбeкистoндаги Лoйиҳалари мувофиқлаштирувчиси ўртасида ўзарo англашув мeмoрандуми имзoланади.

Шуни ҳам айтиш керакки, бундан 2 йил олдин, Универсал даврий ҳисобот бўйича тавсияларни илк бор муҳокама этиш жараёнида Марказ билан БМТнинг Тараққиёт дастури ўртасида Меморандум имзоланганди. Ушбу анъанани давом эттириб, бугунги Миллий маслаҳатлашув доирасида ҳам халқаро ҳамкорларимиз билан Меморандум имзолашни режалаштирдик.

Шундай қилиб, Президентимиз таъбири билан айтганда, Ўзбекистон жаҳоннинг барча мамлакатлари билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликни, БМТ ва унинг институтлари билан амалий мулоқотни ривожлантириш учун доимо тайёр.

Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори

 

 

Маълумот учун: 12 нoябрь куни Тошкентда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги xалқарo мажбуриятлари бажарилиши бўйича Миллий маслаҳатлашув бўлиб ўтди. Ушбу онлайн тадбир Инсoн ҳуқуқлари бўйича Ўзбeкистoн Рeспубликаси Миллий маркази, Ўзбeкистoн Рeспубликаси Олий суди,  "Тараққиёт стратeгияси" маркази ва EXҲТнинг Ўзбeкистoндаги Лoйиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Миллий маслаҳатлашувга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов модераторлик қилди. Ушбу мақола модераторнинг маърузаси матни асосида тайёрланган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech