Карантин ҳудудига ташриф

2020 йил 24 июнь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакиллари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходимлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари журналистлари ва блогерлар Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги карантин ҳудудига ташриф буюрдилар.

Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад - карантин шароитида сақланаётган фуқароларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши бўйича БМТ ва ЖССТ тавсиялари нечоғлик бажарилаётганини ўрганишдан иборат бўлди.

Даставвал Юқоричирчиқ туманидаги карантин ҳудудида ишлайдиган масъул ходимлар билан учрашув бўлди. Меҳмонлар, шунингдек карантин ҳудудида фуқароларга яратилган қулайликлар ва овқатланиш шарт-шароитлари билан танишдилар.

Тақдим этилган маълумотларга қараганда, фуқаролик объекти ҳисобланадиган ушбу карантин ҳудуди Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг доимий эътибори ва таъминотида ҳисобланади. Бугунги кунга қадар бу ерда 67 минг нафардан зиёд фуқаро 14 кунлик карантин муддатини ўтаган. Шундан 2 минг 150 ҳолатда коронавируснинг янги турини юқтирган фуқаролар аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов қайд этишича, Ўзбекистоннинг карантин ҳудудларини мавжуд ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда яшил, сариқ ва қизил рангли ҳудудларга ажратиш борасидаги тажрибаси ноёблиги ва самарадорлиги билан ажралиб туради. Яқин орада дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан авиақатновлар қайта тикланиши муносабати билан ушбу усул янада катта аҳамият касб этиши тайин. Четдан коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалиши таҳдидига барҳам бериш мақсадида хорижий мамлакатлардан авиақатновлар орқали келадиган йўловчиларга нисбатан ўша мамлакатлардаги карантин вазиятидан келиб чиқиб чекловлар жорий этиш тизимини қўллаш режалаштирилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов маълум қилганидек, халқаро ташкилотлардан Марказга келиб тушадиган пандемия ва инсон ҳуқуқлари масаласига доир мурожаатлар мунтазам равишда Республика коронавирус билан курашиш бўйича махсус комиссияси, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси, Бош прокуратура, Дин ишлари бўйича қўмитага юборилмоқда.

А.Саидов мисол сифатида Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига йўллаган мурожаатлари тезкорлик билан Республика махсус комиссияси, Транспорт вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлигига юборилганини қайд этди. Натижада қарийб 300 нафар Ўзбекистон фуқароси ва 200 нафардан ортиқ Россия фуқаросининг ўз ватанларига қайтиши таъминланди.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон МакГрегорнинг таъкидлашича, COVID-19 тарқалишига қарши курашиш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси ЕХҲТга аъзо барча давлатлар учун намуна бўлишга муносибдир. Бинобарин, Жаҳон банкининг баҳосига қараганда, ЕХҲТга аъзо давлатлар орасида Ўзбекистон шундай мураккаб ва оғир даврда ялпи ички маҳсулот миқдорини оширишга эришиши башорат қилинаётган ягона давлат ҳисобланади. Шу далилнинг ўзи ҳам Ўзбекистон Президенти олиб бораётган сиёсат қанчалик оқилона эканлигини исботлаб турибди.

Жон МакГрегор, шунингдек Ўзбекистон билан Канаданинг коронавирусга қарши кураш борасида эришган натижаларини ўзаро қиёслади. Канадада аҳоли сони Ўзбекистоннинг бу борадаги кўрсаткичи билан деярли тенг бўлиб, ушбу мамлакат ҳам коронавирусдан ҳимояланиш мақсадида чегараларини ёпиш ва карантин чекловлари билан боғлиқ зарур чораларни кўрган. Шунга қарамай, Канадада коронавирусни юқтирганлар сони 100 минг нафардан ошиб, ушбу инфекция билан боғлиқ ўлим ҳолатлари жуда катта рақамларга етган.

Бугунги кунда  Ўзбекистонда коронавирусни юқтирганлар сони 6,5 минг нафардан сал кўпроқ бўлиб, ўлим ҳолатлари эса дунё миқёсида энг оз кўрсаткични ташкил этмоқда. Бу омилларнинг барчаси Ўзбекистон коронавирусни енгиш учун қўллаган чоралар, шу жумладан, карантин ҳудудларида яратилган қулайликлар ва зарур шароитлар ҳақиқатан ҳам самарадор эканидан далолат беради.

 БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий вакили Ҳелена Фрейзер бундай шароитларда давлатларнинг очиқлиги жуда муҳим аҳамиятга эгалигини, хусусан, Юқоричирчиқ туманидаги мазкур карантин ҳудуди билан бевосита танишиш асносида бу ерда яратилган шарт-шароитларнинг барчаси соғлиқни сақлаш ва инсон ҳуқуқлари соҳаларидаги барча халқаро стандартларга тўла мос эканини эътироф этди.

Ҳелена Фрейзер  мазкур ташриф ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирар экан, шу йил июль ойи бошида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда "Коронавирус пандемияси ва инсон ҳуқуқлари" мавзуида видеоконференция алоқаси шаклида халқаро анжуман ташкил этилаётгани ҳақида маълум қилди. БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий вакили қайд этишича, Ўзбекистоннинг ҳудудларни яшил, сариқ ва қизил рангларга ажратиш тажрибаси халқаро ҳамжамиятга коронавирусга қарши курашишда мавжуд куч ва имкониятларни қандай тартибда тақсимлаш борасида жуда қўл келади.

ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Назокат Қосимова ҳозирги кунда жаҳон мамлакатлари ўртасида карантин ҳудудларидаги шароитларни баҳолаш бўйича бирон-бир рейтинг мавжуд эмаслигига эътиборни қаратди. Шунга қарамай, Назокат Қосимова коронавирус тарқалишига қарши кураш борасида Ўзбекистон томони кўрган чоралар ҳамда Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги карантин ҳудудида яратилган қулайликларга юқори баҳо бериб, бу шарт-шароитларнинг барчаси ЖССТ стандартларига тўла мос келишини эътироф этди.

Халқаро ташкилотлар вакиллари журналистлар ва блогерларнинг кўплаб саволларига жавоб қайтардилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech