Коронавирус карантини ва матбуот эркинлиги

Шу кунларда яна бир муҳим халқаро санани нишонлаш арафасида турибмиз. ЮНЕСКО томонидан 1991 йил 3 май Жаҳон матбуоти эркинлиги куни деб эълон қилинган.

Сўнг орадан уч ойча вақт ўтиб, 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигига эришди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг, матбуотнинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида сўз, ахборот, матбуот эркинлиги кафолатлаб қўйилди.

Бугунги кунда Конституциямиз ва қонунларимиз талабига кўра, сўз, ахборот, эътиқод, фикр ва ғоялар эркинлиги ҳамма фуқароларга тегишли ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «фуқароларнинг фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш – ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир».

Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги, фикр эркинлиги аслида ҳам фуқаролик жамиятининг мазмун-моҳиятини бор бўй-басти билан очиб берувчи адолат, ошкоралик, демократия тушунчаларига тўла ҳамоҳанг. Истиқлол йилларида бу тушунча ва қадриятлар жамият ҳаётида мустаҳкам ўрин эгаллаши йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Мамлакатимизда қонунчилик соҳасида ва амалий ҳаётимизда, оммавий ахборот воситалари ва матбаачиликнинг эркин фаолияти учун зарур кафолат ҳамда шароит барпо этиш, журналист кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасида қўп ишлар қилинди ва қилинмоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг қўшилган дастлабки халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мустаҳкамланган асосий тамойиллар ўзининг тўла ифодасини топганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Декларациянинг 19-моддасида қайд этилган фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда ҳар кимнинг ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эгалиги шулар жумласига киради.

Конституциямиздаги “Омавий ахборот воситалари” номли боб битта моддадан иборат. Ушбу 67-моддада қуйидаги нормалар ўз аксини топган: “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди”.

Ўзбекистонда журналистлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва кафолатлари аввало худди шу конституциявий нормалар билан мустаҳкамланган. Шу асосда ўтган даврда Конституциямиздаги тегишли моддалар ҳамда соҳага тааллуқли бир қатор қонун ҳужжатлари мажмуидан иборат оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асос вужудга келди.

Хусусан, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги каби ўндан ортиқ қонун қабул қилинди.

Жумладан, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда “Цензурага йўл қўйилмаслиги” масаласига алоҳида модда бағишланган. Ушбу 4-моддага кўра:

“Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларининг цензура қилинишига йўл қўйилмайди. Ҳеч ким журналистдан эълон қилинаётган хабарлар ёки материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёхуд уларнинг нашрдан бутунлай олиб ташланишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас”.

Ўз навбатида, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги қуйидагича кафолатланган:

“Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркиндир. Ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир.

Давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади”.

Шунингдек, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида ахборот эркинлигига доир қоидалар қайд этилган. Яъни:

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар ким ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқига эга.

Ахборот олиш фақат қонунга мувофиқ ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, конституциявий тузум асослари, жамиятнинг ахлоқий қадриятлари, мамлакатнинг маънавий, маданий ва илмий салоҳиятини муҳофаза қилиш, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чекланиши мумкин”.

Мазкур қонуннинг 5-моддасида ахборот эркинлигининг асосий принциплари санаб ўтилган:

“Очиқлик ва ошкоралик, ҳамма эркин фойдаланиши мумкинлиги ва ҳаққонийлик ахборот эркинлигининг асосий принципларидир”.

Кейинги даврда ушбу соҳа қонунчилиги тубдан такомиллаштирилмоқда. Бир томондан, амалдаги қонунларга жиддий ўзгартиришлар киритилаётган бўлса, иккинчи томондан, соҳага доир янги ва илғор қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда.

Бунда Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси» улкан аҳамият касб этмоқда. Чунки ушбу дастурий ҳужжат бошқа соҳалар қатори жамиятда сўз, фикр, ахборот эркинлигини янада таъминлаш йўналишини ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берди.

Оммавий ахборот воситалари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳокимият идораларига етказишнинг муҳим ва таъсирчан воситасига, халқнинг энг яқин кўмакчиси ва ҳамдардига, демократия кўзгусига айланиши зарур, деб уқтирди Президентимиз. Ҳокимият ва бошқарув органлари фаолиятига танқидий ва холис баҳо бериш, турли соҳалардаги камчиликлар, долзарб муаммоларни дадил кўтариб чиқиш улар фаолиятида асосий мезон бўлиши керак.

Шу маънода, 2018 йил 12 апрелда Ҳаракатлар стратегиясининг «Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш» деб номланган биринчи устувор йўналишида кўзда тутилган «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Қонунда жамоатчилик назоратининг субъектлари, объекти, унинг асосий тамойиллари белгиланган. Жумладан, жамоатчилик назорати субъектларига фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари киритилган. Жамоатчилик назоратининг объекти эса давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқ-тартибот ва назорат идоралари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларидир.

Айниқса, 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан, жумладан, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида» ҳамда «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани катта аҳамиятга эга бўлди.

Бу янгиланишлар биринчи навбатда халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар, хориж тажрибаси ҳамда миллий амалиётдан келиб чиққан ҳолда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини янада кенг кафолатлайди.

«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун 3 та янги модда билан тўлдирилиб, 11 та моддага ўзгартириш киритилди. Хусусан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар ҳам оммавий ахборот воситаси сифатида эътироф этилди. Веб-сайтлар тўғрисидаги норма ушбу Қонунда аввал ҳам мавжуд эди-ку, деган мулоҳаза пайдо бўлиши табиий.

Гап шундаки, авваламбор, Қонуннинг «Оммавий ахборот воситалари» деб номланган 4-моддасида берилган таърифда илгари қўлланилган «умумфойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларидаги веб-сайтлар» жумласи эндиликда «Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар» деб ўзгартирилди.

Қонуннинг 20-моддаси эса: «Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган тақдирда веб-сайтнинг домен номи кўрсатилади, бунда ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи ва ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган маълумотларни тақдим этиш талаб қилинмайди», деган мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилди.

Шу билан бирга, 27-модда матнига қуйидаги мазмундаги биринчи қисм киритилди. Яъни: «Ахборот ташувчи жисмларга ёзилган, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштирилган, электрон техник қурилмалар ёрдамида фойдаланишга мўлжалланган газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқа даврий босма нашрлар даврий босма нашрнинг электрон шаклидир».

Қонун 27(1)-модда билан тўлдирилган бўлиб, ушбу янги модда «Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситаси» дея номланади. Унда «Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситаси Интернет тармоғидаги таҳририй-ноширлик жиҳатидан ишлов берилган, ўзгартирилмаган тарзда тарқатиш учун мўлжалланган, электрон шаклдаги ҳужжатлар ва маълумотларни ўз ичига олган ахборот ресурсидир», деган таъриф баён этилган. Бундан ташқари, мазкур веб-сайтлар бош саҳифаларида қайд этилиши шарт бўлган маълумотлар санаб ўтилган.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, XXI аср жамият ҳаётига ахборот асри сифатида кириб келди. Замонавий ахборот ва алоқа технологияларининг ижтимоий ҳаётимизда кенг қўлланилиши ахборотнинг жамият ривожланишига таъсир ўтказувчи асосий омиллардан бирига айланди.

Ҳозирги ахборот, коммуникация ва компьютер технологиялари асрида, Интернет кундан-кун ҳаётимизнинг барча жабҳаларига тобора чуқур ва кенг кириб бораётган бир пайтда, одамларнинг онги ва тафаккури учун кураш ҳал қилувчи аҳамият касб этаётган бир вазиятда қонунчилигимиздаги ушбу янгиликларнинг аҳамияти, айниқса, долзарб экани шубҳасиз.

Айни чоғда, оммавий ахборот воситалари фаолиятини тадбиркорлик субъекти ва фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тартибга солишга қаратилган нормалар амалиётга жорий этилгани ҳам таҳсинга лойиқдир.

«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддаси: «Давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади», деган нормалар билан тўлдирилди.

Бу, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талаблари асосида оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлашга ниҳоятда катта эътибор қаратилаётганининг яққол тасдиғидир.

Қонунга «Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш» номли 5(1)-модда ҳам киритилди. Ушбу янги моддани амалиётга жорий этишдан мақсад оммавий ахборот воситалари фаолиятини тадбиркорлик субъекти ва фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тартибга солишдан иборат.

Бундай нормалар Австрия, Корея Республикаси, Россия Федерацияси, Озарбайжон, Молдова, Грузия каби бир қатор хорижий мамлакатлар қонунчилигида ва Европа Итифоқи тавсияларида мавжуд. Уларда оммавий ахборот воситаларини солиқ ва божхона имтиёзлари, давлат томонидан имтиёзли кредитлар бериш, тарифларни тушириш бўйича электрон оммавий ахборот воситаларига техник хизмат кўрсатиш, газеталар нашриётининг қарзларини камайтириш, шунингдек, таҳририятларга давлат бюджети ва бошқа манбалар ҳисобидан тўғридан-тўғри субсидиялар тақдим этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, Австрия, Буюк Британия, Италия, Франция, Германия, Россия, Украина, Корея Республикаси қонунчилигида оммавий ахборот воситаларига солиқ ва божхона имтиёзлари қўллаш орқали ҳам ушбу соҳани қўллаб-қувватлаш белгиланган.

«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасига ўзгартиш киритилди ва оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати ўн беш кун этиб белгиланди. Илгари бу муддат бир ой эди. Натижада мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг рўйхатга олиниши ва имкон қадар тезроқ ўз фаолиятини бошлаши йўлида яна бир енгиллик юзага келди.

Маълумки, фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, давлат ва жамоатчилик ўртасида очиқ ва самарали мулоқот олиб бориш бўйича оммавий ахборот воситаларининг роли ва таъсирини ошириш мақсадида 2014 йил 5 майда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун қабул қилинган.

Мазкур Қонун ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг янада шаффоф, очиқ бўлишини, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан, республикамизда ва ундан ташқарида юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги фикрлар хилма-хиллиги ва сиёсий плюрализмни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилаётган давлатнинг ички ва ташқи сиёсатидан аҳолининг тўлиқ хабардорлигини таъминлаш йўлида муҳим ҳуқуқий асос вазифасини бажармоқда.

Янги давримизнинг шиддатли ислоҳотлари давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлигини, улар фаолияти ҳақидаги ахборотлардан оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари, аҳолининг янада кенг ва очиқ-ошкора фойдаланишини таъминлаш масаласини кун тартибига қўйди. Шу нуқтаи назардан, Президентимиз илгари сурган «Инсон манфаати ҳамма нарсадан устун» ғоясининг мазмун-моҳияти ва Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар талабидан келиб чиқиб, амалдаги қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилмоқда.

Айниқса, оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар билан муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишга доир нормалар жорий этилаётгани аҳамиятлидир. Бу ҳақда сўз борганда, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун 35(1)-модда билан тўлдирилганига эътибор қаратиш даркор.

«Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўрови» деб номланган ушбу моддага мувофиқ, оммавий ахборот воситаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров билан уларга оғзаки ёки ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат шаклида мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилади.

Агар оммавий ахборот воситасининг сўровини кўриб чиқиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари жумласига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ўзининг ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида юборилади, оммавий ахборот воситаси эса бу ҳақда хабардор қилинади. Сўров рад этилган тақдирда, оммавий ахборот воситасига асослантирилган жавоб юборилади.

Шу ўринда «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунга ҳам иккита ўзгартириш киритилгани хусусида тўхталиш зарур. Яъни, 3-модданинг бешинчи хатбошисидаги «кутубхоналардаги, архивлардаги» сўзлари «ахборот-кутубхона муассасаларидаги, архивлардаги, идоравий архивлардаги» деган; 6-модда иккинчи қисмининг тўртинчи хатбошисидаги «кутубхоналарнинг, архивларнинг» сўзлари эса «ахборот-кутубхона муассасаларининг, архивларнинг, идоравий архивларнинг» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Бир қарашда булар таҳририй нуқтаи назардан киритилган жузъий тузатишлардек кўринса-да, ушбу ўзгартиришларнинг аҳамияти жуда муҳим. Бу ўринда, аввало, «ахборот ресурслари» деган асосий тушунчага таъриф берилган бўлиб, янги ўзгартиришлар эвазига бу тушунчанинг қамрови кенгаймоқда. Мазкур ўзгартиришлар, шунингдек, журналист эркин ва монеликсиз ахборот оладиган ахборот ресурслари, биринчидан, «ахборот-кутубхона муассасалари» тимсолида замонавийлашганини кўрсатса, иккинчидан, ушбу ахборот ресурслари «идоравий архивлар» ҳисобига кенгайганидан далолат беради.

Ўз навбатида, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 9 та моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритилди. Қонун 7(1)-модда билан тўлдирилди. Қонуннинг 16-моддасида кўрсатилган нормалар 2-моддага кўчирилгани сабабли чиқариб ташланди. Бу ўзгартиш ва қўшимчалар журналистлик фаолиятининг эркинлигини таъминловчи ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитлар яратишга, журналистларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлашга қаратилган. 

Ушбу янгиланишларнинг замирида, бир томондан, журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги долзарб нормалар акс этган бўлса, иккинчи томондан, юртимизда оммавий ахборот воситаларининг цензура қилинишига йўл қўйилмаслигига доир конституциявий талабга қатъий амал қилиш механизмлари ўз ифодасини топган.

Хусусан, ҳеч ким журналистдан эълон қилинаётган хабарлар ёки материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёхуд уларнинг нашрдан бутунлай олиб ташланишини, эфирга берилмаслигини талаб қилиш ҳуқуқига эга эмаслигига оид қатъий нормалар қонундан ўрин олган.

Муҳим жиҳатлардан яна бири шуки, Қонуннинг олдинги таҳририда фуқаролар ёки бошқа ахборот манбалари томонидан ихтиёрий равишда маълум қилинган махфий хабар, шунингдек, факт ёки воқеалар журналистика соҳасининг сири ҳисобланса-да, унда манбанинг номини ошкор этмаслик шарти кўзда тутилмаган эди.

Эндиликда ахборот манба номини ошкор этмаслик шарти билан тақдим этган хабар ва фактлар журналистика соҳасининг сири ҳисобланиб, буни ошкор этмаслик журналист мажбурияти сифатида белгиланди.

Қонунга мазкур банднинг киритилиши бир томондан журналист фаолиятининг кафолатларини кучайтирса, бошқа тарафдан ахборот манбасининг дахлсизлигини таъминлаш ва ушбу соҳага бўлган ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим шарти бўлиб хизмат қилади.

Бошқача айтганда, Қонунга киритилган барча янгиланишлар моҳиятан инсон омили, унинг умумэътироф этилган ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлашни назарда тутади. Унда "журналист" тушунчасига янги таъриф берилиб, улар фаолиятини амалга ошириш мақсадида ахборотни излаш, сўраш, олиш, таҳрир қилиш ва тайёрлашда қўшимча ҳуқуқлар кафолатланди.

Журналистни оммавий ахборот воситаларида ахборотни тарқатишда жавобгарликдан озод этишнинг аниқ механизм ва мезонлари ҳам белгиланди.

«Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга, шунингдек, журналистнинг давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ва оммавий тадбирларида ҳозир бўлиши, журналистлик сирини ошкор этмаслиги, журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишига оид меъёрлар, айтиш мумкинки,  "Журналистнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари институти" тушунчаси ва у билан боғлиқ нормалар киритилган.

Хусусан, Қонун «Журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари» номли 7(1)-модда билан тўлдирилган. Мазкур янги моддада қайд этилганидек, «Журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари журналистнинг шахсига ва ўз касбига доир вазифаларни бажариш чоғида унинг хулқ-атворига қўйиладиган талабларни белгиловчи қоидалар мажмуидан иборатдир. Журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари журналистларнинг ва оммавий ахборот воситаларининг бирлашмалари томонидан белгиланади».

Бу нормалар юртимизда жамиятни демократлаштиришнинг энг муҳим омили бўлмиш оммавий ахборот воситаларини эркинлаштиришда катта аҳамият касб этади. Зеро, оммавий ахборот воситаларининг Конституция, қонунлар ва қонуности ҳужжатларда белгиланган ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда мажбуриятларига риоя қилинишида журналист фаолияти билан боғлиқ турли низоларни ҳал этишга ҳам тўғри келади. Бунда журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари тегишли муаммога носудлов йўл билан ижобий ечим топиш имконини беради.

Ҳозирги кунда оммавий ахборот воситалари томонидан айрим ўринларда нотўғри ахборот тарқатиш, суднинг қарори қонуний кучга кирмасдан туриб, жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатиш, айби судда исботланмаган шахсни жиноятчига чиқариб қўйиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Биз барпо этаётган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти шароитида бундай ҳодисаларга йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун миллий журналистика соҳасида этика институтининг жорий этилиши инсон шаъни, қадр-қиммати, дахлсизлигини таъминлаш ва ахлоқ-одоб меъёрларини тартибга солишда янги қадам бўлди, деб ҳисоблаймиз.

Қонунчиликдаги бу ижобий ўзгаришлар, ўз навбатида, 2019 йил 17 июлда Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси қабул қилинишига кучли туртки берди. Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодексида, жумладан, қуйидагилар қайд этилган:

“Журналист одамларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқини ҳурмат қилади. Шахс шаъни ва қадр-қиммати камситилишига йўл қўймайди.

Журналист одамларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни фақат уларнинг розилиги ва ҳужжатларнинг сир сақланишига риоя қилган ҳолда эълон қилади.

Журналист ноқонуний йўл ва номақбул воситалар ёрдамида одамларнинг шахсий ҳаёти ҳақида ахборот тўплаш, овоз ёзиб олиш ва материаллар тўплаши мумкин эмас.

Журналист жиноий ишни ёритувчи материални тайёрлаётганида айбсизлик презумпциясига амал қилади”.

Шу ўринда Конституция ва қонунларимизда журналистлик фаолиятининг эркинликлари, ҳуқуқлари ва кафолатлари билан бир қаторда, муайян масъулияту мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилганига эътибор қаратиш лозим. Хусусан, мамлакатимизда журналистлар ахборотнинг ҳаққонийлиги учун жавобгар ҳисобланади.

“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, журналист ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши, айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши, шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт.

Журналист ўз касбига доир ахборотдан шахсий мақсадларда фойдаланиши, ахборот манбаи ёки муаллиф розилигисиз жисмоний шахснинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотларни эълон қилиши, шунингдек, аудио ва видео ёзиш воситаларидан фойдаланиши мумкин эмас.

Бу жуда тўғри талабдир. Чунки глобаллашув, ахборот жамияти шаклланаётган бир шароитда, айниқса, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига дахл қилишдан, шахсий ҳаётга аралашишдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя қилиш тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.

Мамлакатимиз қонунчилигида фуқаролар ва юридик шахсларнинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга оид ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қоидалар ўз акс топган, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирловчи ёлғон маълумотларни била туриб тарқатганлик сингари туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарлик белгиланган.

Сўз эркинлиги инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши бўлган ҳуқуқидан устун бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон қонунчилигининг ушбу қоидалари халқаро ҳуқуқий қоидаларга ҳамда бошқа демократик мамлакатлар тажрибасига тўла мувофиқ келади.

Шу билан бирга, юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ушбу йўналишдаги қонунчилик ҳам янада эркинлаштирилаётганини кўрсатади. Бундан ташқари, Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларга биноан, ярашув институти туҳмат ва ҳақоратга нисбатан ҳам қўлланиладиган бўлди.

Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат)да ҳамда 140-моддаси (ҳақорат)да кўзда тутилган жиноятларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Зотан, жазонинг даражаси муҳим эмас, балки жамиятда бошқа инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, шаъни ва қадр-қимматига ҳурмат олий қадрият сифатида қарор топиши асосий мақсаддир. Мамлакатимизда айнан ҳуқуқий маданият юксалиши билан сўз ва фикр эркинлиги, оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги кафолатлари мустаҳкамланмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати давлат идораларидан халқ билан яқин мулоқот ўрнатиш, фуқароларнинг сўровлари, муаммолари ва таклифларига ўз вақтида жавоб беришни талаб қилади. Ушбу мулоқотни олиб боришда оммавий ахборот воситалари ва блогерлар беқиёс роль ўйнайди.

Оммавий ахборот воситалари ва блогерлар халқимизга ахборот етказишда барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига катта ёрдам кўрсатмоқда. Улар, шунингдек, давлат идоралари матбуот хизматининг таянчи ҳисобланади. Бундай қамровдор ва масъулиятли ишлар самарадорлик билан бажарилиши учун юртимизда ахборот эркинлиги кафолатлангани муҳим аҳамиятга эгадир.

Маълумки, 2019 йил охиридан буён COVID-19 вирусининг шафқатсиз таҳдиди жаҳон жамоатчилигини ташвишга солиб келмоқда. Ҳозирги глобал дунёда тинчлик ва соғлиқни асраш жуда мураккаб вазифа бўлиб турибди.

Ўзбекистонда ҳам давлат томонидан коронавирусга қарши кураш олиб бориш, унинг кенг тарқалишининг олдини олиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ҳамда беморлар саломатлигини тиклаш соҳасида тезкор қарорлар қабул қилинди. Дастлабки 2 ой ичида миллий қонунчиликда ўттизга яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани буни яққол тасдиқлайди.

Энг муҳими, бу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг биронтасида матбуот эркинлигига ғов бўладиган қоидалар мавжуд эмас. Яъни, Конституция ва қонунларимизда мустаҳкамланган сўз, ахборот ва матбуот эркинлигига доир устувор нормалар ўз кучида турибди.

Ўзбекистон журналистлари уюшмаси маълумотларига қараганда, давлат ва нодавлат, марказий ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари – газета ва журналлар, оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтган веб-сайтлар, телеграм ва телерадиоканаллар раҳбар ва ходимлари, вазирлик ва ташкилотларнинг матбуот хизматлари масъуллари буни чуқур англаган ҳолда, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда, ҳозирча асосан масофавий тартибда ишлашни йўлга қўйган.

Аммо, афсуски, жойларда ҳамкасбларимизнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари аҳён-аҳёнда бўлса ҳам учрамоқда. Шу муносабат билан мустақил, профессионал журналистика инқироз ҳақида аниқ, ҳаққоний далилларга асосланган ахборотларни тарқатиш орқали ҳар хил ёлғон-яшиқларни фош этишда етакчи роль ўйнаши омилига яна бир бор эътибор қаратиш жоиз, деб ҳисоблаймиз.

Шундай қилиб, матбуот эркинлиги қадрли неъмат эканига ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас. Ҳар қачон – айниқса, ҳозирги қалтис даврда ушбу неъматни топтамаслик, аксинча, имкон қадар асраб-авайлаш тақозо этилади.

Ғулом Мирзо,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech