“Глобус” лойиҳаси иштирокчиси – Анқара университети Атроф-муҳит муаммоларини тадқиқ ва татбиқ этиш маркази директори, профессор, доктор Меҳмет Сомунжу иқлим ўзгариши натижасида юзага келаётган офатлар йил сайин ортиб, қуруқлик ҳамда денгиз биологик хилма-хиллигига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
– Туркия Атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазирлиги Метеорология Бош бошқармаси томонидан тайёрланган “Метеорологик офатни баҳолаш-2022” ҳисоботида келтирилишича, 2000-2019 йиллар орасида дунё бўйлаб содир бўлган 7 348 табиий офат 4 миллиарддан кўп одамнинг ҳаётига таъсир қилиб, 1 230 000 кишини ҳаётдан олиб кетган. Шу даврда 3254 марта сув тошқини, 243 бўрон, 552 кучли зилзила, 432 ўта юқори ҳарорат, 376 кўчки ва 338 қурғоқчилик ҳолати кузатилди. Офатларнинг 577 таси Хитойда, 467 таси АҚШда, 321 таси Ҳиндистонда, 304 таси Филиппинда ва 278 таси Индонезияда қайд этилди. Иқлим фалокати сифатида таснифланган 6 681 ҳодиса натижасида 510 837 инсон ҳалок бўлган, жами 3 миллиард 900 миллионга яқин одам жабрланган.
Яқинда Ҳиндистонда ҳаво Цельсий бўйича 45 даража қизиди. Туркияда апрель ва май ойларида ўртача ҳарорат одатдагидан 8-10 даража юқорилади.
Метеорология Бош бошқармасида 1940-2022 йиллар маълумоти мавжуд. 2019, 2020, 2021 йилларда бўрон, дўл, ҳаддан ташқари совуқ ёки иссиқ туфайли тахминан 750-1000 марта фавқулодда вазият юзага келди. 1940 йилда бу рақамлар ҳозирги даражанинг чорагини, ўтган асрнинг 60-70 йиллардаги кўрсаткичнинг ярмини ташкил қилган. Афсуски, 1990 ёки 2000 йилдан бу ёғига барча тахминлар ўсиш келажакда янада юқори бўлишини кўрсатмоқда.
Охирги 150 йил ичида маржон рифлари икки баробар қисқарди, иқлим ўзгариши билан боғлиқ офат денгиз, қуруқлик ва чучук сув экотизимини бузиб, маҳаллий турлар йўқолиши, касаллик тури, ўсимлик ва ҳайвонлар оммавий ҳалокати кўпайиши ва биологик хилма-хиллик камайишига олиб келмоқда.
Океанда ҳарорат кўтарилиши денгиз ва қирғоқ экотизими йўқолиши хавфини қайтариб бўлмайдиган даражада оширади. Масалан, сўнгги 150 йил ичида тирик маржон рифлари икки баробар камайган ва қолган, деярли, барча рифлар кейинги исиш натижасида йўқ бўлиб кетиши хавфи кучайган. Денгиз экотизимидаги биологик хилма-хиллик учун ҳалокатли оқибатлардан бири сифатида балиқ популяцияси камайиши кузатилмоқда. Туркияда бундан 15-20 йил аввал 500-550 минг тоннага яқин овланган балиқ миқдори ҳозир анча камайган. Денгиз ифлосланиши, ортиқча ва назоратсиз балиқ овлаш, сув ҳарорати кўтарилиши туфайли энди йилига 250-300 минг тонна балиқ овланмоқда.
Глобал исиш ва ҳарорат ошиши кутилар экан, келажакда чивин популяцияси кўпайиб, юқори кенгликларга кўчиб ўтади. Экотизим ва биологик хилма-хилликдаги ўзгариш билан бевосита боғлиқ бундай ҳолатга кўплаб мисол келтириш мумкин.
Табиий офат ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси (AFAD) иқлим ўзгариши натижасида юзага келадиган офатларнинг олдини олиш ва табиат инжиқлигига қарши курашиш бўйича изчил тадқиқот олиб боряпти. Туркияда табиий офат хавфини камайтириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш учун тузилма салоҳиятини ошириш техник ёрдам лойиҳаси доирасида энг мойил вилоятлар – Анталия ва Трабзон учун маҳаллий ҳаракат режаси тайёрланган.
Мамлакатда ҳозирча айни йўналишда ягона миллий ҳаракат режаси йўқ. Шу боис AFAD институционал раислигида мазкур икки минтақа ҳужжати биринчи ва ягон, яъни намуна хусусиятига эга.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА
- Қўшилди: 26.07.2024
- Кўришлар: 1304
- Чоп этиш