Коронавирусдан олинган сабоқ унутилиши мумкин, чунки дунё эътибори бошқа инқирозларга қаратилган, инсоният янги пандемияларга тайёр эмас, деб баёнот берди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус.
– COVID-19 пандемиясидан олган оғриқли сабоғимиз унутилиш хавфи остида, – деди ЖССТ раҳбари Дубайда бўлиб ўтган Жаҳон ҳукуматлари саммитида. – Зеро, эътиборимиз дунё юзма-юз келаётган бошқа кўплабинқирозларга қаратилмоқда.
Агар халқаро ҳамжамият сабоқдан зарур хулоса чиқармаса, келгуси пандемияда жуда қиммат тўлов беришга мажбур бўлади. Гап янги пандемия пайдо бўлиши ёки бўлмаслигида эмас, балки бундай воқеа қачон рўй беришида. Янги пандемияни грипп вируси келтириб чиқариши мумкин. Ҳозирги ҳолатда дунё келгуси “X” касаллигига ёки навбатдаги пандемияга тайёр эмас. Агар шундай ҳолат эртага кузатилса, дунё COVID-19 даврида юзма-юз келган муаммога яна дуч келган бўларди.
Гебрейесус мамлакатларни пандемияга тайёргарлик кўриш бўйича халқаро келишув ишлаб чиқишда якдиллик кўрсатишга чақирди.
Дубайда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий анжуманида эҳтимолий қурбонлар сони бўйича коронавирус пандемиясидан 20 баробар оғирроқ кечиши кутилаётган “Х” касаллиги муҳокама қилинди. Экспертлар таъкидлашича, “Х” атамаси кўп йиллардан буён мавжуд, бироқ хасталик қандай жиҳатларга эгалиги, ўлчами қай даражадалигини ҳеч ким билмайди.
ЎзА
- Қўшилди: 14.02.2024
- Кўришлар: 1879
- Чоп этиш