“Al-Jazeera” ёзишича, Исроил ракеталари Ғазо сектори жанубидаги Рафоҳ шаҳрида жойлашган Тал-ас-Султон лагерига зарба берган. Натижада 35 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб одам яраланган. Маҳаллий нашрлар душанбага ўтар кечаси лагерга камида саккизта ракета йўналтирилганини қўшимча қилган.
– Ҳаводан берилган зарба оқибатида чодирлар, турар-жой бинолари одамлар билан бирга ёнмоқда, – дейди Рафоҳдаги Кувайт касалхонасига келган фуқаро “Reuters” ахборот агентлигига.
Исроил ҳарбийлари зарба ҲАМАС қароргоҳига йўллангани, ҳужум аниқ разведка маълумоти асосида амалга оширилганини айтган.
– Куйган жасад тасвирлари Ғазо халқини ҳимоя қила олмаган инсоният ва жаҳон ҳамжамияти юзидаги чандиқдир, – деди Гуманитар ёрдам ҳаракати гуруҳи вакили. Ирландия ташқи ишлар вазири қирғинбаротни қораларкан, ҳолатни “бошбошдоқлик” дея таърифлади.
– Ғазо кичик анклав, бу ерда аҳоли зич жойлашган. Бегуноҳ болалар, аёлларни бу тарзда бомбардимон қилиш мумкин эмас. Исроил амалиётини ҳозироқ тўхтатишга чақирамиз, – дейилган вазирлик хабарида.
Норвегия ТИВ ҳам халқаро қонунга кўра, Исроил Рафоҳдаги босқинчиликни тўхтатишга мажбурлигини эслатди. Испания ташқи сиёсат идораси эса Брюсселда Ирландия ва Норвегиядан келган ҳамкасблари билан қўшма матбуот анжуманида, агар Исроил Халқаро суд қарорини бузишда давом этса, бошқа чора кўришини маълум қилган.
Яҳудий аскарлари 25 май куни ҳам Жобалия қочқинлар лагеридаги мактабга ҳаводан ўқ йўллаган. Оқибатда ўнлаб одам вафот этган, уларнинг аксарияти болалар эди. Ҳудуддаги касалхоналар зарур маҳсулот билан етарли таъминланмаган. Жумладан, ёнилғи муаммоси яққол сезиляпти. Ал-Ақсо касалхонаси Ғазодаги тўлиқ ишлаётган ягона шифохона ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро суднинг 24 май кунги қарорида Исроил Рафоҳдаги ҳарбий амалиётни тўхтатиши, кенг кўламда инсонпарварлик ёрдами кириб келиши учун Миср билан чегарада ўтказиш манзилини очиши, фактларни ўрганиш учун Ғазога тергов миссияси кириб боришига имкон бериши керак. Шу билан бирга 1 ой ичида айни чоралар амалга оширилиши юзасидан судга ҳисобот топшириши лозим.
Сардорбек Поёнов, Дониёр Ёқубов, Искандар Исматов (видео), ЎзА
- Қўшилди: 28.05.2024
- Кўришлар: 1345
- Чоп этиш