Шу йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик” дини мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтади. Ислом динининг пок ва маърифатга йўғрилган, тинчликпарвар ғояларини кенг тарғиб этишда ушбу нуфузли халқаро конференциянинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.
Конференциянинг моҳияти, уни юқори савияда ўтказишга кўрилаётган тайёргарлик хусусида Ҳадис илми мактаби ректори Барат АМОНОВ билан суҳбатлашдик.
–Пойтахтимизда бўлиб ўтадиган “Ислом – тинчлик ва эзгулик” дини мавзусидаги халқаро конференциянинг долзарблиги, ундан кутилаётган натижалар қандай?
– Сир эмас айни пайт дунёда глобал воқеалар содир бўлмоқда. Нотинчлик бутун инсониятнинг турмуш тарзига, иқтисодий ва сиёсий барқарорлигига жиддий хавф солмоқда. Айниқса, ахборот майдонида кечаётган хуружлар, асрлар оша тинч ва тотув яшаб келаётган халқлар ўртасида диний, миллий ва ирқий низолар келтириб чиқаришга қаратилган ҳаракатлар авж олмоқда. Жумладан, ислом дини ва унинг муқаддас арконларига, мужтаҳид олимлари-ю, муқаддас китобларига ҳужумлар бўлаётгани кузатилмоқда. Мана шундай шароитда жаҳолатга қарши курашнинг энг ишончи воситаси – маърифат. Шу сабабли давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида, дунё ҳамжамиятини глобал мулоқотга чорлаб, буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурган эдилар.
Эртага ана шу халқаро анжуман пойтахтимизда ўз ишини бошлайди. Жаҳоннинг қатор мамлакатларидан кўплаб мутахассислар, олимлар ташриф буюради. Турган гапки, меҳмонлар мавзу доирасида маърузалар тинглаш баробарида, Тошкент шаҳри ва Хоразм вилоятида бўладилар. Ватанимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хусусан динлар равнақи йўлида олиб борилаётган ижобий ишлар билан танишади. Бу ўлкада қадимдан барча дин ва конфессиялар, турфа миллат ва этник қатламлар баҳамжиҳат яшаб келаётганини амалда кўриб амин бўлишади. Халқимизда “Қўшнингнинг уйида чироқ ёнса қувон, шуъласи сенинг ҳовлингни ҳам ёритади” деган ибратли нақл бор. Бу анжуман, унда иштирок этадиган дунёнинг 22 мамлакатидан 70 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилот раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар орқали бутун дунёга нурафшонлик олиб боришидан умидвормиз.
– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда Ҳадис илми мактабининг ташкил этилиши маърифий ислоҳотларда муҳим қадамлардан бири бўлди, дейиш мумкин. Ушбу мактабнинг фаолияти хусусида қисқача маълумот бериб ўтсангиз. Дунёда бу каби мактаблар борми?
– Тўғри таъкидладингиз, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва 2018 йил 16 апрелдаги фармони билан ташкил этилган Ҳадис илми мактаби қулай ва шинам биноси, ўқитиш услуби, замонавий ўқув воситалари билан жиҳозлангани, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ўтказиш имкониятлари ва бошқа яна қатор ижобий жиҳатлари билан турдош олий диний таълим муассасаларидан ажралиб туради.
Олий ўқув даргоҳида таълим фаолиятини шакллантиришда Мисрнинг “Ал Азҳар”, Мавританиянинг “Ҳадис илми мутахассисларини тайёрлаш маркази”, Туркиянинг “Мармара” университети ва Покистондаги “Дор ул-улум” университети тажрибаси ўрганилган.
Мактабнинг амалдаги ўқув режаси дунёнинг йигирмага яқин нуфузли уламолари томонидан эътироф этилган. Унда 500 номдаги 7210 дона китоб сиғимига эга ахборот ресурс маркази, видео ва аудио студиялар, барча қулайликларга эга ётоқхона, спорт зал, сузиш ҳавзаси ва ошхона мунтазам фаолият кўрсатади.
Ўқув жараёнига юртимизда қадимдан мавжуд мадрасаларда қўлланган мўътабар анъаналардан бири – “Хат ул-кутуб” услуби жорий этилган.
Мактабнинг устозлар ва талабалар жамоаси ҳар йили Абу Исо ат-Термизийнинг “Сунани Термизий”, “Шамоил ул-Муҳаммадия”, “Ал илал ус-соғир”; Абу Муъин ан-Насафийнинг “Ал-ақида ан-Насафия”; Имом Доримийнинг “Сунани доримий” китоблари хатмини ўтказиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан совға қилинган замонавий автобус воситасида Сурхондарё, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятидаги алломаларнинг мақбараларига сафар уюштирадилар. Талабаларга мазкур асарларни “устоз-шогирд” анъанаси асосида ўқиб тугатганини тасдиқловчи ижоза-шаҳодатномалари тақдим этилади. Дарвоқе, бу йил илк қалдирғочларимиз, дастлабки битирувчиларимиз мактабни тугатиб меҳнат жабҳаларига йўл олишди. Шу ўринда улуғ немис шоири Гётенинг бир сатри ёдимга тушди: “Умид билан суқилган таёқ, бир куни берар мева ва япроқ” деб ёзади у “Фауст” асарида. Башарти, марказий Осиёда ягона бўлмиш бу ўқув даргоҳида таҳсил олган ёшлар орасидан ҳадемай юртимизда яшаб ўтган улуғ муҳаддисларнинг муносиб издошлари етишиб чиқиши шубҳасиз. Оққан дарё оқмай қолмас, деб бежизга айтишмаган.
– Ҳадис илми мактаби пойтахтимиз ва Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом – тинчлик ва эзгулик” дини мавзусидаги халқаро конференцияга қандай тайёргарлик кўрди?
– Конференциядан кўзланган асосий мақсад шиддатли глобаллашув шароитида ислом дини қадриятлари, унинг тинчликпарвар моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ёшларни диний бағрикенглик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда ислом динига ёт радикал қарашларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантириш ва бунда Ўзбекистон тажрибасини, динийлик ва дунёвийлик мувозанатини сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини халқаро жамоатчиликка етказишдан иборатдир. Мактабимизнинг ўқитувчилар ва талабалар жамоаси ҳам шу нуфузли анжуман арафасида “Ислом қадриятларини асраб-авайлашда ҳанафий-мотуридий таълимотининг ўрни”, “Глобаллашув шароитида ислом: мўътадиллик ва бағрикенглик” ҳамда “Замонавий жамиятда ғоявий таҳдидларнинг олдини олиш омиллари ва амалий ечимлар” мавзуларида бир қатор чиқишлар қилди. Мактабимизнинг расмий сайти ва бошқа ижтимоий тармоқлари орқали тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Шу мавзудаги маънавий тадбирларга кенг ўрин берилди.
Умуман олганда, ушбу конференция исломнинг мунаввар ва эзгу ғояларини тарғиб этиш, соҳадаги долзарб масалаларни атрофлича таҳлил этиш, уламоларнинг якдил фикрини шакллантириши билан аҳамиятли.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири
- Қўшилди: 14.10.2024
- Кўришлар: 636
- Чоп этиш