Иш ва дам олиш ўртасидаги мувозанат. Европанинг қайси давлатлари бу борада етакчи?

2024 йилда бир қатор Европа давлатлари тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтди. Мутахассисларнинг фикрича, бундай график иш унумдорлигини оширади ва уйқуга ижобий таъсир кўрсатади. Аммо минтақанинг баъзи қисмларида иш юкламаси ва уйқусизлик даражаси ҳамон юқорилигича қолмоқда.

MattressNextDay компанияси томонидан яқинда ўтказилган тадқиқотга кўра, ҳафтада беш кун ўрнига тўрт кун ишлайдиган ходимлар тунги уйқуда бир соат кўпроқ вақт ютади.

Ўртача европаликлар кунига етти соат ухлашга эришмоқда, аммо бу кўрсаткич иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанат, ҳаво сифати ва кундузги ёруғлик миқдори каби омилларга қараб фарқланади.

Тадқиқот давомида Европанинг 36 мамлакатидан олинган маълумотлар таҳлил қилинди. Бундан мақсад қайси мамлакатларда иш ва уйқу ўртасидаги мувозанат яхшироқ, қайси бирида ёмонроқлигини аниқлаш эди.

Иш ва уйқу ўртасидаги мувозанат маҳсулдорлик ва саломатликнинг калитидир. Иш учун уйқудан воз кечиш маъқулдек туюлади, аммо ҳақиқат шундаки, тўйиб дам олмаслик диққатимиз, ижодкорлигимиз ва қарор қабул қилиш қобилиятимизга салбий таъсир кўрсатади. Сифатли уйқу кучимизни тиклашга ёрдам беради, натижада максимал самарадорлик билан ишлай оламиз ва кун қийинчиликларини енгамиз. Фақат тўғри тузилган жадвал билан мувозанатга эришиб бўлмайди, узоқ муддатли муваффақият ва фаровонлик учун яхши уйқу ҳам зарур”, — деди MattressNextDay компаниясининг ижрочи директори Мартин Сили Euronews’га берган интервюсида.

Нидерландия — энг мақбул иш ва дам олиш режимига эга мамлакат

Нидерландия иш вақти ва уйқу нисбати энг яхши бўлган Европа мамлакатлари рейтингида биринчи ўринни эгаллади. 2016 йилги Science Advances тадқиқотига кўра, нидерландияликлар ўртача саккиз соат-у беш дақиқа ухлайди, иш юкламаси эса энг камлар қаторида бўлиб, ҳафтасига ўртача 32,2 соатни ташкил этади.

Gallup таҳлил компаниясининг сўнгги ҳисоботига кўра, айнан шу икки омил нима учун Нидерландияда ишдан қониқиш даражаси юқорилигини тушунтиради (ундан ҳам юқори даража фақат Финлaндия, Дания ва Исландияда кузатилган).

Бу, ўз навбатида, компанияларга ходимларнинг ишдан кетиши олдини олишга, янги ишчи олиш ва уларни ўқитиш учун қўшимча харажатлардан қочишга ёрдам беради. Бундан ташқари, Нидерландияда ходимлар энг кам стрессга дучор бўлади. Масалан, Греция, Малта ва Кипр бу рейтингнинг қуйи поғоналарида турибди.

Нидерландияликларнинг тўғри кун тартибига риоя қилишга ёрдам берадиган одатларидан бири — эрталабки қаҳвани кўчада ичиш. Бу одат иложи борича кўпроқ тонгги қуёш нурини олиш имконини беради. Бундай амалиёт сиркад ритмини (инсон организми функцияларининг сутка давомида бир маромда ўзгариб туриши) тартибга солишга, уйқу сифатини яхшилашга ва фаолият самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Австрияда ҳам иш ва уйқу ўртасидаги мувозанат жуда яхши: MedUni Wien маълумотларига кўра, австриялик ходимлар ҳафтасига ўртача 33,6 соат ишлайди, етти-саккиз соат ухлайди.

Бу мамлакатда нафақат иш ҳафтаси нисбатан қисқа, балки иш вақтидан ташқари вазифалар ҳам сезиларли даражада чекланган. Бундан ташқари, баъзи компаниялар ходимларига мослашувчан иш жадвалини таклиф этади.

Норвегияликлар кўп вақтини очиқ ҳавода ўтказади

Норвегия ҳам иш ва уйқу ўртасидаги мақбул нисбатга эга мамлакатлар сафига қўшилган. Ўртача норвегиялик ҳафтасига 33,9 соат ишлайди. Эътиборли жиҳати шундаки, норвегияликлар очиқ ҳавода вақт ўтказишни ва чанғи спорти, сайр қилиш ҳамда каякда сузиш каби турли хил фаол дам олиш турларини ёқтиради. Бу одатнинг ҳатто ўз номи ҳам бор — Frilutsliv, “очиқ ҳавода ҳаёт” деган маънони англатади.

Ушбу омиллар саломатликни мустаҳкамлайди (масалан, қон босими ва D витамини даражасини нормаллаштиради) ва уйқуга ижобий таъсир қилади, шунингдек, стрессни камайтириб, кайфиятни яхшилайди.

Норвегияликларнинг ётоқхоналарида ҳарорат салқин сақланади, бу ҳам уйқу сифатини яхшилайди. Одатда, оилалардаги жуфтликнинг ҳар бирида алоҳида кўрпа бўлади, бу эса уйғонишлар сонини камайтиради. Саунага бориш анъанаси ҳам уйқу сифатини оширади.

Туркия ва Сербияда кўп ишлаб, кам ухлашади

Туркия, Сербия ва Черногория иш ва уйқу ўртасидаги энг ёмон мувозанатга эга давлатлар қаторига киради.

Турклар Европада энг кўп ишлайдиган миллат бўлиб, мамлакатда ўртача иш ҳафтаси 44,2 соатни ташкил этади. Шу сабабли, дам олиш ва ҳордиқ чиқариш учун жуда оз вақт қолади.

ScienceDirect томонидан 2021 йилда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, пандемия даврида Туркия аҳолисининг уйқусини бузувчи асосий омиллардан бири стресс бўлган. Аниқланишича, бу ҳолат эркакларда, шунингдек, оилали ва фарзандли кишиларда яққолроқ намоён бўлган.

Мамлакатдаги беқарор иқтисодий вазият ҳам дам олишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Юқори инфляция даражаси, тез суръатда ошиб бораётган фоиз ставкалари, ишсизликнинг юқори даражаси ва уй-жой нархларининг осмонга чиқиб кетгани — буларнинг барчаси ходимларни ўзи ва оиласи учун энг зарур нарсаларни таъминлаш мақсадида кўпроқ ва узоқроқ ишлашга мажбур этмоқда. Туркияда ишдан қониқиш даражаси атиги 61 фоиз экани ажабланарли эмас.

“Ялқов черногорияликлар” ҳақидаги стереотипга қарамай, Черногория иш ҳафтасининг давомийлиги бўйича Европада иккинчи ўринни эгаллайди — ўртача 43,4 соат. Бу қисман Болқон анъаналари таъсирида мамлакатда шаклланган меҳнат маданияти билан изоҳланади, унда ёши катталар ва иерархик тузилмалар қадрланади.

Шу муносабат билан, черногориялик ходимлар катта ёшдаги ҳамкасблари ва раҳбарлари билан мулоқотда иш-шахсий ҳаёт мувозанатига оид чегараларни ўрнатиш, уларга риоя қилишда қийинчиликка дуч келмоқда. Улар учун иш вақтидан ташқари, байрам ва дам олиш кунларида ишлашни рад этиш, шунингдек, лавозим мажбуриятларидан ташқари вазифаларни бажаришдан бош тортиш осон эмас. Оқибатда, уйқу ва дам олиш кўпинча иккинчи даражали бўлиб қолмоқда.

Бироқ апрел ойида маҳаллий ҳокимият иш кунини бир соатга қисқартиришни эълон қилиш орқали муаммони ҳал қилишга киришди.

Сербияда ҳам иш ҳафтаси нисбатан узоқ бўлиб, 41,7 соатни ташкил этади. Туркияликлар сингари серб ишчилари ҳам пандемия даврида жиддий уйқу муаммоларига дуч келди. 2022 йилда ўтказилган Миллий тиббиёт кутубхонаси тадқиқотига кўра, пандемиянинг учинчи тўлқини пайтида Ғарбий Болқон мамлакатларидаги ёшларнинг қарийб ярми уйқу тартибининг бузилишидан азият чеккан. Бу ҳолат, айниқса, аёллар орасида кўпроқ кузатилган.

Серблар орасида депрессия ва уйқу апноэси (уйқуда 5-60 сония нафас олиш тўхтаб қолиши) ҳам жуда кенг тарқалган.

Маҳаллий Hemofarm фармацевтика компанияси томонидан 2022 йилда ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, сербларнинг 31 фоизи салбий ўй-хаёллар ва қўрқувлар туфайли уйқу муаммоларига дуч келишини маълум қилган. Яна 34 фоизи эса кундалик ташвишлар уларнинг уйқуга кетишига халақит беришини таъкидлаган.

Иш ҳафтасининг узайтирилиши нафақат меҳнат унумдорлигига салбий таъсир кўрсатади, балки юқори қон босими, тушкунлик ва қандли диабет каби соғлиқ муаммолари пайдо бўлиши хавфини ошириши мумкин.

Қандай омиллар яхши уйқуни таъминлайди?

Яхши уйқуга бир неча омиллар таъсир кўрсатиши мумкин, жумладан, хонадаги шароит ва ҳарорат. Хона қанчалик салқин ва қоронғи бўлса, уйқу шунчалик чуқур бўлади. Мутахассислар уйқудан тахминан бир соат олдин гаджетлардан фойдаланишни тўхтатишни, шунингдек, телефон будилниги ўрнига оддий уйғоткичдан фойдаланишни тавсия этади.

Шунингдек, уйқудан олдин тамаки, кофеин ва алкогол истеъмол қилишдан воз кечиш фойдали ҳисобланади.

Аммо яхши уйқунинг энг оддий ва айни пайтда энг муҳим омилларидан бири бўлган тўғри тўшак ва ёстиқ танлаш эътибордан четда қолмаслиги лозим.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech