ЖССТ маймун чечагига қарши биринчи вакцинани тасдиқлади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маьлум қилишича, Даниянинг "Bavarian Nordic A/S" компанияси ишлаб чиқарган "MVA-BN" вакцинаси дастлабки таснифлаш жараёнидан ўтди ва маймун чечагига қарши илк дори воситаси сифатида тан олинди.

Ушбу препарат 18 ёшдан ошганларга тўрт ҳафталик оралиқ муддат билан икки дозада инъекция сифатида берилади. Музлатгичдаги дастлабки сақловдан сўнг вакцина саккиз ҳафта давомида 2-8 даража илиқ ҳароратда қолдирилиши мумкин.

- Маймун чечагига қарши вакцинанинг дастлабки квалификацияси Африкадаги ҳозирги эпидемиялар шароитида ҳам, келажакда ҳам ушбу касалликка қарши курашиш йўлидаги муҳим қадамдир, - деди ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус. - Ҳозир зудлик билан энг зарур бўлган жойларда адолатли тақсимотни таъминлаш учун вакцинални харид қилиш ҳамда хайрия ва фойдаланиш кўламини кенгайтиришимиз керак.

"MVA-BN" ҳали 18 ёшгача бўлганлар учун лицензияланмаган бўлса-да, эмлашнинг фойдаси эҳтимолий хавфдан устун вазиятда чақалоқлар, болалар ва ўсмирларда, шунингдек ҳомиладор аёллар ва иммунитет танқислиги мавжуд одамларда "ёрлиқдан ташқари" (фармацевтика препаратини тасдиқланмаган кўрсатма ёки ёш гуруҳи бўйича қўллаш — таҳририят) қўлланиши мумкин, дейилган баёнотда.

ЖССТ хулосаси мазкур дорининг инфекция манбаси билан контактдан олдинги бир марталик дозаси маймун чечагидан ҳимоя қилишда 76 фоиз самарадорликка эгалиги, икки дозада эса тахминий самарадорлик 82 фоизга етишини кўрсатмоқда.

14 август куни Ташкилот Африкадаги маймун чечаги (mpox) эпидемиясини глобал фавқулодда ҳолат сифатида баҳолаган. 2024 йил Африка қитъасидаги 14 мамлакатда ушбу инфекциядан 25,2 минг тахминий ва тасдиқланган касаллик, 723 ўлим ҳолати қайд этилган.

"Orthopoxvirus" жинсига мансуб вирус келтириб чиқарадиган мазкур хасталикнинг икки хил генетик кладаси мавжуд.

Одатий симптом - тери тошмаси ёки шиллиқ парда шикастланиши икки-тўрт ҳафта давом этади ва иситма, бош, мушак, бел оғриғи, заифлик ва лимфа тугуни шишиши билан кузатилади.

Одамга бу чечак бемордан, ифлосланган буюм ёки касал ҳайвон билан контакт орқали юқиши мумкин.

Маймун чечаги касаллиги одамда илк бор 1970 йил Конго Демократик Республикасида қайд этилган. Инфекция Марказий ва Ғарбий Африкада эндемик ҳисобланади.

Ш. Маматуропова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech