Суд учта шарт билан ундан фойдаланишга рухсат берди. Мухолифат ва яҳудий жамияти бу қарорни танқид қилиб, унга қарши норозилик билдириш ниятида.
Италияда фашистларнинг қутлов ишораси расман қайта тикланди. CNN телеканалига кўра, мамлакат Олий суди «Рим салюти» ёки «зиг» номи билан машҳур бўлган фашистик қутловни уч шарт билан қонунийлаштирди: у жамоат тартибига таҳдид солмаслиги, бошқаларни ирқий камситилишига йўл қўймаслиги, шунингдек, Италияда тақиқланган Муссолини Миллий фашистик партиясининг тикланишини назарда тутмаслиги керак.
Мухолифат ва яҳудий жамияти бу қарорни танқид қилиб, унга қарши норозилик билдириш ниятида. Италиядаги мухолифат мамлакат ҳукуматига ўта ўнг сиёсий кучлар ва неофашистик гуруҳларни тақиқлаш талаби билан мурожаат қилди.
Италияда фашизмни тарғиб қилиш расман тақиқланган ва урушдан кейинги конституция Миллий фашистик партиянинг тикланишини тақиқлайди. Шу билан бирга, 2018 йилда Италия Олий кассация суди «Италия биродарлари» томонидан Миланда ташкил этилган тадбирда қўлларини фашистик қутлов билан кўтарган икки намойишчини оқлаш ҳақида ҳукм чиқарди. Суд «Рим салюти»ни агар хотирани қадрлаш ниятида амалга оширилса, шунингдек, зўравонлик билан боғлиқ бўлмаса жиноят эмаслигини тасдиқлади. Бундай ҳолда, қутловни демократик тузумга путур етказишга уриниш сифатида эмас, балки эркин «фикр ифодаси» деб ҳисоблаш мумкин.
Kun.uz
- Қўшилди: 22.01.2024
- Кўришлар: 2470
- Чоп этиш