Кунига 5 граммдан кўп бўлмаган туз истеъмол қилиш тавсия этилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш учун туз истеъмолини камайтиришга чақирди. Бу ҳақда ЖССТ сайтида хабар берилди.
Ташкилотнинг янги ҳисоботида айтилишича, Европада юрак-қон томир касалликлари ҳар йили ўлимларнинг 42,5 фоизини ташкил қилади. Бундай касалликлардан ҳар куни 10 минг киши вафот этади. Эркаклар орасида бу муаммога дуч келиш хавфи аёлларга қараганда 2,5 баравар юқори.
Европада ўлим ҳолатларининг тўртдан бир қисми гипертония билан боғлиқ. Бу дунёнинг бошқа минтақалари билан солиштирганда энг юқори кўрсаткичдир. Гипертония одатда ҳеч қандай аломатга эга эмас ва юрак хуружи билан инсултга олиб келиши мумкин.
ЖССТ экспертлари Европа мамлакатлари аҳолиси жуда кўп туз истеъмол қилишини таъкидламоқда. Бу юрак-қон томир касалликларининг ривожланиш хавфини ошириши мумкин. ЖССТ тавсияларига кўра, кунига максимал туз миқдори 5 граммни ташкил қилади. Бундан ташқари, Европанинг 53 давлатидан 51 тасида бу кўрсаткич ошиб кетган. Хусусан, «фастфуд» истеъмолчилари тузни суиистеъмол қилишади.
Ҳисобот муаммога қарши курашиш учун комплекс ёндашувни таклиф қилади. Мутахассисларнинг фикрича, туз истеъмолини 25 фоизга камайтиришга қаратилган сиёсатни амалга ошириш орқали 2030 йилга бориб 900 минг кишининг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.
Kun.uz
- Қўшилди: 17.05.2024
- Кўришлар: 1535
- Чоп этиш