Жиноий жазога ҳукм қилинган шахсларда қонунга итоаткор хулқ-атворни ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат муносабатини шакллантириш, уларни ижтимоий мослаштириш, янги жиноят содир этишининг олдини олишда таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганишга кўмаклашиш асосий воситалардан ҳисобланади.
Шу сабабли ҳам сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни такомиллаштириш жараёнларида жазони ўтаётган шахсларнинг тегишли таълим олишларига қаратилган чора-тадбирларга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 январда қабул қилинган «Озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 апрелда қабул қилинган “Озодликдан маҳрум этилган шахслар учун умумий таълим ва касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида бу йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифалар белгилаб берилган.
Жумладан, Тошкент вилояти ИИБ Пробация ва жазоларни ижро этиш бўлими Тарбия колониясининг 5-мактаби Зангиота тумани 35-мактаби билан бирлаштирилди. Пробация ва жазоларни ижро этиш бўлими Тарбия колониясида мазкур мактабнинг филиали ташкил этилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Касб-ҳунар таълими марказининг жазони ижро этиш муассасалари ҳудудидаги 4 та касб-ҳунар таълими муассасалари эса Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Улар касб-ҳунарга ўргатиш марказларига айлантирилди.
Ўтган қисқа даврда озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахсларнинг умумий ўрта таълим олиши учун олтита жазони ижро этиш муассасасида умумтаълим муассасаларининг фаолияти, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олиши учун эса тўртта жазони ижро этиш муассасасида касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, “Уста-шогирд” тизими асосида маҳкумларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Шу билан бирга, умумтаълим муассасалари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари фаолият кўрсатмаётган жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олиши ҳамда барча жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг олий таълим олиши учун имконият ва шароитлар яратиш зарурати мавжуд.
Бу борадаги хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилди. Россия, Украина, АҚШ, Германия, Буюк Британия, Aвстралия, Норвегия каби мамлакатларда маҳкумларга таълим бериш борасидаги қонунчилиги ўрганилганда, маҳкумларнинг умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим ҳамда олий таълим олиши тизими йўлга қўйилгани жазони ўтаб чиққан маҳкумларнинг ижтимоий мослашувида ёрдам бергани аниқланди. Шу билан бир қаторда, бундай амалиёт маҳкумлар қайта жиноят йўлига киришининг олдини олишда яхши натижалар бергани кузатилган.
Мисол учун, Украина Жиноят-ижроия кодексига асосан, жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар умумий ўрта таълим, касб-ҳунар таълими, шунингдек масофавий ўрта махсус ва олий таълим олишлари мумкин. Маҳкумларга “Психология”, “Ҳуқуқшунослик” “Менежмент” “Ҳисобчи” “Реклама бўйича мутахассис” сингари мутахассисликлар бўйича масофавий ўрта махсус ва олий маълумот олиш имконияти яратилган.
Маҳкумларни масофадан таълим олиш учун жазони ижро этиш муассасаларида алоҳида махсус компьютер синфлари ҳамда масофадан таълим олиш учун барча шарт-шароитларлар ташкил этилган.
Маҳкумларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича ўқитиш ҳам йўлга қўйилган. Ушбу касб-ҳунар таълимини олган маҳкумларга йўналиши бўйича электр устаси, сувоқчи, ёғоч ўймакори, нонвой, тикувчи, сартарош ва бошқа бир қатор касблар бўйича диплом бериш амалиёти йўлга қўйилган.
Бундай таълимнинг маҳкумлар учун афзаллиги шундаки, давлат таълим ҳужжатида маҳкумларнинг жазони ижро этиш муассасасида диплом олганлиги кўрсатилмайди.
Россия Федерациясида маҳкумларга олий таълимни масофадан туриб колонияларда махсус компьютер синфларида интернет орқали ўқиш имконияти яратилган. Россия Федерал жазони ижро этиш хизмати томонидан маҳкумларни масофавий ўқитиш бўйича бир қатор университетлар, хусусан, Россия давлат ижтимоий университети, Тверь қишлоқ хўжалиги академияси, Псков давлат университети ва бошқа олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Маҳкумлар университетларда ўзлари танлаган мутахассисликлар бўйича масофавий таълим олишлари мумкин. Бу ўринда иқтисодий, менежмент, кичик бизнесни бошқариш, молия ва кредит, ҳуқуқшунослик, реклама бўйича мутахассис, социология, банк соҳаси каби мутахассисликлар ҳақида сўз бормоқда.
Жазони ижро этиш муассасасида маҳкумларни ўқитиш бўйича реабилитация дастурлари, жисмоний тарбия ва санъат, ҳунармандчилик дастурлари ва бошқа фаолият турлари ташкил этилган. Бундан кўзланган асосий мақсад маҳкумларнинг малакасини ҳамда билимларини ошириш орқали уларнинг меҳнатга янада лаёқатини кучайтириш, шунингдек зерикишни, ёлғизликни енгиллаштириш, ўзига бўлган ишончни оширишдан иборатдир.
Америка Қўшма Штатларида маҳкумларга таълим бериш рецидив жиноятларни камайтириш ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазони ўтаётган ҳамда маҳкумларни озод этилганидан кейин иқтисодий имкониятларни яхшилашга қаратилган. Маҳкумларни олий таълимга ўқитиш бўйича турли дастурлар амалга оширилди.
Жумладан, RAND Corporation томонидан ўтказилган тадқиқотларда ҳар қандай турдаги таълим рецидив жиноятни
43 фоизга камайтириши аниқланган.
Германияда маҳкумлар учун мактаб, гимназия ва университет таълимини олиш имконияти мавжуд. Ушбу мамлакатнинг Фрейбург жазони ижро этиш муассасасида маҳкумлар мактаб, гимназия ва университет таълимини тугатиши мумкин.
Мазкур муассасасадаги маҳкумлар Германиянинг “Hagen” университетида масофавий ва сиртқи таълим олади. Маҳкумлар муассасасида барча ишлардан озод қилинган бўлиб, ойига 120 евро миқдорда степендия олиш имкониятига эга.
Норвегияда 1851 йилда реабилитация шакли сифатида таълимга қаратилган биринчи жазони ижро этиш муассасаси очилган. 2007 йилда Норвегиядаги ҳар бир жазони ижро этиш муассасасида маҳкумларга таълим бериш учун мактаблар фаолияти йўлга қўйилган.
Хорижий давлатларнинг айрим жазони ижро этиш муассасаларида баъзи таълим турлари тўлов асосида ташкил этилган.
Хусусан, Данияда бошланғич ва ўрта мактабларда таълим бепул, ўрта-махсус ва олий таълим дарслари тўлов асосида ташкил этилади.
Буюк Британия ва Aвстралияда маҳкумлар кенг жамоатчиликка тақдим этиладиган ҳукумат кредитларидан фойдаланишлари мумкин. Буюк Британиядаги Education Trust каби хайрия гуруҳлари масофавий ўқишни молиялаштиришга қодир бўлмаган маҳкумларга грантлар ажратади.
Маълумотларга кўра, 2014 йилда Aнглия ва Уэльсда ўтказилган тадқиқотларга асосан 6 мингдан ортиқ маҳкумнинг кейинги ҳаётини ўрганиш натижасида таълим курсларида ўқиганларнинг қайта жиноят содир қилиш эҳтимоли 7 фоизга камайгани аниқланган.
Хорижий давлатларнинг маҳкумларга жазони ижро этиш муассасаларида барча даражадаги таълим шакллари жорий этиш амалиёти жиноятни ўтаб чиққан маҳкумларнинг ишга жойлашиш имкониятларини оширади. Шу билан бирга, уларнинг қайта жиноят йўлига киришини олдини олади.
Хулоса ўрнида, хорижий давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда, жазони ижро этиш муассасаларида таълимни такомиллаштириш юзасидан қуйидагилар:
биринчидан, мамлакатимизда озодликдан маҳрум этиш муассасалари билан олий таълим муассасалари ҳамкорлигида маҳкумларга масофавий олий таълим бериш тизимини йўлга қўйиш;
иккинчидан, қонунчиликдаги озодликдан маҳкум этилган талабанинг ўқишдан четлатилиши тўғрисидаги қоидани бекор қилиб, унга жазони ижро этиш муассасасида масофавий таълим олишини давом эттириш имкониятини бериш;
учинчидан, жазони ижро этиш муассасаларида касб-ҳунар таълимида ўқиган маҳкумларга йўналиши бўйича диплом олиш амалиётини жорий қилиш таклиф этилади.
Равшан Нурматов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
масъул ходими
("Куч - адолатда" газетаси, 2020 йил 25 декабрь)
- Қўшилди: 25.12.2020
- Кўришлар: 4338
- Чоп этиш