Яқинда Франциянинг оммабоп “Forbes France” онлайн нашрида Ўзбекистоннинг спорт соҳасидаги сиёсатига бағишланган мақола чоп этилди.
Муаллиф Доминик Буссо ёзишича, сўнгги йилларда мамлакатимиз бир неча йирик мусобақа – 2021 йил оғир атлетика, 2022 йил дзюдо, 2023 йил бокс, 2024 йил футзал ҳамда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатларига мезбонлик қилди. Бундай саъй-ҳаракатлар республикамиз жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини мустаҳкамлашига хизмат қилмоқда. Зеро давлат раҳбари 2018 йилдан бошлаб мамлакатда бўлиб ўтадиган йирик мусобақаларни ўтказиш учун инфратузилмани ривожлантиришга жиддий эътибор қаратмоқда.
Қайд этилишича, 2022 йил 9 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойнинг “CAMC Engineering” компанияси билан ҳамкорликда тахминан 300 миллион долларлик лойиҳа доирасида 100 гектарга яқин майдонни эгаллаши кўзда тутилган Тошкент Олимпия шаҳарчаси қурилишига тамал тошини қўйди. Мажмуа таркибида 10 минг томошабинга мўлжалланган енгил атлетика ва футбол стадиони, 6 та ёпиқ, 7 та очиқ иншоот, сув спорти саройи, ихтисослашган велосипед йўлаги, яккакураш ва жамоавий спорт турлари учун масканлар қад кўтаради.
Нашр имконияти чекланган фуқаролар жисмоний тарбия билан шуғулланиши учун барча шароит яратилгани, Миллий паралимпия қўмитаси назорати остида имконияти чекланган ёшларга истеъдодини намоён этиш, ҳар томонлама таълим олишни таъминлаш учун ўқув марказлари ташкил этилганига ҳам эътибор қаратилган.
Мақола якунида ёшлар ўртасида спорт урфга киргани, мамлакатда кўплаб замонавий стадион, иншоотлар барпо этилаётгани, йирик спорт тадбирлари мунтазам ўтказилиши Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси экани, бугунги кунда мамлакат спорти тарихидаги энг яхши давр кузатилаётгани таъкидланган.
ЎзА
- Қўшилди: 17.09.2024
- Кўришлар: 967
- Чоп этиш